Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:31

Ирригация институти талабалари пахтага чиқмагани учун ўқишдан ҳайдалиши мумкин


Тошкент Ирригация ва мелиорация институтининг ўтган йилги мавсумда пахтага бормаган ўнлаб талабаси ўқишдан ҳайдалиш хавфи остида қолган. Институтнинг Гидромелиорация ҳамда Гидротехника иншоотларини қуриш факультетлари юқори курс талабаларининг Озодликка айтишича, пахтага бормаган талабалардан деканлар пул талаб этмоқда. Пул бермаган талабалар рейтинг дафтарчасига баҳолари қўйиб берилмаслиги ва ўқишдан ҳайдалишлари ҳақида огоҳлантирилган.

Институтнинг Гидромелиорация факультети 4- босқич талабаси Озодлик билан суҳбатда бу ҳақда шундай деди:

- Ҳозир декан зачеткамизни олиб қўйган. Балларимизни шу дафтарчага қўйдиролмаяпмиз. "Пахтага бормагансан, пахта термагансан, сенинг ўрнинга биз топширганмиз, шуни пулини берганмиз", деяпти. "Шунинг учун пул берасан, бўлмаса ота-онангни олиб келасан", деб дўқ қиляпти. Акс холда зачёткаларимизни ололмас эканмиз, - дейди исми сир қолишини сўраган ТИМИ талабаси.

Институтнинг бошқа бир талабаси ҳам пахтага бормагани учун декан рейтинг дафтарчасини олиб қўйгани, баллари дафтарчага қўйилмаса имтиҳонга киритилмаслиги ва оқибатда ўқишдан ҳайдалиши мумкинлигини айтади.

- Зачеткани бермаса фанлардан балларни ололмаймиз. Баллар қўйилмагандан кейин давлат имтиҳонига ҳам қўйишмайди. Имтиҳонга қўйишмаса ўқишдан ҳайдашади ёки кейинги йилга қолиб кетишимиз мумкин. Ҳозир юздан зиёд талабанинг зачеткаси олиб қўйилган, - дейди Тошкент Ирригация ва мелиорация институтининг Гидротехника иншоотларини қуриш факультети 4- босқич талабаси.

Озодлик талабаларнинг шикояти юзасидан Тошкент Ирригация ва мелиорация институти ректоратига боғланди.

Ректорат масъулларидан бири институтда пахта терими талабалар учун ўқув амалиёт машғулотларига тенглаштирилгани ва унда қатнашмаган талабалар фанларни тўлиқ ўзлаштирмаган ёки дарсга тўлиқ қатнашмаган талаба сифатида малакаланишини айтди.

Мулозим пахтага бормаган талабалардан пул таъма қилинаётгани ҳақидаги иддаоларни рад этди.

- Бизда пахта ўқув амалиётидир. Пахтага бормагани амалиёт ўтамаган, дегани. Демак, талаба қарздор ҳисобланади, буни отработка қилиб бериши керак бўлади, - деди ТИМИ мулозими.

Озодлик институтнинг юқорида тилга олинган факултетлари деканлари билан болана олмади.

Институтнинг ички қоидаларига кўра, қарздор талаба ўқишдан четлатилиши ёки кейинги босқичга ўтказилмаслиги мумкин.

Ўзбекистонда ўқув йили бошланиши билан олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари талабаларини пахта теримига сафарбар қилиш анъанага айланган.

Тошкентдаги Ирригация ва мелиорация институти ва Қишлоқ хўжалик университети талабалари пахта теримига биринчилардан бўлиб олиб чиқилади.

Арзон гаров меҳнат кучи деб кўриладиган талабалар ўқиш бир четда қолиб, бир неча ой мобайнида пахта теради.

- Пахта теримининг ўқиш жараёнига қандай алоқаси бўлиши мумкин? Мақсад бу ерда талабалардан текин ишчи кучи сифатида фойдаланиш, - дейди ТИМИ талабаси.

XS
SM
MD
LG