Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:36

Бишкек Вашингтонни “сиёсий шантаж”да айблади


АҚШ Давлат департаментининг 2015 йилдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига оид янги ҳисоботи Қирғизистон ҳукумати томонидан "сиёсий шантаж” сифатида баҳоланди. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида айтилишича, АҚШ ҳисоботида Бишкек ҳукуматига инсон ҳуқуқлари вазияти юзасидан билдирилган бир қатор эътирозлар мутлақо ўринсиздир.

АҚШ Давлат департаментининг 13 апрель куни эълон қилинган турли мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга оид янги ҳисоботида Ўзбекистон Шимолий Корея, Куба, Хитой, Эрон ва Судан қаторида "тарихан авторитар режимлар" қаторида санаб ўтилган. Айни пайтда Қирғизистон нисбатан эркин давлат сифатида тилга олинган ҳамда бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари йўналишида бир қатор муаммолар борлиги эътироф этилган эди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг ҳисобот юзасидан 16 апрель куни тарқатган баёнотида инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш йўналишида АҚШнинг тегишли институтлари кўрсатаётган ёрдам учун миннатдорчилик билдирилган, Қирғизистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари масаласида бир қатор муаммолар борлигини очиқ тан олиши ва бу муаммоларни бартараф этиш йўлида ҳаракат қилаётгани таъкидланган.

Шундан сўнг АҚШ Давлат департаменти ҳисоботидаги айрим маълумотлар ҳақиқатга зид келиши ва бу билан Вашингтон Бишкекни “сиёсий шантаж” қилаётгани айтилади.

АҚШ Давлат департаменти ҳисобтида Қирғизстондаги "ноқонуний қамоққа олишлар", “ўзгача фикрловчиларни ҳукумат босимига учраётгани”, инсон ҳуқуқларини бузаётган раҳбарлар жазосиз қолаётгани, Ўш воқеаларида айбланиб умрбод қамалган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг ҳуқуқлари бузилаётгани танқид қилинган.

Ҳисоботдаги айни мана шу жиҳатлар Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг норозилигига сабаб бўлган.

Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида, жумладан мана буларни ёзган:

“Бу каби ҳисоботларда Америка Қўшма Штатларида инсон ҳуқуқларига амал қилиниши юзасидан таққосий таҳлил келтирилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Ирқий камситишлар, полициячиларнинг ўзбошимчалиги ва бебошликлари, Гуантанамо қамоқхонасида қийноқларнинг мавжудлиги – буларнинг ҳаммаси, афсуски, инсон ҳуқуқларининг Америкадаги бугунги вазияти кўрсаткичидир.

Шунинг учун дунёдаги кўп одамлар АҚШ ниятларининг самимий эканига ишонмай қолмоқда. Биз ҳаммамиз АҚШ ҳарбийларининг Ироқ ва Ливияга қўпол тарзда бостириб кириши қандай оқибатларга олиб келганини кўриб турибмиз. Юз минглаб ҳалок бўлганлар, бунданда кўпроқ ярадор бўлганлар ва миллионлаб қочқинлар –АҚШнинг бу мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари масаласидаги ғамхўрлиги натижалари мана шундай бўлди”, дейилади баёнотда.

Қирғизистон парламентининг халқаро алоқалар қўмитаси раиси Алмазбек Батирбеков Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотини қўллаб –қувватлашини айтди:

- АҚШ тарқатган маълумотлар сиёсийлаштирилган, деб ҳисоблайман. Глобал зиддиятлар даврида буни ахборот урушига тенглаштирсак ҳам бўлаверади, - деди Алмазбек Батирбеков.

Қирғизистон фуқаролик жамияти фаоллари эса Давлат департаменти ҳисоботида келтирилган далилар асосли эканини айтмоқдалар. Уларга кўра, сўнгги йилларда сўз эркинлиги, йиғилишлар эркинлиги бузилмоқда, ҳукуматга қарши сўз айтган мухолифатчилар, журналистлар ва фуқаролик жамияти вакиллари босим остида қолмоқда.

- Сўз эркинлиги, нашрларнинг зўрлик билан бошқа муассислар ихтиёрига ўтказилиши, журналистларнинг босимга олиниши тўғрисида кўп гаплар бўлаяпти. Айни пайтда судлар митинглар ўтказишни тақиқлаб қарорлар чиқараяпти. Вазият, албатта, президент Бакиев даридагидай оғир эмас, бироқ бу каби ҳолатларнинг мавжудлиги ташвишланарлидир, - деди таниқли ҳуқуқ фоли Динара Ошурахунова.

2015 йилда АҚШ ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар кескин совуқлашган эди. Бунга 2010 йилги Ўш қирғинида айбланиб умрбод қамоққа ҳукм қилинган этник ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровга 2015 йил 15 июлида Давлат департаментининг "Инсон ҳуқуқлари фаоли" мукофоти топширилиши сабаб бўлган.

Халқаро ҳамжамият қирғиз милициясидаги коррупция ва қонунбузарликларга қарши курашиб келган Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонилишини билдириб келади.

Асқаровга мукофот топширилганидан сўнг қирғиз ҳукумати АҚШга норозилик нотаси жўнатган. Ўша йилнинг 20 августида эса 1993 йилда имзоланган Қирғизистон - АҚШ ҳамкорлик шартномаси бекор қилинган эди.

XS
SM
MD
LG