Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:41

Асакада 6 апрель куни йўқолган 8 яшар қиз изланмоқда


Асака шаҳрида йўқолган қиз Ëқутой Рустамжонова
Асака шаҳрида йўқолган қиз Ëқутой Рустамжонова

Асака шаҳридаги 55- мактабнинг биринчи синф ўқувчиси 8 яшар Ëқутой Рустамжонова 6 апрелда дарсдан чиққанидан кейин уйига бормаган. Озодликнинг Андижон вилояти ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасига кўра¸ шу кунларда вилоятдаги барча милиция ходимлари йўқолган қизни қидиришга сафарбар қилинган.

Ёқутой бедарак йўқолгач, Асакадаги 55- мактаб ва вилоятнинг бошқа мактабларида ҳавфсизлик чоралари кучайтирилган. Мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари фақат ота- оналари ëки катта ëшдаги қариндошлари ҳамроҳлигида мактабга келиб-кетиши талаб қилинмоқда.

Асака шаҳар халқ таълим бўлимидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ биринчи синф ўқувчиси Ëқутой Рустамжонованинг мактабдан чиқиб кетгани кузатув камерасида акс этган:

"Дарслар тугаганидан кейин битта ўзи мактабдан чиқиб кетаëтгани кузатув камерасида минут¸ секундлари билан турибди. Ўша кунлари Ëқутойни онасининг кўзи ëриган экан¸ шу боис уни олиб кетишга ҳеч ким келмаган. Ҳозир мактабга ташқаридан ҳеч ким қўйилмаяпти. Назорат кучайтирилган. Асака шаҳар ички ишлар бўлими терговчилари бўлган воқеани сўраб-суриштириб турибди"¸ дейди манба.

Андижон вилояти ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбаси¸ беш кундан бери қидирилаëтган Ёқутойни топиш учун вилоятдаги барча ресурслар сарфланаëтганлигини айтди:

"Теле-радиоканалларда қидирув эълонини бердик. Вилоятдаги симëғочларга варақалар ëпиштирдик. Қизни кўйлагини исковуч итларга ҳидлатиб ҳам қидирдик. 2008 йил туғилган қиз. Кўк рангли мактаб формасида бўлган. Бошида оқ рангли бантик. Мактабни кузатув камерасидаги тасвирларни анализга бердик. Билганимиз шуки қиз 6 апрель куни мактабдан чиқиб, номаълум тарафга қараб кетган ва уйига бормаган. Бу жорий йилда болаларнинг бедарак йўқолиши билан боғлиқ Асакадаги илк воқеа"¸ дейди Озодлик манбаси.

Асакада бедарак йўқолган Ëқутой Рустамжонова воқеаси ижтимоий тармоқларда турлича талқин қилинмоқда.

Telegram тармоғидаги Жаҳонгир исмли юзернинг ëзишича¸ “бундай холат 2 йил олдин ҳам юз берган". Юзер иддаосига кўра¸“Болани ўлдириб латокка ташлаб кетишган”.

Андижонда боланинг бедарак йўқолиши билан боғлиқ яна битта холат Озодликка маълум.

Ўтган йилнинг март ойида Андижон вилояти Шаҳрихон туманида 8 яшар Нодирбек Йўлдошев бедарак йўқолган эди.

Нодирбек Шаҳрихон туман 7-умумтаълим мактаби 1-синфи ўқувчиси бўлган.

Нодирбекнинг отаси Шуҳрат аканинг Озодликка айтишича, 2015 йилнинг 6 мартида йўқолган бола ҳануз топилмаган.

XS
SM
MD
LG