Линклар

Шошилинч хабар
29 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:13

Тошкентдаги мебель кўргазмасида чинордан ясалган анжомлар кўз-кўз қилинди


Ўтган ҳафта Тошкентда “МеbelExpo Uzbekistan-2016” халқаро кўргазмаси ўтказилди. Атроф муҳит муаммоларини ёритувчи тошкентлик блогернинг ёзишича, “Мебель, ишлаб чиқариш технологиялари, интерьер ва дизайн” мавзусига бағишланган тадбирда чинорлардан ясалган мебель кўргазмага қўйилган. Блогер Наталия Шулепина шу муносабат билан Тошкент ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида чинор дарахтларининг оммавий тарзда кесилаётгани муаммосини эслатди. Озодликка маълум бўлишича, Тошкентда мебель ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган ўнлаб корхоналарда энг ҳаридорбоп маҳсулот айнан чинордан ясалмоқда.


“МеbelExpo Uzbekistan-2016” халқаро кўргазмаси 2-4 март кунлари ўтказилди. Стол, стул ва бошқа турдаги анжомлар кўз-кўз қилинган мазкур тадбирда, расмий маълумотларга кўра, 15 мамлакатдан 90дан ошиқ ширкат иштирок этган.

13-халқаро кўзргазманинг катта қисми Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан тўлдирилгани айтилмоқда.

Блогернинг ёзишича, бу стуллар ҳам чинордан ясалган
Блогернинг ёзишича, бу стуллар ҳам чинордан ясалган

Кўргазмага борган sreda.uz блоги асосичиси Наталия Шулепина маҳаллий корхоналар намойиш қилаётган анжомларнинг катта қисми чинор дарахтларидан ясалганига эътибор қаратди.

Блог муаллифи маҳаллий ишлаб чиқарувчи асосан чинорларни ишлатаётгани мамлакат бўйлаб шаҳар ва туманларда чинор дарахтларининг кесилаётгани сабабидир, деган тахминни ҳам илгари суради.

“Маҳаллий саноатни ёғоч билан таъминлаш учун саноат плантациялари барпо қилиш чораси кўрилмаса, Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларида ҳали кўп чинор ва ёнғоқ дарахтлари кесилишини кутиш мумкин. Маҳаллий ёғоч саноати ҳақида "МеbelExpo Uzbekistan-2016" кўргазмасида маълумот берилмади”, дея ёзди Наталия Шулепина.

Халқаро кўргазмага қўйилган анжомлар айнан Тошкент ва бошқа шаҳардарда кесилган чинорлардан ясалганини таъкидлашга етарли асос йўқ, албатта. Лекин маълум бўлишича, Ўзбекистондаги мебель ишлаб чиқарувчи юзлаб корхоналарнинг, ҳақиқатан, Ўзбекистонда ўсадиган чинор ва ёнғоқ ёғочини ишлатишни маъқул кўриши эътиборлидир. Сабаби чинор Россиядан келтириладиган қарағай, тилоғоч каби дарахтлардан кўра мустаҳкамроқ ва гули ҳам чиройлироқдир, дейди соҳа мутахассислари.

"МеbelExpo Uzbekistan-2016" кўргазмасига маҳсулотларини олиб чиққан ширкатлардан бирининг вакили Озодлик билан ўзаро суҳбатда, чинор ва ёнғоқдан ясалган анжомларнинг бозори энг чаққон, дея таъкидлади.

“Ҳозир кўпчилик асосан ўзимизда етиштириладиган чинор ва ёнғоқни сўрашяпти. Чунки яхши ишлов берилган чинордан ясалган мебель жуда, чиройли, мустаҳкам бўлади ва кўп йиллар хизмат қилади. Лекин биз Тошкентда кесилган чинорларни ишлатмаймиз, бизда фақат водийдан (Фарғона водийсидан-таҳр.) келган чинор ва ёнғоқлар ишлатилади. Чинор билан ёнғоқдан ясалган мебель нархи деярли бир хил, кўриниши, дизайнига қараб. Масалан чинордан ясалган стул 450 минг сўмдан 2 миллион сўмгача туриши мумкин”, дейди мебель корхонаси вакили.

Мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган яна бир тошкентлик хусусий тадбиркорнинг айтишича, мебель корхоналари чинор ва ёнғоқни Россиядан олиб келинадиган қарағайдан уч баробар қимматроққа сотиб олади.

“Чинор ва ёнғоқ қирмматроқ туради. Россиянинг соснаси (қарағай-таҳр.) бир куб метри 300 доллар туради. Ёнғоқнинг бир куби 1000-1200 доллар бўлади. Чинор камида 900 доллар. Ясень (шумтол-таҳр.) 800 доллар бир куби. Чинорнинг қимматлиги унинг сифати билан боғлиқ. Тўғри қуритиб, ишлов берилса, жуда мустаҳкам бўлади, текстураси жуда чиройли бўлади. Нархи ҳам шунга яраша”, дейди уста.

Ўтган ойда чинор кесилишидан норози чилонзорликлар кўчага чиқди
Ўтган ойда чинор кесилишидан норози чилонзорликлар кўчага чиқди

Унинг айтишича, мебель ишлаб чиқарувчи цехлар хом ашёни ёғоч савдоси билан шуғулланадиган юзлаб фирмалардан сотиб олишади. Улар ёғочни қаердан олаётгани масаласи мебель ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга дахлдор эмас, дейди суҳбатдош.

“Ёғоч сотадиган фирмалар ҳозир жуда кўп. Чунки бунга эҳтиёж катта. Мебель цехларидан ташқари, Тошкентда қурилиш жуда кўп. Ҳаммага ёғоч керак. Биз олаётган ёғоч, водийдан келишини биламиз. Лекин Ўзбекистонда ўсадиган чинор бир хил бўлади. Водийдагиси билан Тошкентдагисининг сифати бир хил. Орасида Тошкентда кесилгани қўшилиб сотилаётган бўлса, биз буни билмаймиз. Бизга фарқи йўқ”, дейди мебелсоз.

Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларида бир неча юз йиллик чинорларнинг кесилиши сўнгги бир неча йилнинг ҳодисасига айланди. Бу ҳолат эса ёзда чинор сояси ва чиройига ўрганиб қолган ўзбекистонликлар эътирозига сабаб бўлди.

Чилонзорликлар чинор кесгани келган ишчиларнинг йўлини тўсиб олишди

Айниқса, сўнгги бир неча ойда Тошкентнинг бир неча даҳасида чинорзорларнинг йўқ қилинишига қарши маҳаллий аҳоли кескин нророзилик билдирди.

Январь ойида тошкентликлар шаҳарда чинорларнинг кесилишига қарши Ўзбекистон ҳукуматига петиция билан мурожаат қилган бўлса, ўтган ойда Чилонзор туманидаги кўп қаватли уйлар ўртасидаги чинорларнинг кесилишига қарши маҳаллий аҳоли кўчага чиқди.

Мазкур ҳолат ижтиомий тармоқлар ҳамда Озодликда ёритилиши натижасида, Чилонзорда дарахтларнинг йўқ қилиниши ортида “Murаd Buildings” девелоперлик ширкати тургани фош бўлди. Шундан кейин мазкур ширкат раҳбари Мурод Назаров ҳар бир кесилган чинор учун товон пули тўлашга тайёрлигини баён қилди.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакат бўйлаб чинорларнинг кесилишини ободонлаштириш важи билан изоҳлаб келади. Лекин кесилаётган минглаб чинорлар қаерга олиб кетилаётгани борасида шу пайтгача изоҳ берилгани йўқ.

XS
SM
MD
LG