Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:52

Ўзбек муҳожирларининг аксари "мигрант касали"га айланган силдан бехабар


24 март куни Силга қарши халқаро кураш куни нишонланди. Инсоният учун ўта хавфли бўлган бу касалликка жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида ўтказиладиган бу кун муносабати билан Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари Халқаро федерацияси томонидан Москвада “Сил касали чегара билмайди: биргаликда инфекцияни тўхтатайлик” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

“Новости” ахборот агентлиги идорасида ўтказилган йиғилишга келганлар эътибори силни тарқатишда асосий омилга айланиб бораётган меҳнат миграцияси масалаларига қаратилди.

Ирина Васильева
Ирина Васильева

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фтизиатрия бош мутахассиси Ирина Васильева дунёда йилига 1,5 миллион одам сил қурбони бўлаётганини айтди. У Россия вазирлигида бу касалликка қарши курашга катта эътибор қаратилаётгани ва сўнгги йилларда бу кураш ижобий натижа бера бошлаганини маълум қилди:

- Биз бу курашни бир лаҳзага ҳам тўхтатганимиз йўқ. Биз бу соҳада силнинг тарқалиши ва унинг ОИТС билан бирга туғдираётган хавфи тўғрисида яхши тасаввурга эгамиз. Халқаро ташкилотлар ва бизнинг Фтизиатрия бўлимимиз сайи-ҳаракатлари туфайли охирги йилларда сил касаллари сони, масалан, қамоқхоналарда 11 дан 9 фоизга тушганини эслатишим мумкин, деди Ирина Васильева.

Россия Тиббиёт Фанлари Академиясининг Силга қарши кураш марказий илмий тадқиқот институти директори муовини Ольга Демихова маърузаси анжуманнинг асосий чиқишига айланди.

Муассаса вакиласи ўтган йилнинг 8 ойи давомида меҳнат муҳожирлари орасида сил ва ОИТС касалликлари тўғрисидаги билим-тасаввурларни аниқлашга бағишланган тадқиқот натижаларини журналистлар эътиборига ҳавола қилди:

- БМТ берган таърифга кўра, “мигрант” деб ўзга юртда бир йилдан ортиқ яшайдиган одамга айтилади. У кўнгилли ва мажбурий бўлиши мумкин. Силга қарши 2014 йилнинг май ойида Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясида қабул қилинган глобал стратегияда мигрантларни бу тадбирга жалб қилишни фаоллаштириш белгиланган, деди Демихова.

Даврон Муҳамадиев - анжуман ташкилотчиларидан бири
Даврон Муҳамадиев - анжуман ташкилотчиларидан бири

Анжуман ташкилотчилари ўзбек расмийлари бу изланишлар Ўзбекистонда ўтказилишига қарши чиққани сабабли ўзбекистонликлар учун сўров Қозоғистонда ўтказилганини билдиришди.

Тадқиқотчи олимлар Россияда меҳнат муҳожирларининг асосий қисмини ташкил этувчи ўзбекистонликларнинг аксари (66%), тожик ва қирғиз минтақадошларидан фарқли ўлароқ, мавсумий ишга чиқишлари, 5 фоизигина узоқ муддат уйга бормасдан ишлашини аниқлади.

Сўровда респондентлар берган жавоблардан ўзбекистонликларнинг 67 фоизи қурилишда ишлаши, улардан атиги 11,8 фоизигина иш берувчи билан шартнома битгани маълум бўлди.

Ольга Демихова оғир шароитларда гуруҳ-гуруҳ бўлиб яшаш, зарурий тиббий хизматлардан фойдалана олмаслик, доимий стресс ҳолатида яшаш ҳамда сифати паст озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиши оқибатида меҳнат муҳожирлари орасида сил ва бошқа оғир юқумли касалликлар тарқаши одатий ҳолга айланганини таъкидлади.

Мутахассисга кўра¸ меҳнат миграцияси бугунги кунда сил касалини тарқатишда асосий омиллардан бирига айланиб улгурган.

Шунингдек, тиббиёт ходимлари айнан ўзбекистонлик муҳожирлар сил касали борасида етарли бўлмаган ёки мутлақо маълумотга эга эмаслар кўплигини очиқлади: 43 фоиз Ўзбекистон фуқароси сил касали тўғрисида эшитмаганини билдирган. Қирғизистонликлар орасида бу кўрсаткич атиги 10 фоизни кўрсатган.

Нима сабабдан айнан ўзбек ишчи мигрантлар орасида сил тўғрисида хабардорлар кам?”, саволимизга Ольга Демихова буни Марказий Осиё мамлакатлар ичқарисидаги профилактика ишлари билан боғлиқлигини таъкидлади:

- Негадир, айнан Ўзбекистонда одамларда бу ҳақда маълумот етарли эмас. Энг асосийси, сил масаласи бўйича профилактика ишларини нафақат Ўзбекистон, балки Россия, Тожикистон ва бошқа мамлакатларда кучайтириш лозим. Одамларнинг бу ҳақда савия- даражасини ошириш муҳим, деди тиббиёт институти ходимаси.

Анжуманда сил касали билан бирга ҳаёт учун ўта хавфли бўлган ОИТС касаллигига бугунги кунда Россияда 2000 дан зиёд хориж фуқароси йўлиққани билдирилди.

Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари аъзолари сил ва ОИТС касалликлари борасида, унга қарши кураш ва профилактика масаласида ўзбекистонлик муҳожирлар орасида тушунтириш ишлари янада жадаллаштирилиши зарурлигини тавсия қилди.

................................

2014 йилда Россия тиббиёт-профилактика муассасаларида қайдда турган 200 мингдан зиёд силга чалинганлардан 11 300 нафари ҳаётдан кўз юмган.

Силга қарши халқаро кураш куни 1982 йилдан буён нишонланиб келади. Бу сана силни қўзғатувчи “Кох таёқчалари” кашф этилишининг 100 йиллиги муносабати тайинланган.

Сил касали бугунги кунга келиб “ диагностика ва тиббиёт эришган сўнгги ютуқлар туфайли даволанадиган” касалликлар қаторига киритилган.

XS
SM
MD
LG