Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:29

Самарқандда куёв ўғриси 3,5 йилга қамалди


Самарқандлик ошиқ йигит севган қизининг бошқага унаштирилиши ортидан улар тўйини бузиш учун бўлажак куёвни ўғирлаган. Ўзбекистон Бош прокуратурасининг "Ҳуқуқ" газетасига кўра, Нодир Абдуҳамидов исмли йигит “куёв ўғирлаш операцияси”га амакиларини ҳам жалб этган. Куёв ўғрилари шу куни милиция тарафидан қўлга олинган. Улар безориликда айбланиб, уч йилдан ортиқроқ муддатга қамалди. Ўғрилардан озод бўлган куёвбола Бекмурод эса эртаси куни унаштирилган қизга уйланган.

Киноларда кўриш мумкин бу воқеа Самарқанднинг Булунғур туманида ўтган ой содир бўлди. Самарқандлик Нодир қишлоғида бир қизни яхши кўрар эди. Лекин қизни ота-онаси уни бошқа йигитга унаштиришди.

Йигит эса севган қизига етишнинг сўнг чораси сифатида тўйга бир кун қолганда куёвни ўғирлади.

Самарқанд ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, Нодир Абдураҳмонов амкакилари Ҳабибулла Абдуҳамидов ва Аббос Ибрагимовларни ҳам ўғирликка шерик қилган.

Улар куёв болага телефон қилиб “тўй билан табриклашга келдик, чиқ” дейишган. Бола чиқиши билан машинага босиб олиб кетишган.

- Пичоқ билан қўрқитишган. Кейин эртага тўйи бўлиши керак бўлган куёвни уйидагилар қидиришга тушган. Милицияга мурожат қилишган. Куёв ўғрилари шу куни ушланди, - дейди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси.

Ҳозирда Нодир Абдуҳамидов ҳам унга ёрдам берган амакиси ва холаваччаси ҳам қамоқда.

Воқеадан хабардор бўлган самарқандликлардан бири бу ҳақда Озодликка гапириб берди:

- Мени билишимча буларнинг мақсади тўйни бузиш бўлган. Бу йигит яхши кўрадиган қизини бошқасига унаштирилганидан аламда буни қилган. Куёв болани олиб қочиб, қердадир ушлаб туришмоқчи бўлишган, - деди булунғурликлардан бири.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси мулозимларига кўра, Нодир Абдуҳамидов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси, безорилик жинояти бўйича айбланиб, 3 ярим йилга, куёв ўғирлашда ёрдамлашган қариндошлари эса 3 йилга қамалган.

Самарқанднинг Булунғур тумани “Никоҳ уйи” ходимаси Назокат Исроилова куёв ўғирланиши туманда мисли кўрилмаган ҳодиса бўлганини айтади.

- Бунақаси бизда шу пайтгача бўлмаган. Бу йигит қизни яхши кўрар экан, унда кўнгли бор экан ота-оналарини юбориб, совчи юбориб, катталарни ўртага қўйиб, маҳалла фаолларини қўйиб қилиши керак эди. Энди у қиз ҳам олдиндан ота-онаси билан суҳбатлашиб, рози бўлган-да бошқа йигитга тегишга. Ҳозир аввалгидай замон эмаску, ҳозир қизлар ота-онаси айтган йигитга тегиб кетавермайдику. Шунча тайёргарлик кўриб, тўй қиламиз деб турган пайтда бу болани бунақа йўл тутиши нотўғри-да, бунақа йўл билан севгилисига эришиб бўлмайдику, - дейди Назокат Исмоилова.

Ўзбекистонда куёв ўғирланиши кузатилмаган эса-да келин ўғирлаш бор гап. Сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда турмушга чиқмаган қизларни ўғирлаб қочиб, уйланиш ҳолатлари кўпайди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, Қорақалпоғистонда ўтган йил ўндан зиёд қиз ўғирланган.

Асосан ўзбеклар, қорақалпоқлар ва қозоқлар истиқомат қиладиган Қорақалпоғистонда бир неча аср аввал урф бўлган қиз ўғирлаш ҳолатларининг сўнгги йилларда кўпайганини Озодлик манбалари ҳам айтмоқда.

Тўрткўл туманида яшайдиган 50 яшар қорақалпоқ Раҳимбойнинг айтишича, келин томонга бериладиган қалин пулининг катталиги ва ёшларнинг никоҳига ота-оналар розилик бермаслиги боис қизларни ўғирлаш ҳолати кўпайган.

XS
SM
MD
LG