Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:55

Бишкек Ўзбекистон пансионатларига товон пули тўламайди


Ўзбекистоннинг Иссиқкўлдаги "Роҳат" пансионати.
Ўзбекистоннинг Иссиқкўлдаги "Роҳат" пансионати.

Бу ҳақда Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш фонди раиси ўринбосари Жумадилде ўғли Мурадил маълум қилди. Унга кўра, Совет Иттифоқи пайтида Ўзбекистон томонидан Иссиқкўлда барпо этилган 4 пансионат Қирғизистон мулки ҳисобланади ва бу мулк учун Тошкентга ҳақ тўлаш жоиз эмас. Қирғизистон бош вазири 4 апрель куни Ўзбекистон пансионатларини Қирғизистон ихтиёрига ўтказиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди.

Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш фонди раиси ўринбосари Жумадилде ўғли Мурадилнинг айтишича, 1992 йилда Қирғизистон парламенти МДҲнинг бошқа давлатлари ихтиёрида бўлган Иссиқкўлдаги пансионатларни миллийлаштириш тўғрисидаги қарорни қабул қилган. Мана шу қарорга асосан Совет Иттифоқи пайтида Ўзбекистон томонидан Иссиқкўлда барпо этилган пансионатлар Қирғизистон мулки ҳисобланади.

Қирғиз расмийси Ўзбекистон пансионатларини миллийлаштириш жараёнини бир ой мобайнида якунлаш назарда тутилганини маълум қилди.

“Пансионатларни Қирғизистон ихтиёрига ўтказиш жараёнини бир ой ичида якунлаш учун қаттиқ ишлашимизга тўғри келади, чунки икки ойдан сўнг дам олиш мавсуми бошланади. Ўзбекистонга компенсация тўлаш масаласи кун тартибида йўқ, негаки бу Қирғизистоннинг мулкидир. Биз бу мулк 1992 йилдан бери Қирғизистонга тегишли бўлган, деб ҳисоблаймиз”, -деди Жумадилде ўғли Мурадил.

4 апрель куни Қирғизистон бош вазири Темир Сариев Совет Иттифоқи пайтида Ўзбекистондаги давлат ташкилотлари ва корхоналар ҳисобидан Иссиқкўлда бунёд этилган “Роҳат”, Дилором”, “Олтин қум” ва “Бўстон” пансионатларини Қирғизистонга қайтариб олиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Бишкек ҳукумати Иссиқкўлдаги Қозоғистонга тегишли бўлган пансионатларни ҳам Қирғизистонга қайтариш бўйича ҳеч қандай чора-тадбирларни кўрмаяпти. Қирғиз расмийлари Иссиқкўлдаги қозоқ пансионатлари келажакда Қирғизистон ихтиёрига ўтказилиши мумкинлигини, бироқ бугунги кунда бу масала муҳокама қилинмаётганини билдирмоқдалар.

Қирғизистон Бош вазири Қирғизистонда Ункуртоғ, Ўзбекистонда Унгартепа деб аталувчи баҳсли ҳудуд масаласида кўтарилган жанжал ортидан Ўзбекистонга тегишли пансионатларни миллийлаштириш қарорини имзолаган. Бундан аввалроқ, яъни 18 мартда Ўзбекистон Қирғизистон билан баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига ҳарбий теҳниква ва аскар киритган эди.

Бу воқеалар бусиз ҳам унча илиқ бўлмаган Ўзбекистон - Қирғизистон муносабатларини янада совуқлаштирди.

Ўзбекистон расмийлари Қирғизистон ҳукуматининг пансионатларни миллийлаштириш қарорига шу кунгача ўз муносабатини билдирган эмас.

Ўзбекистонга тегишли бўлган “Олтин қум” пансионати ҳозирда Тошкент Механика заводи, деб аталётган собиқ Чкалов номидаги авиация заводи томонидан 1972 йилда барпо этилган эди. “Роҳат” пансионати эса Ўзбекистон Миллий банкига қарашлидир.

Тошкент Механика заводи ва Ўзбекистон Миллий банки расмийлари Озодлик радиосига бу мавзуни шарҳлашдан бош тортиб, пансионатлар масаласи Ўзбекистондаги тегишли органлар томонидан муҳокама қилинаётганини билдирганлар.

XS
SM
MD
LG