Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:00

Тожик-афғон чегараси: Гаровдаги тожикистонликлар ҳали ҳам озод этилгани йўқ


Тожик-афғон чегараси.
Тожик-афғон чегараси.

Тожик расмийлари 25 март куни афғонистонлик контрабандачилар томонидан гаровга олинган икки фуқаронинг озод қилишини бўйича музокарани давом эттирмоқда.

Бу ҳақда 28 март куни Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари бош бошқармаси матбуот котиби Муҳаммаджон Улуғхўжаев билдирди.

- Бу музокаралар ижобий натижа билан тугайди, деб умид қиламиз, - деди Улуғхўжаев Озодликнинг тожик хизматига берган суҳбатида.

Маълумотларга кўра, Афғонистоннинг Бадахшон вилояти раҳбари тожикистонлик икки фуқарони озод қилиш бўйича махсус гуруҳ тузишни буюрган. Бадахшон вилоят губернатори матбуот котиби Аҳмаднаби Фурутун ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан иборат бу махсус гуруҳ тожикистонликларни бирор-бир шартсиз озод қилишга ҳамда уларни соғ-омон ватанига қайтаришга ҳаракат қилишини маълум қилди.

- Биз йўл қурилишида ишлаётган бу икки фуқарони контрабандачилар гуруҳи гаровга олганини аниқ айта оламиз. Уларнинг шахси аниқланди. Гаровдагилар олиб кетилган Бадахшон вилоятининг Хохон тумани энг тинч туманлардан бири бўлиб ҳисобланади, у ерда толиблар ҳам бошқа террор гуруҳлари ҳам йўқ. Умид қиламанки, Тожикистон фуқароларини озод қилиш масаласи тез орада ҳал этилади, - деди Бадахшон губернаторининг матбуот котиби.

Даштижум жамоати раиси Сирож Зиёев тожикистонликларнинг гаровга олиниши афғонистонлик бангфурушларнинг ҳибсга олинишига ўзига хос жавоб бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

- Икки кун олдин Тожикистон чегара қўшинлари икки бангфурушни қўлга олишганди. Бунга жавобан контрабандачилар бизнинг икки фуқароимизни ўзлари билан олиб кетган бўлишлари мумкин, - деди Зиёев.

Бу нохуш ҳодиса 25 март куни Тожикистоннинг Афғонистон чегарасига яқин бўлган Шўрабод туманидаги йўл қурилиши кетаётган жойда содир бўлганди.

Афғон контрабандачилари томонидан амалга оширилган қуролли ҳужум чоғида Шўрообод-Шоҳон автойўли қурилиш лойиҳаси ҳайдовчиси Давлатжон Ёқубов ярадор бўлган, йўл қурилишида ишлаётган икки киши эса гаровга олиниб, Панж томонга ҳайдаб кетилган.23 ёшли даштижумлик ҳайдовчи Кўлоб касалхонасига ётқизилган.

Узунлиги 40 километрни ташкил қилган Шўрообод-Шоҳон автойўли Туркиянинг Tekar ширкати томонидан қурилмоқда.

Жума кунги ҳужум сўнгги йигирма кун ичида Тожикистонга афғонистонликлар томонидан амалга оширилган қуролли ҳужумларнинг иккинчисидир. 5 март тонгида “Панж” чегара масканида тожикистонлик чегарачилар ва чегарадан ўтган 9 нафар афғонистонликдан иборат қуролли гуруҳ ўртасида қуролли тўқнашув юз берганди. Ўшанда тожикистонлик бир чегарачи ҳалок бўлган.

Тожикистон билан Афғонистон ўртасидаги чегара тақрибан 1,5 минг километрга узанган. Афғонистоннинг Тожикистонга чегарадош айрим туманлари сўнгги пайтларда экстремистик гуруҳлар назоратига ўтган. Тожик расмийлари Афғонистон билан чегарадаги вазият назорат остида экани ва чегаранинг нариги томонидан келадиган хавф-хатарга қарши тура олишларини доим таъкидлаб келадилар.

XS
SM
MD
LG