Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:18

Ўзбек милицияси ароқ ичганни ҳам жаримага тортишга ўтди


Шу кунларда ўзбек милициясининг кўз-қулоғи қаторида спиртли ичимлик ичганларни ов қилиш учун бурни ҳам ҳушëр бўлиб қолган.
Шу кунларда ўзбек милициясининг кўз-қулоғи қаторида спиртли ичимлик ичганларни ов қилиш учун бурни ҳам ҳушëр бўлиб қолган.

Давлат ғазнасига нақд пул туширишни кўпайтириш босими кучайган айни кунларда ўзбек милиционерлари “белгиланмаган жойда спиртли ичимлик ичганлик”да айбланаëтган фуқароларни жаримага тортишни янги босқичга чиқармоқда. “Белгиланмаган жойлар” рўйхатини тузиш ҳар бир ички ишлар ходимининг ўз эркида бўлгани боис¸ милиционер жарима ундириши мумкин ҳудудлар кўлами ҳам кенгаймоқда.

“Ичганларга жарима солишаяпти. Мен бугун озгина ичганим ва кечаси соат 10 дан кейин ҳаракатланганим учун 65 минг сўм жарима тўладим. Мен тўртта жўрам билан кўчада эмас¸ дўконда ичиб ўтирган эдик¸ участка нозири келиб қишлоғимизда жойлашган таянч пунктига олиб келди. Қайси қонунни бузганимизни тушунмадик. Бизни қандайдир қоғозга қўл қўйдиришга мажбурлади¸ лекин қанақа қоғозлигини тушунтирмади ҳам. Кейин билсак¸ мен жарима тўлайман¸ деган қоғозга қўл қўйибмиз ва 65 минг тўлатишди.

Бу нарса ўлганнинг устига тепган бўлди. Ўзи иш йўқ¸ пул йўқ. Чўпонман¸кечки 9 гача одамларнинг молини боқаман. Уйга кириб¸ чой-пой ичгунча¸ 10 бўлади. Зерикиш кучли – телевизор кўрай десанг¸ свет йўқ. Кўчага чиқсанг¸ 10 дан кейин чиқдинг деб¸ 65 минг жарима солса! Бу қанақа қонун¸ одамларга олдин яхшилаб тушунтирмайдими?”

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:02 0:00
Бевосита линк

Жиззахдан келган бу шикоят тафсилотини ўрганиш жараëнида милиция нозирлари ўзларининг бундай ҳатти-ҳаракатини Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик Кодекси билан асослаëтгани аëн бўлди.

Озодлик билан суҳбатда Жиззах ички ишлар тизими ходимларидан бири дўконда ароқ ичиш ҳам Кодексда рухсат берилмаган жамоат жойи ҳисоблангани учун¸ бундайларни жаримага тортиш қонунга мос эканини таъкидлади:

- Жаримага тортилганлар белгиланмаган жойларда¸ масалан¸ кўчаларда¸ бирор чорраҳада ичган бўлиши мумкин. Дўконда ҳам спиртли ичимлик ичиш мумкин эмас. Дўкон сотиш учун белгиланган жой¸ ичишга эмас. Дўкондан ароқ олиб¸ уйига ëки чойхонага бориб ичсин¸ ҳеч ким индамайди. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик Кодексининг 187-моддасида белгиланмаган жойда ичиш мумкин эмас деб кўрсатилган. “Белгиланмаган” деганга¸ кўчалар¸ чорраҳалар¸ умуман жамоат жойлари киради¸ деди Озодлик суҳбатлашган милиция ходими.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 187-моддасига 2015 йил 29 декабрида таҳрир киритилган. Янги таҳрирдаги бу моддага мувофиқ:

Жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш:

Иш жойларида, кўчаларда, стадионларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, бундан тўйлар, юбилейлар ҳамда бошқа тантаналар ва маросимлар ўтказиладиган жойлар, шунингдек алкоголь маҳсулотини қуйиб реализация қилишга рухсат этилган савдо ва умумий овқатланиш объектлари мустасно, —

энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.”

Бундай жазо олган шахс бир йил ичида яна милиция қўлига тушса¸ бу гал унга энди “энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан икки бараваригача миқдорда жарима солинади ёки ўн беш суткагача муддатгача қамоққа” ташланади.

Озодлик билан суҳбатда ички ишлар ходими¸ кечқурун соат 10 дан кейин кўчага чиққан фуқароларнинг жаримага тортилиши ҳақидаги шикоятга ҳам изоҳ берди:

- 10 дан кейин кўчада юриш мумкин эмас¸ деган қонун йўқ. Лекин 10 дан кейин юрганлардан милиция ходимлари нима мақсадда кўчада юрганини сўрайди¸ ҳужжатини кўради. “Бемақсад кўчада юрманг”¸ дейди. Милиция ходимлари бир оғиз¸ “Ука¸ кеч бўлганда қаерга кетаяпсан?” деб сўрайди. Кўп қилса¸ фамилиясини ëзиб олади¸ “омон бўл”¸ дейди ва қўйворади. Кетаверади¸ бунга ҳеч қандай жазо қўлланмайди. Ичган бўлса¸ биров билан жанжаллашмасин¸ дейди. Ичмасин¸ бемақсад юрмасин¸ дейди. Ичиб олиб¸ бировни уриб жанжаллаши мумкин ахир¸ дейди Жиззах милицияси вакили.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Зиëдулла Раззоқов¸ милициянинг жамоат тартиби ва тинчликни қўриқлаш мақсадида қўллаëтган ҳатти-ҳаракатлари¸ кучайтираëтган янги чоралари фақат бир нарсага – халқни қўрқувда ушлашни янада кучайтиришга қаратилганини айтади:

- Комендантлик соати жорий қилинмаган¸ кўча-кўйда соат 10 дан кейин юриш мумкин эмас¸ деган қонун чиқарилмаган бўлса ҳам¸ 10 дан кейин юрганларни участкага олиб бориб¸ сен жамоат тартибини бузаяпсан¸ қанақадир оқимларга қўшилаяпсан¸ бу пайтда кўчада юриш ë йиғилиб гаплашиш мумкин эмас¸ деб минимал ойликнинг ярми миқдорида жаримага тортиш кўпайган. Менга кейинги пайтларда кечқурун юргани учун таянч пунктларига олиб кетилгани¸ тонггача ушлаб ўтирилиб¸ екйин жаримага тортилгани ҳақида мурожаат қилаëтганлар кўпайди. Бу жараëнда халқнинг бирламчи душмани маҳалла¸ унинг тепадагиларга жосуслик қилувчи фаоллари бўлиб қолди¸ дейди жиззахлик ҳуқуқ фаоли.

Озодликка маълум бўлишича¸ жамоат жойида спиртли ичимлик ичиш¸ кечқурун соат 10 дан кейин ҳужжатсиз кўчага чиқдинг¸ деган асосда одамларни ушлаш ва жаримага тортиш бошқа вилоятларда ҳам кузатилмоқда.

Хусусан¸ Фарғона туманида кенг қўлланилаëтган бундай амалиëт ҳақида Озодликка гапирган фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев буни жамоат тартибини сақлаш иддаоси билан милиция ходимлари қилаëтган навбатдаги жиноят деб баҳолади:

- Мен ароқ сотиб олгани ëки кўчада пиво ичгани учун¸ нос чеккани учун 65 минг сўмлик жаримага тортилганлар билан гаплашдим. Ким¸ қаерда¸ қандай олди¸ деб сўрадим. Айтишларича¸ милиция ходимлари жаримани нақд пулда олиб¸ чўнтакларига солган. Бу жиноят. Агар қонуний асосда жарима солинса¸ ҳужжат тўлдирилади ва жаримани банкда тўлаш учун квитанция берилади. Булар ундай қилмаяпти¸ демак на жаримага тортиш¸ ва на пулни нақд ундириш қонуний асосга эга эмас¸ дейди фарғоналик ҳуқуқ фаоли.

Озодлик билан суҳбатда ички ишлар тизимига яқин манба¸ нақд пул тақчиллиги кучайиб¸ милиция каби махсус контингент ташкилотлари ходимлари ойлиги ҳам пластикка ўтказилгач¸ милициядагилар ўзлари учун нақд пул келтирадиган янги “кормушка” излаëтганини айтади.

“Жамоат тартиби ва тинчликни сақлаш учун ҳар қандай чора ўзини оқлайдиган бўлиб қолган ҳозирги шароитда¸ Маъмурий жавобгарлик Кодексининг эркин талқини милиционерларга истаган шахсни истаган жойда жаримага тортиш ваколатини бериб қўйди. Улар шундан фойдаланаяпти”¸ дейди Озодликнинг бу тизимга яқин манбаси.

XS
SM
MD
LG