Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:11

ИШИД тузоғига тушган ўзбек, болаларни зўрлаган жиноий гуруҳ ва ўғирланган қўшиқлар


Интернет кафе раҳбаридан 1000 доллар пора олаётган милиция нозири ушланди. ИШИД сафида жанг қилган тошкентлик йигит 13 йилга озодликдан маҳрум этилди. Пенсия беришни пайсалга солган банкирларга иш қўзғатилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

2015 йилда 848 та объект хусусийлаштирилди

2015 йили Ўзбекистонда 848 ташкилот ва объект хусусийлаштирилди. Бу ҳақда бир неча матбуот нашри Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига таяниб хабар беради. Ҳисоботга кўра, энг кўп объект Тошкент (128 та) ва Наманган (108 та) вилоятларига тўғри келган. Давлат активлари реализациясидан 103,2 миллиард сўм тушган.

Тошкентда интернет кафе раҳбаридан 1000 доллар пора олаётган милиция нозири ушланди

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими инспектори порахўрлиги учун 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди (“Ҳуқуқ”, 31 март). Исми ошкор этилмаган милиция ходими “Azizbek Pay Mobile” фирмаси қарашли интернет кафега кириб, компьютерлардан бирида “Ўзбеккино” миллий агентлиги тақиқлаган кино борлигини рўкач қилиб, 4 миллион 250 минг сўмлик процессорни ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирмасдан олиб кетади. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан компьютер хотирасида “Блейд” ва “Сумерки” номли зўравонлик тарғиб этилган фильмлар борлиги ҳақида экспертиза хулосаси олади. Сўнг милиция нозири фирма раҳбарини ушбу ҳолат туфайли унга катта миқдорда жарима солиниши ва фирмага тегишли барча мол-мулк мусодара этилишини айтиб қўрқитади. Чора кўрмаслик эвазига 1500 доллар пора талаб қилади. Милиция ходими фирма раҳбаридан 1000 доллар олаётганда ушланган.

ИШИД сафида жанг қилган тошкентлик йигит 13 йилга озодликдан маҳрум этилди

Сурияда ИШИД жангарилари сафида жанг қилган тошкентлик йигит суд томонидан 13 йилга озодликдан маҳрум этилди (“Постда”, 26 март). Исми ошкор этилмаган йигит 1991 йили Тошкентда ишчи оиласида туғилган. Пойтахтдаги корхоналардан бирида оддий ишчи бўлиб ишлаган. 2013 йилда пул ишлаб келиш мақсадида Туркияга борган ва ўша ерда ИШИД тузоғига тушган. Жанглардан бирида яраланиб, шифохонага тушган йигит Суриядан Туркияга қочиб ўтишга муваффақ бўлади. Ўзбекистонга қайтганда эса қўлга олинган. Қайд этилишича, ИШИД сафида жанг қилган йигит айбига бутунлай иқрор бўлиб, тергов билан ҳамкорлик қилган. Газетанинг огоҳлантиришига кўра, террорчилар ўз ғояларини тарғиб қилишда ижтимоий тармоқлардан, шу жумладан, ўзбек тилидаги ташвиқотлардан кенг фойдаланмоқда.

Ўзбекистонда норасида болаларни зўрлаган жиноий гуруҳ ушланди

Ўзбекистонда норасида ўғил болаларни зўрлаган жиноий гуруҳ фош этилди (“Даракчи”, 31 март). Исми ошкор этилмаган уч нафар йигит 2012 йилда вояга етмаган болаларни алдаб уйга олиб келган ҳамда ғайритабиий усулда жинсий эҳтиёжини қондирган. Жиноятчилар “агар ҳозирги ишлар ҳақида чурқ этсанг, ўша заҳоти ўлдираман” дея зўрланган болаларни қўрқитган. Мазкур ҳолат бир неча бор рўй берган. Жиноятдан ҳуқуқ идоралари хабар топгач, гуруҳ бошлиғи айланма йўллар билан Қозоғистонга қочиб кетган. Қўшни давлатда бир муддат яшаб Ўзбекистонга қайтаётган йигит қўлга олинган. Жиноят кодексининг 119-моддасида кўзда тутилган жиноятни содир этган судланувчилар 5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Пенсия беришни пайсалга солган банкирларга иш қўзғатилди

Фарғона вилоятида пенсионерларга пенсия пулларини вақтида бермаслик ҳолатлари аниқланди. Вилоят прокурори ўринбосари Ўктамали Йўлчиевнинг “Ҳуқуқ” газетасига маълум қилишича, “Ўзсаноатқурилишбанк” Фарғона минтақавий филиали 2279 нафар пенсионернинг 849 миллион сўм пенсия пулларини беришни пайсалга солиб келган. “Ҳамкорбанк” Фарғона филиали ҳам 3100 нафар пенсионернинг 1 миллиард 75 миллион сўмлик пенсиясини ўз вақтида бермаган. Хабар қилинишича, пенсияни тўлашда сансалорликка йўл қўйган банк бошқарувчиларига нисбатан маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатилди.

Хотин-қизлар қўмитаси раиси: Аёллар сув cпорти билан шуғулланиши учун 95 та туманда бассейн қуриш керак

Ўзбекистон қишлоқларидаги аёллар ва қизлар сув спорти билан мунтазам шуғулланиши учун 95 та туманда бассейн қуриш талаб этилади (“Оила даврасида”, 31 март). Бу ҳақда мамлакат Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова маълум қилган. Қорақалпоғистонда 12 та, Андижонда 1 та, Бухоро, Жиззах, Самарқандда 9 тадан, Қашқадарёда 10 та, Навоийда 5 та, Наманган ва Сирдарёда 6 тадан, Сурхондарёда 12 та, Тошкент ва Фарғонада 4 тадан, Хоразмда 8 та бассейн етишмайди. Ўрганишлар чоғи ўт ўчириш учун сув йиғилган резервуарлар ҳам ҳисоботга сув ҳавзаси деб киритилгани аниқланган. Хотин-қизлар қўмитаси раиси сув спорт билан шуғулланаётган қизларга миллий қадриятлар ва замонавий мода уйғунлашган сузиш кийимлари ишлаб чиқариш лозимлигини ҳам айтган.

Ўзбек клипмейкерлари орасида ўғирлик авж олмоқда

Ўзбек хонанларидан клипмейкерларига ўтган кўчирмакашлик “вируси” авж олмоқда, деб хабар беради “Даракчи” нашри. Масалан, қўшиқчи Манзуранинг “Ҳаётим” қўшиғига ишланган клип кадрлари Россия эстрадаси хонандалари Вера Брежнева ва Дан Блан ижросидаги “Лепесками слез” қўшиғи клипидан ўғирланган. Хонанда Лола Аҳмедованинг “Унутолмадим” қўшиғи клипи кадрлари эса Россия эстрадаси вакиллари Григорий Лепс ва Ани Лоракнинг “Зеркало” дуэти клипидан ўзлаштирилган. Ёш хонанда Ботир Яминовнинг “Аразладингми яна” клипида эса Егор Криднинг “Невеста” қўшиғига ишланган клип кадрларидан айнан фойдаланилган.

XS
SM
MD
LG