Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:19

Жиззахда “Авакян+4” иши бўйича апелляция маҳкамаси кутиляпти


Жиззахда армани фермер Арамаис Авакян ва у билан бирга "Исломий Давлат" жангари гуруҳига алоқадорликда айбланиб, 5 йилдан 12 йилгача муддатларга қамалган тўрт шахс - Фурқат Жўраев, Бектемир Умрзоқов, Дилшод Олимов ва Акмал Маматмуродовлар иши бўйича вилоят судида апелляция маҳкамаси бўлиши кутиляпти.

Маҳкумларнинг адвокатлари суд ҳукми қайта кўриб чиқилиши талаб этмоқда.

Фурқат Жўраеванинг онаси Маҳтума Жўраева Озодлик билан суҳбатда ўғли ИШИДга аъзолигини бўйнига олиши учун тергов изоляторида қийноқларга солинганини айтган.

Судланувчилар Ўзбекистон Жиноят кодексининг қўпорувчилик, ўғрилик, диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш каби моддалари билан айбланган.Миллати арман бўлган Авакяннинг насроний бўлишига қарамасдан ИШИДга алоқадорликда айбланаётгани Арманистон ҳукуматини ҳам четда қолдирмади.

Арманистон Миллий мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича доимий комиссияси раиси Элинар Варданян Ўзбекистон парламентининг ҳуқуқий масалалар билан шуғулланувчи комиссияси раисига жиззахлик фермер Арамис Авакяннинг тақдири юзасидан ташвиш билдириб, мурожаат қилгани тўғрисида Озодлик радиоси арман хизмати хабар қилди.

Ундан аввал эса Арманистон Омбудсмани ҳам ўзбекистонлик ҳамкасбига Авакяннинг тақдири борасида ташвиш билдириб, хат йўллаган эди.

XS
SM
MD
LG