Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:00

Бош вазир ташрифидан сўнг Фарғонадаги сўнгги чинорлар ҳам кесилаяпти


Шу кунларда Фарғонада “Универсиада” спорт мусобақаларига тайёргарлик авж палласига чиққан. Манбаларга кўра, айниқса Бош Вазир Шавкат Мирзиёев ташрифидан сўнг бу жараён янада кучайтирилган. Шаҳардаги кўп йиллик дарахтлар кесилиб, эски биноларнинг фасади ясатилмоқда. Мусобақа ўтадиган объектлардаги ишларга талабалардан тортиб ишчи-хизматчиларгача жалб қилинган.

Ҳашарчига айланган талабалар

Жорий йилдаги “Универсиада” спорт мусобақалари ўтадиган Фарғона шаҳридаги 29 та объект, жумладан, Фарғона давлат университети, Фарғона политехника институти, Фарғона олимпия заҳиралари спорт коллежида тайёргарлик ишлари сўнгги босқичга чиққан.

Фарғона политехника институти талабалари номидан Озодликка келган мактубда айтилишича, улар бир ойдирки ўқиш ўрнига ҳашар ишларига жалб қилинган:

“Фарғонада Универсиада ўтиши муносабати билан қарийб бир ойдан буён институтимизда ҳашар ишлари авж олган. Ҳар куни юздаб студентлар қурилиш ишларига жалб қилинаяпти. Бир ойдан буён мажбуран институт майдонларида ишлаб келаяпмиз. Айрим факультетларда дарслар бутунлай тўхтатилган. Айримларида бир нечта группалар кунларга бўлиниб ишлаяпти. Дарслар қарийб бўлмаяпти. Эрталаб соат 8дан кечки 5гача ишлаймиз. Бир кун ўқиш, бир кун ишлаяпмиз. Баъзида ўқиймиз деб формада дарсга келсак ҳам қўшимча участкаларга олиб чиқишаяпти. Мажбуран, костюм-шимда бўлсак ҳам ер чопиб, тупроқ ташияпмиз, дарахт кесаяпмиз”, дейилади талабалардан келган мактубда.

Бош вазир ташрифидан сўнг ўтинга айланган чинорлар

Фарғонадан олинган хабарларга кўра, 26 март куни вилоят ҳокимига янги ўринбосар тайинлаш учун Фарғонага борган Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëев “Универсиада”га тайёргарлик ишлари билан ҳам танишган. Вилоят ҳокимлигидаги манбадан олинган маълумотга кўра, Бош вазирга марказий кўчалардаги биноларнинг фасади ёқмаган ҳамда у кўчаларни хориж дарахтлари, жумладан, сакура билан безашни буюрган.

Сўнгги 20 кун ичида бош вазир талабларини бажариш учун фарғоналиклар “бел боғлаб” ҳаракат қилаяпти. Айниқса, бу ишларни амалга оширишда талабалардан кенг фойдаланилмоқда.

Фарғона политехника институти талабалари мактубида ёзилишича, Бош вазир ташрифидан сўнг олийгоҳ ҳудудидаги кўп йиллик чинорлар кесиб ташланган:

“Бош вазир келганидан кейин институтда қолган сўнгги чинорларни ҳамда ёзда соя бериб турадиган кўп йиллик дарахтларни, арчаларни ҳам бутунлай кесиб ташладик. Бу дарахтлар ўрнига эса қимматбаҳо чет эл эманлари, чет элнинг ярим метрлик арчаларини экдик. Ҳозир бутун Фарғона каби институтимиз ҳам саҳрога айланиб қолди”, дея куйинишади фарғоналик талабалар.

“Хориж арчалари пули талабалардан ундирилмоқда”

Политехника институти талабалари иддаосига кўра, олийгоҳ ҳудудига экилган, хориждан келтирилган дарахтлар пули мажбурий тарзда улардан ундирилмоқда:

“Бу дархтлар биз студентларга қимматга тушмоқда. Экиладиган чет эл кўчатларига миллионлаб пулни институт домлаларига тўплаш топширилган. Буни оқибатида порахўрлик янаям авж олиб кетмоқда. Ачинарлиси, олдин яширинча пора олган домлалар энди очиқдан-очиқ пора талаб қилишга ўтишди. Нархлар ҳам аввалги сессияларга нисбатан бир неча марта ошиб кетган. Сабаби ўша чет эл арчаси! Барча жабрни эса биз студентлар тортмоқдамиз”, дейилади талабалар номидан Озодликка келган шикоят хатида.

Фарғона политехника институти ректори Ойбек Отакулов йиғилишда эканини айтган олийгоҳ расмийлари талабалар шикоятини изоҳсиз қолдиришди.

“Бутун Фарғона Универсиадага тайёрланмоқда”

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашевга кўра, “Универсиада” муносабати билан шаҳарда бўлаётган ободонлаштириш ишлари қизғин паллага кирган:

- Кўчаларда ободонлаштириш, умумий ҳашарга чиққан одамларнинг кўчаларни саранжом-саришта қилиш бўйича олиб бораётган ишларини ҳар битта фарғоналик кўриб турибди. Шаҳар коммунал хўжалиги идораси ишчилари ўзи жуда кўпчиликни ташкил қилади. Улар махсус кийимларда. Улардан ташқари масалан, жума куни мен кўрган воқеа: Университетнинг ҳудудида 500дан ортиқ талабаларни ишлаётган пайтида кўрдим. Бу соат 12лар атрофида эди. Икки кундан кейин бозор ҳудудига яқин жойда кўрдим. Универсиада сабабли бу ҳудуддаги жойларни ободонлаштириш ишлари кетаяпти. Вақтинчалик зонтларни қўйиб, савдо-сотиқ қилишаётган ёки капага ўхшатиб қуриб, қўйилган, қиёфага тўғри келмайдиган дўконларни ўша ердан кўчириш ишларини бажаришаётган экан,- дейди Абдусалом Эргашев.

Фарғона шаҳар ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, “Универсиада” муносабати билан Фарғона давлат университетида 3 минг 200 ўринли футбол майдони, ёпиқ сузиш ҳавзаси, учта волейбол майдони ва енгил атлетика йўлаклари қурилган. Шаҳар марказида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилган, қарийб 5 километрлик йўл реконструкция қилинмоқда.

Фарғонадан олинган маълумотга кўра, май ойида ўтказилиши мўлжалланган “Универсиада” мусабақалари, номаълум сабабларга кўра, апрель охирига кўчирилган.

XS
SM
MD
LG