Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:29

Ўзбекистон Туркманистондан камбағалроқ, Тожикистондан бойроқ


АҚШнинг Global Finance Magazine нашри “Дунёнинг бой давлатлари” рейтингида 185 давлат ичидан Ўзбекистонни 127 - ўринда қайд этди. Рейтинг Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси маълумотлари асосида тузилган бўлиб, унда аҳолининг харид қуввати, фаровонлик даражаси ва мамлакатдаги инфляция кўрсаткичи ҳисобга олинган.

Ялпи ички маҳсулот аҳоли жон бошига 5 963 доллардан тўғри келадиган Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида рейтингдаги 50-ўрнинни эгаллаган Қозоғистон, 77-ўринда қайд этилган Туркманистондан кейин учинчи ўринга қўйилган. Рейтингда 142-ўриндаги Қирғизистон фаровонлик бўйича минтақада тўртинчи, 153-ўриндаги Тожикистон бешинчи ўринда туради.

Айтиб ўтиш лозимки, жорий йилда 127-ўринга қўйилган Ўзбекистон, бой давлатлар рейтингида 2011 йилда 130-ўринда эди. Беш йил давомида Ўзбекистон бу рейтингда уч поғона кўтарилишга эришган.

Рейтингдаги маълумотларга таянадиган бўлсак, 15 та постсовет давлати орасида Ўзбекистон 11-ўринда экани аён бўлади. Постсовет давлатлари орасида энг бой мамлакатлар рейтингда 42 - ва 43-ўринда қайд этилган Литва ва Эстониядир. Литвада ялпи ички маҳсулот аҳоли жон бошига 28 245 доллардан, Эстонияда 27 729 доллардан тўғри келади. Постсовет давлатлари ўртасида Қозоғистон учинчи, Россия тўртинчи, Латвия бешинчи ўринни эгаллаган. Ўзбекистон Озарбайжон, Беларусь, Туркманистон, Украина ва Арманистондан кейинги 11- ўринда туради.

Дунёнинг энг бой давлати сифатида 1-ўринга Қатар қўйилган. Қатарда ялпи ички маҳсулот аҳоли жон бошига 146 минг доллардан тўғри келади. Иккинчи ўринда 94 минг 167 доллар билан Люксембург, учинчи ўринда 84 минг 821 доллар билан Сингапур қайд этилган. Дунёнинг энг бой давлатлари ўнлигида Бруней, Қувайт, Норвегия, Бирлашган Араб Амирликлари, Гонконг ва АҚШ ҳам тилга олинган.

Қизиғи шундаки, Ўзбекистоннинг айрим соҳалар бўйича халқаро рейтинглардаги кўрсаткичи аввалги йилларга нисбатан ўсиш ўрнига, пасайиб кетаётгани кузатилади.

Сиднейдаги Иқтисодиёт ва тинчлик институти томонидан ҳар йили эълон қилиб бориладиган Global Peace Index (Жаҳон тинчликсеварлик кўрсаткичи) да Ўзбекистон 2015 йилда дунёдаги 162 мамлакат орасида 113-ўринни эгаллаган. 2014 йилда Ўзбекистон бу рейтингда 104-ўринда эди.

Австралия ва АҚШ илмий марказлари экспертлари томонидан ишлаб чиқилган Глобал тинчликсеварлик индекси 20 дан зиёд омилга асосланиб тузилади. Унда ички ва у ёки бу мамлакат аралашган халқаро можароларнинг мавжудлиги ва уларнинг кўлами, бир мамлакат ичидаги барқарорлик ва хавфсизлик даражаси, давлат милитаризацияси – ҳарбий бюджет миқдори, ҳар 100 минг аҳолига ҳарбий хизматчилар, маҳбуслар сони, сиёсий террор, террорчилик хуружлари ва бошқа омиллар эътиборга олинади.

Ўзбекистон 2015 йилги Қонун устиворлиги жаҳон рейтингида ҳам 2014 йилда эгаллаган 73- ўриндан 81- ўринга тушиб қолган.

World Justice Project халқаро нодавлат ташкилоти ўтказган тадқиқотда жаҳоннинг 102 та мамлакати ҳокимият институтлари ваколатларининг чекланганлиги, коррупциянинг йўқлиги, тартиб ва хавфсизликнинг таъминлангани, асосий ҳуқуқлар ҳимоялангани, ҳокимият институтларининг шаффофлиги, қонунларга риоя қилиниши, фуқаролик судлари ва жиноят ишлари бўйича судлар каби 8 кўрсаткич баҳоланган.

Бу рейтингнинг 81- поғонасини эгаллаган Ўзбекистон баъзи қўшнилари ва ҳамкорларидан ортда қолган: Қозоғистон 65-, Молдова 69-, Украина 70-, Хитой 71-, Қирғизистон 74- ва Россия 75-ўринда.

Ўтган йили Ўзбекистон ижтимоий ривожланиш кўрсаткичлари бўйича 133 мамлакат орасида 90-ўринни эгаллаган. Deloitte аудитор фирмаси томонидан тайёрланган Social Progress Imperative номли рейтингга кўра, Ўзбекистон 2015 йилда 100 баллик тизимда 59,71 балл олиб, дунё бўйлаб ўртача кўрсатикчдан пастроқ натижа кўрсатган.

Айни пайтда Ўзбекистон тўғри овқатланиш ва бирламчи тиббий ёрдам соҳаларида энг юқори кўрсаткичларга эришган. Таълим соҳасида ҳам нисбатан яхши кўрсатикчлар намойиш қилган. Лекин ҳисоботда Ўзбекистон экологик барқарорликда ортда қолгани хулоса қилинган.

XS
SM
MD
LG