Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:12

Фарғонанинг Чашмаси уч йилдан бери сувсизликдан азоб тортмоқда


Сўх Ўзбекистонга нисбатан эксклав, Қирғизистонга нисбатан анклав ҳисобланади.
Сўх Ўзбекистонга нисбатан эксклав, Қирғизистонга нисбатан анклав ҳисобланади.

Фарғона вилоятига қарашли Чашма қишлоғи фаоллари ва маҳаллий раҳбариятнинг уринишларига қарамай, уч йилдан бери Қирғизистон томони қишлоққа ичимлик ва суғориш сувини бермай келаяпти. Бунинг натижасида қишлоқдаги 360 хонадон ва фермерлар мунтазам сувсизликдан азоб тортмоқда.

Ўзбекистоннинг Сўх экславидаги Чашма қишлоғи ҳамда Қирғизистоннинг Бирлик қишлоғи ўртасида уч йил аввал бошланган сув жанжали шу кунгача давом этмоқда. Мазкур муаммони ҳал қилиш мақсадида ўзбек ва қирғиз маҳаллий расмийлари мунтазам учрашувлар ўтказиб бораётир. Лекин барча учрашувлар натижасиз якунланаяпти.

Фарғонанинг Чашмаси уч йилдан бери сувсизликдан азоб тортмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:21 0:00

60 минг аҳоли яшайдиган Сўх туманидаги манбанинг Озодлик радиосига билдиришича, 3 март куни чашмаликлар бу муаммони ҳал этиб бериш талаби билан Сўх туман ҳокимиятига келган. Туман ҳокимияти сув масаласини халқ дипломатияси йўли билан ҳал этиш учун Чашма қишлоғи фаоллари ва маҳаллий бошқарувига ваколат берган.

“Қирғиз томони чегарани тўсиб турган симларни кесиб, ўзларига йўл очиб берилишини талаб қилаяпти. Агар шу талабни бажарсанглар сув берамиз дейишди. Бугун чашмалик бир гуруҳ фаоллар Сўх туман ҳокимиятига келиб, бу масалани чегарачилар билан ҳамкорликда ҳал қилиб беришни илтимос қилди. Бироқ чегара симларини узиб, қирғиз томонига йўл очиб бериш масаласини туман ҳокимияти ҳам, чегарачилар ҳам Тошкентнинг кўрсатмасисиз ҳал қилиб бера олмайди. Чашмаликларнинг асосий мақсади арз-додини Тошкентга етказиш”, деди Сўх туманидаги ер ва сув масаласи билан шуғулланувчи давлат идорасида ишловчи манба манба.

Чашма қишлоғида яшовчи Камоллиддин Азимовнинг айтишича, қирғиз томони билан 3 март куни эрталабдан кечгача олиб борилган сўзлашувлар натижасида сув муаммоси деярли ҳал бўлган. Чашмаликлар сув эвазига қирғиз қишлоғидаги бир оилага йўл очиб беришга рози бўлган. Фақат бу оилага берилган йўлни чегарадан ажратиб туриш учун тиконли сим топиш муаммо бўлмоқда.

-Халқ дипломатияси йўли билан бу масала ҳал бўлди. Ҳозир 15 та устун, 500 метр тиконли сим керак бўлаяпти. Ҳозир ўшани топиш муаммо. Ҳозир биз бу нарсаларни қаердан олиш йўлларини излаяпмиз. Шу нарсаларни топсак, ўзимиз ҳашар йўли билан қирғиз томони талаб қилган йўлни очиб, чегарани беркитиб оламиз, -деди Камоллиддин Азимов.

Икки давлат чегарасидаги қишлоқларда сув можароси уч йил аввал Қирғизистоннинг Бирлик қишлоғи аҳолиси чегаранинг аниқланмаган ҳудудидан ўз ҳамқишлоқларидан бирининг уйига йўл очиб беришни талаб қилгани ортидан келиб чиққан.

Уч йил давомида Ўзбекистон томони бир қирғиз оиласига йўл очиб бера олмагани ортидан Чашма қишлоғидаги 360 хонадон ичимлик сувисиз, ўнлаб гектар экин майдонлари эса суғориш сувисиз қолган.

Қирғизистоннинг Бирлик қишлоқ ҳукуматига қарашли Чечме қишлоғи раиси Абдуманноб Маматқулов 3 март куни Озодлик радиосига берган суҳбатида улар Сўх тумани Чашма қишлоғи аҳолиси билан муросага келганини, бироқ чашмаликларга сув фақат шартлар бажарилганидан сўнггина берилишини маълум қилди.

-Қирғизистон фуқаросининг уйига кирадиган йўл йўқ бўлиб қолган. Бу йўлни Ўзбекистон тўсиб қўйган. Шу бир оилага йўл очиб берилиши масаласи 3-4 йилдан бери ҳал бўлмай келаётган эди. Ҳозир муросага келдик. Бироқ Ўзбекистон томони шартимизни бажариб, қирғиз фуқаросининг уйига йўл очиб бериб, бу йўлни чегарадан ажратиб турувчи тўсиқларни ўрнатганидан кейингина биз сув берамиз,- деди Абдуманноб Маматқулов.

Сўх туманидаги ер ва сув масаласи билан шуғулланувчи давлат идорасида ишловчи манба манба чегаранинг аниқланмаган ҳудудудида жойлашган булоқдан Қирғизистон томонига иккита ариқда, Ўзбекистон томонига эса тўрт-бешта ирригация системаси орқали сув кетаишини айтди. Бу булоқдан Сўх туманиниг 45 фоиз аҳолиси уйларига ичимлик суви водопровод қувурлари орқали етиб боради. Аммо Ўзбекистонниг Чашма қишлоғига булоқ суви Қирғизистон ҳудудидан ўтувчи ариқ орқали берилади. Бу ариқнинг тўсиб қўйилиши ортидан эса уч йилдан бери 360 хонадон ичимлик ва суғориш сувисиз қолмоқда. Бунинг оқибатида йил сайин экинзорлар қуриб, чашмаликлар сувни бир неча чақирим наридаги қишлоқлардан ташимоқда.

XS
SM
MD
LG