Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:33

Сенат комиссияси аҳолини 10 минг маҳалла раисини сайлашга тайёрлаяпти


Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатида тузилган махсус комиссия турли вилоятларда семинарлар уюштириб, аҳолини май-июнь ойларида ўтадиган маҳаллий сайловларда "энг муносиб оқсоқоллар"ни сайлашга ҳозирламоқда. "Халқ сўзи" газетаси Фарғона, Наманган, Андижон ва Қорақалпоғистонда бу борадаги семинарлардан ҳикоя қилди. Аксар маҳалла фаоллари сайланадиган оқсоқоллар ҳозирдан аниқ эканини айтмоқда.

Расмий хабар

Бу йил май ва июнь ойларида бўладиган маҳаллий сайловларда маҳалла фуқаролар йиғинига 9 минг 764 оқсоқол ва уларнинг 99 мингдан ортиқ маслаҳатчисини сайлаш режалаштирилган.

"Халқ сўзи" газетасининг хабар қилишича, жойларда аҳолига "фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига муносиб номзодлар кўрсатишнинг аҳамияти" тушунтирилмоқда.

Бунда "Олий Мажлис Сенати Кенгаши кўмаклашувчи комиссияси, ҳудудий кўмаклашувчи комиссиялар аъзолари, уларнинг ҳузуридаги ахборот хизматлари вакиллари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳудудий бўлимлари раислари, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳларнинг раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари" иштирокида ташкил қилинган семинарлар қўл келмоқда.

Семинарда иштирок этаётган маҳаллий органларнинг масъуллари сайловга тайёргарлик олиймақом суратда бораётгани, айрим туманларда ҳозирданоқ овоз бериш участкалари ва сайлов бюллетенлари тайёрлаб қўйилганини айтмоқдалар.

Номзодлар рўйхати қарийб тайёр

Тошкент шаҳри Олмозор туманидаги маҳалла фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, шу кунда номзодлар рўйхатини тайёрлаш якунига етмоқда.

Амалдаги маҳалла оқсоқолининг ўзи тузган рўйхатдаги номзодларни туман ҳокимиятидаги махсус гуруҳ сараламоқда:

- Маҳалла йиғинидаги ишчи гуруҳ маҳалла аҳли талаби асосида номзодларни танлаяпти, маҳалла оқсоқоли уларнинг таржима ҳоли билан ҳокимиятдаги махсус комиссиясига жўнатаяпти, улар тасдиқлаган номзодлар қолаяпти, тасдиқламаганининг ўрнига яна янгиси жўнатиляпти. Энди мана апрель ойидан аҳоли билан иш бошланди, оқсоқолларни сайлаш масаласида тушунтириш ишлари бошланди, - деди исмини ошкор қилмаган маҳалла фаоли.

Тушунтириш ишлари

Тошкент вилояти Қибрай туманида истиқомат қиладиган тингловчи Ғофур ака бу йил маҳалла йиғинлари раислиги учун сайловларнинг бошланғич қисмида демократик аломатлар кўринмоқда, дейди:

- Авваллари сайланиши аниқ битта оқсоқолнинг ёнига номига кўрсатилган 3-4 кишини номи бўларди, шунақа қилиб ўтказиб юборилади. Бу йил маҳалла, ҳокимият ва бошқа органлардан одамлар келиб, кўчама-кўча юриб, номзодликка лойиқ одамларни қидириб юрибди, гаплашишяпти. Мен хурсанд бўлдим, демократияни қаердандир бошлаш керакку, шуни маҳалладан бошлаган бўлсак, ажабмас, - дейди Ғофур ака.

Унинг айтишича, бу йил оқсоқоликка сайланаётган номзодларни ёшартириш тавсия қилинган. Тошкент шаҳридаги маҳалла йиғинларидан олинган маълумотга кўра, бу йил номзодларнинг 35 ёшдан 55 ёшгача, баъзи маҳаллаларда 57 ёшгача бўлиши ҳамда имкон қадар олий маълумотли эркак киши бўлиши сўралмоқда.

Амалдаги оқсоқоллар

Олмазор туманидаги маҳалла фаолининг фикрича эса бу йилги сайловнинг аввалгиларидан жиддий фарқи бўлмайди.

Унинг маҳалласида 10 йилдан бери оқсоқоллик қилиб келаётган кишининг яна сайланиши кутилмоқда:

- Бу йил 10 йил бўлди, 4 марта қайта сайланганлар. Энди у кишини ҳамма танийди, билади, шунинг учун яна сайланса майли, деб туришибди. Чунки, кейин келадиган одам бу кишиданда ёмон бўлишидан чўчишади. Ҳокимиятдагиларга ҳам шу киши маъқул аслида. Уларнинг маҳалладаги кўзу-қулоғига айланиб қолганлар. Бу киши уларга муаммо туғдирадиган, уларга қаршилик кўрсатадиган иш қилмайдилар. Раҳбарлар билан қандай муомала қилишни яхши биладилар, - дейди исмини очиқлашни истамаган маҳалла фаоли.

Бу киши маҳалла йиғинлари раислигига сайлов ва айни пайтда маҳалла йиғини фаолиятига доир қонунчилик жиддий ислоҳотларга муҳтожлигини эътироф этиб ўтди.

У киши, хусусан, оқсоқоллик ва маҳалла йиғини ишини назорат қиладиган тафтиш комиссиялари раҳбарлиги учун номзодларнинг амалдаги маҳалла оқсоқоллари томонидан кўрсатилишини Ўзбекистон ҳукумати даъво қилиб келаётган демократик принципларга зид эканини таъкидлади.

Маҳалла фаоли: Оқсоқолни сайлаш тизимини ўзгартириш керак
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:24 0:00
Бевосита линк

Оқсоқол номзодга қўйиладиган талаблар

​Ўзбекистонда маҳалла фуқаролар йиғинлари шаҳар, посёлка, қишлоқ ва овуллардаги маҳаллаларда тузилган. Бу йиғинларга раислик қиладиган шахслар ва уларнинг ёрдамчилари 2 ярим йиллик муддатга маҳалла аҳли сайлови билан сайланади.

Маҳалла оқсоқоллигига номзодлар Ўзбекистон фуқаролари бўлиши лозим. Номзод олий маълумотли бўлиши ва мамлакат ҳудудида беш йилдан кам бўлмаган муддатда доимий яшаган бўлиши лозим. Бундан ташқари, ташкилотчилик қобилиятини намойиш қилган бўлиши ва муқаддам давлат ёки нодавлат идорадаларда ишлаб, тажриба орттирган бўлиши керак. Шунингдек, маҳалла аҳли бу номзодни яхши таниши ва ҳурмат қилиши лозим.

Сенат қошидаги "Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси" эса жойларда оқсоқоллик ва уларнинг маслаҳатчилари учун кўрсатилган номзодларни танлаш ва сайлашга бош-қош бўлади.

Сайланадиган оқсоқоллар номзодини эса амалдаги маҳалла оқсоқоли кўрсатади, туман ва шаҳар ҳокимликлари кўрсатилган номзодларни саралаб, тасдиқлаб беради. Бир оқсоқол кетма-кет чекланмаган муддатга қайта сайланаши мумкин.

XS
SM
MD
LG