Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:34

Ўзбекистондаги махфий туннелнинг Қирғизистонга чиқадиган жойи топилмаяпти


Ўзбек-қирғиз чегарасини тиконли сим билан тўсаётган чегарачилар.
Ўзбек-қирғиз чегарасини тиконли сим билан тўсаётган чегарачилар.

Ўзбекистондан Қирғизистонга қазилгани айтилаётган 110 метрлик ер ости йўлининг Қирғизистонга чиқадиган туйнуги топилгани йўқ. Бу ҳақда 29 март куни Қирғизистон Чегара хизмати маълум қилди. Бир неча кун олдин бу туннелдан Ўзбекистон томонига экстремистлар ўтгани ва туннел ошкор этилгач ўзбек томони Қирғизистон билан чегараларни ёпгани хабар қилинган эди.

Қирғизистон Чегара хизматининг билдиришича мазкур хабар пайдо бўлганидан сўнг чегараолди ҳудудида махсус текширув ишлари ўтказилган. Чегара хизмати расмийси Сажира Чўқўлўева чегарадаги уйларнинг барчаси текшириб чиқилгани, бироқ туннелга кириш-чиқиш туйнуклари топилмаганини маълум қилди.

-Бу туннелнинг Қирғизистонга чиқадиган жойини топиш учун тезкор тергов-қидирув ишлари ўтказилди. Бироқ Қирғизистоннинг чегарага туташ ҳудудларида бу туннелнинг туйнуги топилган эмас, -деди Сажира Чўқўлўева.

Унинг айтишича, шунга қарамай, туннелга кирадиган жойни қидириш ишлари бошқа ҳудудларда давом эттирилмоқда.

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани Қирғизқишлоқдаги бир уйдан Олтиариқ тумани Бўрбалиқ қишлоғидаги уйга олиб ўтувчи ер ости йўли 17 март куни ўзбекистонлик чегарачилар томонидан ошкор қилингани ҳақидаги хабарлар 25 март куни тарқатилган эди.

Озодлик радиосига Олтиариқ туманидан олинган бу хабарни Фарғона вилояти ҳокимиятидаги манба ҳам тасдиқлаган. Манбанинг айтишича, чуқурлиги 7-8 метр келадиган ер ости туннелининг узунлиги 110 метр бўлган. Бу туннел чегаранинг икки томонида жойлашган аҳоли уйларини бир-бири билан боғлаган.

25 март куни Ўзбекистон Чегара хизматининг раиси Рустам Иминжонов қирғизистонлик ҳамкасби Раимберди Дуйшенбиевга бу туннелнинг Ўзбекистон томонидаги чиқиш жойини кўрсатгани ҳам айтилган.

Ўзбек чегарачилари раҳбарлари қирғиз ҳамкасбларига бу туннел орқали диний-экстремистик адабиётлар, контрабанда моллари ва қурол-яроғ ҳам олиб ўтилган бўлиши мумкинлигини айтган.

18 март куни Ўзбекистон Қирғизистон билан чегараларини бир томонлама ёпган эди. Чегараларнинг ёпилишига мана шу туннелнинг топилгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Ўзбекистоннинг 18 март куни чегараларни ёпгани ҳамда икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига 2 БТР ва ҳарбийларини киритгани Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида кескинликни келтириб чиқарган.

24 март куни Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев агар Ўзбекистон баҳсли ҳудуддан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб, вазиятни юмшатишга ҳаракат қилмаса, Тошкентда июнь ойида ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти йиғилишига бормаслигини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG