Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:26

Фермерларга мевазор боғ орасида картошка-сабзи етиштириш буюрилди


Бахмалдаги мевазор боғлар.
Бахмалдаги мевазор боғлар.

Давлат бюджетига доллар тушумини кўпайтириш мақсадида Тошкент ҳукумати 2016 йилдан бошлаб мева-сабзавот экспортини кўпайтиришни ўз устивор вазифаларидан бири деб белгилади. Ҳукуматнинг пахта ва ғаллага ажратилган ерларни деярли ўзгаришсиз қолдирган ҳолда мева ва сабзавот ҳажмини ошириш формуласига кўра¸ энди фермерлар ғаллазорлар чеккаси ва боғлар орасига полиз ва сабзавот экинлари экиб¸ давлат белгилаган планни бажариши керак.

2016 йилнинг 7 апрель куни Ўзбекистон президенти махсус фармон чиқариб¸ Бош вазир Мирзиëев зиммасига “янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга етказиб бериш ҳажмлари ва турларини кўпайтириш” вазифасини юклади. Айни фармон билан бу вазифани адо этиш учун “Ўзагроэкспорт” деган янги ташқи савдо компанияси тузилди.

Каримовнинг мева-сабзавот экспортини кўпайтириш фармонини бажариш учун ўз-ўзидан мева-сабзавот етиштиришни ҳам кўпайтириш эҳтиëжи туғилдики¸ президент бу ҳақда беш кун ўтиб яна бир буйруқ берди.

Турли бож ва солиқ имтиëзлари берилган “Ўзагроэкспорт” компанияси омборини тўлдириш учун президент фермер ва деҳқон хўжаликларига мева-сабзавот етиштириш бўйича давлат буюртмаси солинди.

Президент қарори билан 2016 йилда Ўзбекистонда ҳўл мева ва сабзавот маҳсулотлари сотиб олишга давлат буюртмаси 4,077 миллион тонна этиб белгиланди.

Йил давомида фермер хўжаликлари 2,545 миллион тонна, деҳқончилик хўжаликлари эса 1,532 миллион тонна мева-сабзавотни давлат белгилаган нарх билан топшириши шарт.

Айни кунларда мамлакат бўйлаб ана шу буюртмани фермер ва деҳқон хўжаликларига тақсимлаш жараëни жадал бормоқда.

Самарқандлик фермерлардан бирининг исми сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича¸ вилоят туманларида фермер ва деҳқонлар билан мажлислар ўтказилиб¸ унда давлат буюртмасини 120 фоизга бажараман¸ деган ҳужжатларга қўл қўйдирилмоқда:

- Ғалла режасини 120 фоизга бажарасан¸ айни пайтда¸ ғаллазор четига ошқовоқ ва нўхат экасан¸ боғларнинг орасида картошка¸ помидор ва сабзи экасан¸ фалон тонна қўшимча сабзавот берасан деб¸ бўйнимизга қўйишаяпти. Бунақаси олдин бўлмаган. Ўзи налог ставкаларини қарийб беш бараварга кўтаришди¸ қарзга ботиб ўтирибмиз. Уларга тушунтирганингиз билан эшитмайди. Дарров давлат сиëсати шунақа¸ қаршимисан¸ деб таҳдидга ўтади¸ дейди Озодлик суҳбатлашган боғбон фермерлардан бири.

Умрини ерда¸ хусусан¸ боғбончилик билан ўтказган суҳбатдошга кўра¸ мевазор боғлар орасига сабзавот экиш¸ ундан ҳосил олиб¸ давлат номидан қўйилаëтган планни бажариш имконсиз иш:

- Бунақа бўлмаган гап фақат Тошкентда кабинетда ўтириб¸ умрида деҳқончилик қилмаган одамларнинг калласига келиши мумкин. Картошка бўладими¸ ëки помидор¸ унга сув керак. Тез-тез суғормаса¸ ҳосил бўлмайди. Ўзбекистонда¸ айниқса¸ воҳада сув масаласи борган сари оғирлашмоқда. Сувни қаердан оламиз? Кейин¸ боғлар орасидаги ернинг нари борса¸ 20-30 фоизлик қисмига қуëш тушади. Сояда уруғ униб чиқиши мумкин¸ лекин ҳосил бермайди. Буни кимга айтамиз¸ ҳеч ким эшитишни хоҳламайди¸ дейди самарқандлик боғбон-фермер.

Шу пайтга қадар Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг устивор йўналиши пахтачилик¸ сўнгра ғаллачилик бўлиб келгани учун¸ боғбон-фермерлар давлат босимидан нисбатан чеккароқда қолаëтган эди. 2016 йилдан бошлаб ҳукумат мева-сабзавот экспортини кўпайтиришга киришганидан сўнг¸ боғбонлар бошига ҳам айни пахтакор-фермернинг куни тушди¸ дейди Озодлик суҳбатдоши:

- Ҳозир хўп дейишдан бошқа чорамиз йўқ. Ҳосил топшириш вақти келганда¸ ë бозордан мева-сабзавот сотиб олиб¸ давлат планини топширамиз¸ ë яна пул бериб қутуламиз. Бўлмаса бизнинг бошимизга ҳам Мирзиëевнинг “ойболта”си тушади. Ҳозир кўп боғбон фермерлар ерини ташлаб қутулмоқчи бўп турибди¸ дейди боғбон фермер.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги баëнотига кўра¸ Тошкент ҳукумати 2016 йил охирига қадар Россияга мева-сабзавот экспорти ҳажмини 500 минг тоннага етказмоқчи. Бу эса¸ ўтган йилгига нисбатан 2¸5 бараварга кўпдир.

2015 йили Ўзбекистон Россияга қиймати 300 миллион долларга тенг 200 минг тонна мева-сабзавот етказиб берган.

Бундан эса¸ жорий йилда биргина Россияга сотиладиган мева-сабзавотдан тушадиган доллар тушумининг қарийб пахтадан тушадиган даромад даражасига яқинлашаëтгани кўрилади.

2015 йилда Ўзбекистон ҳукумати фермерлар зиммасига 3 миллион 400 тонна пахта етказиш мажбуриятини юклаган эди. Бу пахтанинг жаҳон бозорида сотиладиган қисмидан олинадиган даромаднинг 1 миллиард АҚШ доллари атрофида экани айтилади.

XS
SM
MD
LG