Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:26

Швеция суди Обид қорига суиқасд ишида яна бир ўзбекни ҳибсга олишга ордер берди


Тигран Каплановнинг судга тақдим қилинган ва сохта экани тахмин қилинаётган паспортидан нусха.
Тигран Каплановнинг судга тақдим қилинган ва сохта экани тахмин қилинаётган паспортидан нусха.

Остершунд суди ўзбекистонлик уламо Обид қори Назаровга суиқасд иши тергови доирасида асли ўзбекистонлик Россия фуқароси Тигран Капланов (Умид Аминов)ни ҳибсга олишга ордер берди. 4 март кунги маҳкама қарори билан бу шахс Обид қорини отган Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковскийни ёллаш ва унинг суиқасд ижроси билан боғлиқ сарф-ҳаражатларини тўлашда гумон қилинмоқда. Капланов номи айни пайтда Истанбулда отиб кетилган ўзбекистонлик имом Абдуллоҳ Бухорий ишида ҳам асосий фигурантлардан бири сифатида кўрилмоқда.

"Капланов Жуковскийни ёллаган"

Остершунд судининг Озодлик тасарруфига келиб тушган 4 март кунги қарорида 37 яшар Россия фуқароси Тигран Капланов (шунингдек, Умид Аминов номи билан танилган) шахс Швециядан бошпана олган ўзбекистонлик имом Обид қори Назаровни ўлдириш учун Юрий Жуковскийни ёллагани даъво қилинган.

Остершунд суди қарори
Остершунд суди қарори

Қарорда айтилишича, Капланов-Аминов 2011 йил ноябридан 2012 йилнинг февралига қадар Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковскийнинг Швецияга бориши учун виза олиб бериш ва у ерда Обид қорини топиши билан боғлиқ сарф-ҳаражатларни тўлашда гумон қилинмоқда.

Швеция матбуотига интервью берган прокурор - Обид қорига суиқасд уринишини тергов қилаётган Кристер Петерссон Каплановнинг ҳозир Россияда эканини тахмин қилмоқда.

Бу ҳукм асосида энди швед ҳуқуқ-тартибот идоралари Тигран Каплановнинг Швецияга экстрадиция қилинишини Россиядан расман талаб қилиши мумкин.

"Каплановнинг Швецияга экстрадицияси осон бўлмайди"

Швед матбуотига интервью берган Петерссон: "Агар шундай бўлса (Капланов Россияда бўлса - таҳр.) унинг Швецияга экстрадиция қилинишига эришиш осон кечмайди", деди.

Остершунд суди қарори
Остершунд суди қарори

Петерссон Тигран Капланов (Умид Аминов) номини ўзбекистонлик имом Обид қори Назаровга нисбатан 2012 йилнинг февралида амалга оширилган суиқасдга оид тўртта маҳкаманинг барчасида тилга олди.

Хусусан, суиқасд ижрочиси сифатида судланган Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковский ҳам маҳкамаларда Капланов-Аминовни таниши ва у билан алоқада бўлгани, унинг кўмагида Швецияга келганини тасдиқлаган.

"Жуковский Капланов билан алоқасини тасдиқлаган"

Маҳкамаларда бошдан-оёқ иштирок этиб келаётган Довудхон Обидхон ўғлига кўра, Обидхон қорининг ҳимояси Тигран Каплановнинг суратини Жуковскийга кўрсатган:

- Ўшанда Жуковский бу шахсни танишини тан олган. "Менга ҳамма ҳужжатларни шу шахс берган, мен ҳужжатларни унга обориб топширганман, ҳужжатларнинг ҳаммасини менга Капланов қилиб берган", деб айтган эди, - дейди Довудхон Обидхон ўғли.

Озодлик ихтиёридаги маълумотларга кўра, 37 яшар Тигран Капланов асли Ўзбекистон фуқароси Умид Аминовдир. Унда Қирғизистон ва Россиядан олинган сохта паспортлар борлигига оид маълумотлар Озодлик тасарруфида мавжуд. Шунингдек, прокурор Кристер Петерссон ҳам Каплановга оид кўрилган Россия паспортининг сохта эканини эҳтимолдан соқит қилмаётир.

Муҳими, айни шахснинг номи Истанбулда ўзбекистонлик имом Абдуллоҳ Бухорийга нисбатан суиқасд устидан бораётган маҳкамада тилга олинмоқда.

"Тепкини босганга 200 минг доллар берилган"

Туркиядаги нуфузли Yeni Shafak газетасида босилган Тепкини босганга 200 минг доллар берилди” сарлавҳали мақолада иддао қилинишича, Истанбулнинг Бақиркўй туманидаги оғир жазо маҳкамасида бўлаётган судда ҳам Тигран Капланов (Умид Аминов) қотилликларни пул билан таъминлаган ташкилотчи сифатида илгари сурилмоқда.

Истанбул судидаги даъвога кўра, ўзбекистонлик имом Абдуллоҳ Бухорийни отган Туркия фуқароси Элдор Аслонга 200 минг АҚШ доллари миқдорида пул тўланган.

Истанбул маҳкамасида Швеция ва Туркиядаги ўзбекистонлик имомларни ўлдириш учун 20 кишилик киллерлар гуруҳи ёллангани ва буни ташкил қилган бир неча ўзбекистонлик номи тилга олинмоқда.

Битта айбдор умрбод қамоқ жазосини олди

Швециядаги суиқасднинг ижрочиси сифатида айбдор топилган Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковскийга Сундсвал шаҳар суди 1 март куни умрбод қамоқ жазосини берди.

Швеция прокурори Кристер Петерссон Обид қори Назаров иши бўйича айблов хулосасида Ўзбекистон ҳукуматини тўғридан-тўғри айбламаган бўлса-да, Жуковский суиқасдни “Ўзбекистон ҳукумати буйруғига кўра” амалга оширгани хусусидаги иддаоларни илгари сурганини билдирган.

58 ёшли Обид қори Назаров 2012 йилнинг 22 февралида Швеция шимолидаги Стромсунд шаҳарчасида ўз уйи йўлагида томонидан отиб кетилган.

Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бўлган Обид қори Назаров ўшандан буён шифохонада ётибди.​

XS
SM
MD
LG