Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:14

Сўх-Фарғона автобуси Қирғизистон ҳудудида 8 ёшли болани уриб кетди


Ўзбекистоннинг Сўх эксклавидан вилоят маркази бўлган Фарғона шаҳрига қатнайдиган автобус Қирғизистоннинг Боткен вилоятида 8 ёшли болани уриб кетди. Ҳодиса оқибатида бола нобуд бўлганидан сўнг маҳаллий аҳоли вакиллари автобусни тошбўрон қилдилар.

Ўзбекистонлик автобус ҳайдовчисининг қирғизистонлик 8 ёшли болани уриб кетиши билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси 16 март куни Қадамжой туманидаги Ўрўзбеков қишлоғи ҳудудида содир бўлган. Бу ҳақда Қирғизистон ахборот агентликлари Қадамжой туман ички ишлар бўлими маълумотига асосланган ҳолда хабар тарқатдилар.

Хусусан, Turmush сайтининг хабар қилишича, Сўхдан Фарғонага кетаётган автобус уриб кетган бола воқеа жойида жон берган. Нобуд бўлган боланинг жасади Қадамжой туман ҳудудий касалхонаси моргига етказилган. Мазкур ҳодиса юзасидан суд-тиббий экспертиза тайин қилинган.

Агентликнинг воқеа гувоҳлари сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, йўл-транспорт ҳодисасидан кейин қишлоқ аҳли автобусни тошбўрон қилишга киришган. Кейин эса автобус Қадамжой туман ички ишлар бўлимининг жаримали қароргоҳига олиб келиб қўйилган.

Ҳодисадан сўнг авария содир бўлган жойда Ўзбекистонга қарашли автомобиллар ҳаракатига чеклов жорий қилинган. Қадамжой туман ҳокими Акрам Мадумаров қирғизистонликлар Фарғона вилоятидан Сўх эксклавига кетаётган автомобилларни ўтказмаётгани, Қирғизистон автомобилларининг ўтиши учун эса ҳеч қанақа тўсиқ йўқлигини айтган.

“Нохуш ҳодиса содир бўлган жойда вазият осойишта. Қишлоқ ҳукумати раиси воқеа жойида юрибди. Ўзбекистон фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида транзит йўли бўйлаб автомобилларнинг ўтишига тақиқ жорий қилинди. Воқеа юзасидан текширув ўтказилмоқда”, деган Қадамжой туман ҳокими Акрам Мадумаров.

Қирғизистон ичкарисида жойлашган ва Ўзбекистон бошқа ҳудудларидан ажраб қолган Сўх эксклавида вақти-вақти билан қўшнилар билан тушунмовчиликлар келиб чиқиб туради.

Чегара-ўтказиш масканидаги муаммолар, сув жанжали ёки йўлдаги ГАИчиларнинг таъмагирлиги кабилар ана шуларнинг айримларидир.

Аммо жанжалларнинг энг каттаси 2012 йил январь ойида содир бўлган. Ўшанда Қирғизистон чегарачилари Сўх анклави ҳудудида симёғоч ўрнатишга ҳаракат қилган пайтда маҳаллий аҳоли норозилик билдирган ва ўртада чиққан жанжал ортидан қирғиз расмийлари Сўх анклавига борувчи энг яқин Риштон шоҳ йўлини беркитиб қўйган эди.

Бу йўл тўрт йилдан буён бутунлай ёпиқлигича қолмоқда. Сўхликлар эса аввалги 20 километр ўрнига, Қирғизистон ичкарисидан 100 километр йўл босиб, Риштон ва Фарғонага боришга мажбур бўлаётганди. 8 яшар бола уриб юборилган Ўрўзбеков қишлоғи ҳам шу узун йўл ёқасида жойлашган.

XS
SM
MD
LG