Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Тошкентдаги жума кунги музокаралар ортидан минтақа раҳбарларини янги гидроиншоотлар қуришда халқаро меъёрларга амал қилишга чақирганлар. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги шанба куни эълон қилган ташриф якунига оид баённомада таъкидланади.
15 апрель куни Тошкентда учршган Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоевлар Марказий Осиёнинг трансчегаравий дарёлари минтақа халқларининг умумий табиий бойлиги экани ва улардан оқилона фойдаланиш кераклиги, минтақа барқарорлиги ва равнақи шунга боғлиқлигини таъкидлашган.
"Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиёнинг барча давлатларини ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, сув заҳираларидан унумли ва тежамли фойдаланиш йўлида конструктив мулоқотга чақиради", - дейилади музокаралар якуни бўйича эълон қилинган баённомади.
Қирғизистон ва Тожикистоннинг трансчегаравий дарёлар ўзанида йирик гидрооиншотлар қуриш режаси Ўзбекистонни ташвишга солиб келади.
Қирғизистон Россия билан ҳамкорликда Норин дарёси ўзанида бир нечта ГЭС қуришни режалаган.
Тожикистон ҳам Вахш дарёси ўзанида Роғун ГЭСини қуришда давом этмоқда.
Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоевлар йирик ГЭСлар ва улкан сув тўғонлари қуришга киришган Тожикистон ва Қирғизистонни Амударё ва Сирдарё қуйи оқимларида жойлашган қўшни мамлакатларнинг манфаатларини ҳисобга олишга чақириб келади.
Ўзбекистон томонига кўра, сейсмик хавфли бўлган жойда Қирғизистоннинг Қамбарота сув тўғони 275 метр баландликда, Роғун тўғони эса 335 метр баландликда қурилаётгани ҳисобга олинса, бу иккала лойиҳа қурилиши бу ерда яшаётган инсонлар ҳаётига таҳдид бўлиши мумкин.
Бироқ Тожикистон ва Қирғизистон улкан ГЭСларнинг қурилиши Ўзбекистонни сувсиз қолдирмайди, дея таъкидлаб келади.
Улар, шунингдек, эҳтимолий зилзила оқибатлари ҳақидаги хавотирларни ҳам инкор қилади.
Марказий Осиё сейсмик фаол минтақа ҳисобланади.
16 апрелга ўтар кечаси Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара минтақасида яна зилзила рўй берди.
Ўтган ноябр ойи ўртаси ва жорий декабр ойи бошида Ўзбекистон ва Тожикистонда бир неча марта ер қимирлаганди.
Бу зилзилалар, айниқса, Тожикистон қишлоқ ҳудудларида катта талофотларга сабаб бўлганди.