Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:02

Ўзбек пенсионерлари пластикдаги нафақани нақд қилиш йўлини топди


Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Олтиариқ туманида нафақахўр отахон-онахонлар пластик карталарига ўтказилган пенсияларини нақд қилиш учун эртадан кечгача дорихоналар олдида туриб, нақд пул билан келган ҳаридорларни овлашмоқда. Пенсиялари юз фоиз пластик карталарига ўтказиб берилаётгани сабабли улар нафақаларини дорини ҳарид қилмоқчи бўлган ҳаридорлар ёрдамида нақд қилишга мажбур бўлмоқда.

Олтиариқлик тадбиркор Ҳамиджон Озодлик билан суҳбатда ўзи сотувчилик қиладиган дўкон ёнидаги дорихона олдида ҳаридорлардан пластик карточкасига туширилган пенсиясини нақд қилишга ёрдам сўраётган қариялар кўпайганини айтади.

- Пенсия гаштини суриши керак бўлган отахон, онахонларимиз аптекалар олдида пластикдан пул ечгани туришибди. Ким борса тиланчилардай “нақд пулингиз борми, мени пластикимдан тўлайверинг, менга нақд пулингизни бераверасиз“, деб пластикдан пулини ечиб оляпти, - дейди олтиқариқлик тадбиркор.

Пенсияларни нақд қилишнинг бу усули сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонда нафақаларни пластик карточкаларга ўтказиш кучайиши ортидан оммалашган.

Ҳозирда айрим вилоятларда нафақахўрларнинг пенсияси улар хоҳламасалар ҳам юз фоиз пластик карточкасига туришиб бериляпти.

Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесидаги “Саломатлик Барака” дорихонаси олдида ҳам ҳар куни ўндан зиёд нафақахўр турганини кўриш мумкин.

Сабаби дорихоналар терминаллар орқали ҳар қандай турдаги пластик карточкадан тўловни қабул қилиб олиши мумкин. Бундан ташқари фоиз ҳам олмайди.

- Ҳозир пенсионерларимиз нафақаси карточкага тушиши билан аптекаларга югуришади. Чунки, аптекаларда пластикдан фоиз олмайди. Дўконларда пластикдан 10 фоиз олади-да. Ҳозир қайси аптекани олдига борманг пенсионерлар туради. Улар ҳаридорлар ёрдамида ўзига керакли миқдорни ечиб олади, кетади. Айримлари оҳиригача туради. Апетекага нақд пулда дори олишга келганлар шу қарияларга савоб учун ҳам ёрдам беришади. Фоиз сўрайдиганлари ҳам бор. Ўн минг сўмлик дори олса тўққиз минггини нақдда бераман, дейдиганлар бор, улар шунга ҳам рози, - дейди фарғоналик Илҳомжон.

Фарғонанинг Қўқон шаҳрида яшовчи 67 ёшли пенсионер Ғаффорхон ота бир неча ойдан бери пенсия пули пластик карточкага ўтказилаётганини айтади.

- Бу пластик билан бозорга бориб егулик ҳарид қилолмайсиз-да. Ҳамма жойда нақд пул сўрайди. Озиқ-овқатни супермаркетлардан сотиб олай десанг, у ерда анча қиммат. Халқ банкига пенсия пулини нақд пул қилиб беришини сўраб ариза топширганимга қарамай, шу чоққача ҳеч қандай жавоб олганим йўқ. "Нақд пул йўқ", дейишади. Жуда оз қисмини нақд беришади, у етмайди-да. Ўзи 550 минг сўм нафақа олсам, шуни 30 фоизини нақд беряпти-да. Нафақани ўзи ҳеч нарсага етмаяптику, - дейди Ғаффорхон ота.

Ўзбекистонда пенсия билан таъминлаш масалалари 2010 йилдан буён Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси зиммасида бўлиб келмоқда.

Ўзбекистон Пенсия жамғармаси мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда нақд пул етишмовчилиги сабаб нафақахўрларга пенсияларининг 40 фоизи нақдда, қолгани пластикка ўтказиб берилаётганини айтди.

- Пенсия миқдори 60 фоизи пластик, 40 фоизи нақд бўляпти. Жуда эхтиёжмандларга аризасига қараб нақд миқдори кўпайтирилади, лекин асосан элликка-эллик ёки олтмиш фоизи пластик бўляпти, Юз фоиз пластикка олаётганлар ҳам бор, ўз хоҳишларига қараб бўляпти бу, - дейди Пенсия жамғармаси мулозими.

Ўзбекистонда қарийб 10 йилдан бери давом этаётган ойлик ва нафақаларни пластик карточкаларга ўтказиш жараёни сўнгги бир-икки йил ичида айниқса кучайди.

Аввал бюджет ташкилотлари ходимлари, жумладан ўқитувчи, шифокор, давлат корхоналари ишчилари маошлари, талабалар стипендиялари пластик картага ўтказилди.

Сўнгги ойларда эса, қариялар нафақаларини банк карталарига оммавий ўтказиш бошлангани ҳақда Озодлик аввал хабар берган эди.

Айрим вилоятларда эса пенсионерларнинг нафақаси пластикка ҳам вақтида тушмаяпти.

Ўтган йил Озодликка сиздирилган Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосарининг Бош вазир Шавкат Мирзиёевга йўллаган ҳисоботда мамлакат иқтисодида вужудга келган нақд пул тақчиллиги боисбанкларнинг ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани тўғрисида огоҳлантирилган эди.

XS
SM
MD
LG