Таниқли хонанда ва бастакор Абдулазиз Карим Ўзбекистондан чиқиб кетганидан бор-йўғи 10 ой ўтиб, Туркия ватандошлигига лойиқ, деб топилди. Санъаткорнинг Озодликка айтишича, бу ҳақдаги мактуб 29 март куни шахсан Туркия бош вазири Аҳмад Довудўғлидан келган.
Мактубда Абдулазиз Каримга "истисно тариқасида" Туркия ватандошлиги (бу мамлакатда "фуқаро" сўзи ўрнига "ватандош" сўзи қўлланилади) берилгани маълум қилинган.
"Кеча бош вазиримиз Довудўғлининг табригини олдим. Электрон почтамизга табрик йўллаптилар, жуда хурсанд бўлдик. Бош вазирнинг ёрдамчилари телефон орқали табрикладилар. Туркия ҳукуматининг шунчалик эътиборидан жуда хурсанд бўлдим. Бош вазир хатда ёзишларича, Туркия жумҳуриятига ўзингизнинг санъатингиз билан ҳисса қўшасиз, деган умиддамиз, сиздан янги-янги асарлар кутиб қоламиз, деган тилак йўллаптилар. Жуда хурсанд бўлдим уни ўқиб," дейди Абдулазиз Карим.
Туркия қонунчилигига кўра, Туркия фуқаролигини олмоқчи бўлган шахс бу мамлакатда камида 5 йил истиқомат қилиши лозим.
Аммо, ўзбекистонлик санъаткор Туркия ватандошлиги унга ўн ой ичида берилганидан ҳайратланганини айтди.
"Бу хурсандчилик бир хабари бўлди. Ўн ой олдин Туркия ҳукумати ҳужжатларингизни берсангиз, деб мандан илтимос қилди. Сиз билан қизиқамиз, ижодингиз билан қизиқамиз, деди. Энди мен Ўзбекистонда асосан ашулачи сифатида танилганман, лекин композитор сифатида танилмаганман, десам ҳам бўлади. Аслида, композиторлик жанрида симфоник асарлар ёзганман. Ҳатто операм бор бир қисмлик. Хор асарларим бор. Уларни бу ерда тақдим қилганман. Улар жуда қизиқиб қолишганди," дейди Абдулазиз Карим.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулазиз Карим қўшиқлари Ўзбекистонда тақиқлаб қўйилиши ортидан 2015 йил май ойида Туркияга чиқиб кетганди.
Озодлик билан илгари қилган суҳбатида Абдулазиз Карим Ўзбекистонда Давлат телевидениеси, "Ўзбекнаво", Маданият вазирлигидаги баъзи мулозимлар қўшиқчилар олдига тўсиқлар қўйиш билан шуғулланишини айтган эди.
Абдулазиз Карим 90-йилларда "Қурбон бўламан" қўшиғи билан Ўзбекистонда энг таниқли хонандалардан бирига айланди.
Кейинчалик Абдулазиз Каримнинг Яссавий ғазалларига басталаган куйлари халқ орасида шуҳрат топди.
У барча қўшиқларини ўзи басталаган саноқли ҳофизлардан ҳисобланади.
Ўтган йил охирида бастакор-ижрочи таниқли ўзбек шоири ва мухолифат арбоби Муҳаммад Солиҳниннг "Ғариб дарахт" шеърини қўшиқ қилди.
Абдулазиз Карим Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонни тарк этган эса-да, уни ҳамон ўз Ватани деб ҳисоблашини айтди.
Озодлик билан суҳбатда Абдулазиз Карим Ўзбекистонда Давлат телевидениеси, “Ўзбекнаво”, Маданият вазирлигидаги баъзи мулозимлар қўшиқчилар олдига тўсиқлар қўйиш билан шуғулланишини айтиб, уларни порахўрликда айблаган эди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист 41 ёшли Абдулазиз Карим барча қўшиқларини ўзи басталаган саноқли ҳофизлардан ҳисобланади.
Туркияга келганидан сўнг Абдулазиз Карим Туркия сиёсий элитасига яқин шоир ва мухолифатчи Муҳаммад Солиҳниннг “Ғариб дарахт” шеърини қўшиқ қилди.