Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:52

Тошкентликка уйланган вилоятлик 1 йилда ажрашса, пропискаси бекор қилинадиган бўлди


Eltuz.com карикатураси
Eltuz.com карикатураси

Тошкент шаҳрида ёки вилоятида пропискадан ўтганининг биринчи йили давомида ажрашиш қайд этилса, эр ёки хотин доимий пропискадан маҳрум бўлади.

Бу ўзгартиш 25 апрель куни Ўзбекистон президенти томонидан имзоланган ва 26 апрель куни кучга кирган қонунда кўзда тутилган.

Тошкент шаҳридаги манзилга вақтинча пропискага қўйилган фуқаролар прописка муддатини узайтириш учун ойлаб жавоб кутаëтган бир пайтда вилоятдан уйланган ëки вилоятлик йигитга турмушга чиққан тошкентликлар гумон ва назорат остида қолди.

Тошкент шаҳар Яшнобод тумани ОВИР (Фуқаролар чиқиш-киришини қайд қилиш идораси) даги Озодлик манбасининг айтишича¸ сохта никоҳлар боис Тошкентдаги пропискага қўйиш тизими ўзгартирилган:

- Яшнобод туманида сохта никоҳ, яъни оила қуришни кўзламай фақат прописка учун пул эвазига тузилган никоҳ бўйича бир нечта жиноий иш очилган. Биз бунақа холлар бўйича тахлилий баëн ëзиб, прописка ҳақидаги қонуннинг заиф тарафларини очиб берган эдик. Билишимча, Тошкентдаги доимий прописка бекор қилинишига ажрашиш сабаб бўлиши ҳақидаги модда соҳта никоҳлар кўпайган мавжуд вазиятдан келиб чиқиб қўшилган¸ дейди манба.

Тошкент шаҳри ва вилоятида пропискадан ўтиш тўғрисидаги қонун 2011 йилда қабул қилинган эди.

Унда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига пропискага қўйилиши мумкин бўлган фуқароларнинг 12 тоифаси келтириб ўтилган, шу тоифалардан бири Тошкент шаҳрида пропискага эга шахс билан никоҳдан ўтганлар ҳисобланади.

Бу қонун Ўзбекистон консттуциясида кафолатланган фуқароларнинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига зиддир.

Эшик ëпиқ бўлгани учун тешикдан кириш амалиëти

25 апрелгача бўлган ҳолатда эр ëки хотин доимий прописка қилинган уй-жойда камида бир йил биргаликда яшаётган бўлса Тошкент шаҳри ва вилоятида прописка қилинади.

Бу ҳолат эса прописка қилиш учун қилинаëтган “никоҳлар” кўпайишига сабаб бўлгани айтилади.

Озодлик манбаси фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида кўрилган соҳта никоҳ можароси борасида тафсилотларни айтиб берди:

- Суд мажлисида аниқланишича, Анвар исмли йигит Дилором исмли аëл билан Чилонзор тумани ФҲДЁ бўлимида никоҳдан ўтишган. Бироқ бу никоҳ оила қуриш мақсадида эмас, балки ўзаро келишилган шарт асосида тузилган. Тарафлар оилавий муносабатларга киришмаган, умумий рўзғор юритмаган. Келишувга кўра, Чилонзор туманидаги уйни жавобгар Анвар “ҳадя” тариқасида қабул қилиб, Тошкент шаҳрига доимий рўйхатга ўтиши, бунинг учун Дилоромга уйланиши ва “никоҳ”дан кейин уйни унинг номига расмийлаштириб бериши, шундан кейин судга ариза бериб, ажрашиш керак бўлган.

Манбанинг айтишича¸ бу сохта никоҳдан кўзланган мақсад Тошкент шаҳрига доимий рўйхатга ўтиш ва уйни ўз номига расмийлаштириш бўлган.

Тошкент пропискаси бўлмаган ўзбек пойтахтда ишлай олмайди

Тошкентда қайддан ўтмаган Ўзбекистон фуқаролари пойтахтда кўчмас мулк сотиб олиш ва ишлаш ҳуқуқидан мосуво қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг 54- қарори 2016 йил, 26 февралда қабул қилинган қарорига кўра. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан келган Ўзбекистон фуқаролари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида махсус рухсатномасиз ишлаётганда қўлга тушиб қолса, доимий яшаш жойига мажбуран чиқариб юборилади.

“Ёпиқ” шаҳар

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва қатор халқаро ташкилотлар, хусусан Хьюман Райтс Уотч ташкилоти Ўзбекистонда Совет ҳукумати ихтироси бўлган прописка тизими Ўзбекистонда ҳануз сақланиб қолганини, Тошкент амалда мамлакатнинг ўз фуқаролари учун деярли ёпиқ шаҳарга айлантирилганини мунтазам танқид қилиб келар эди.

Тошкентнинг ëпиқлиги интернетдаги Eltuz.com нашрида ҳажв ҳам қилинди.

Кузатувчиларга кўра¸ 26 апрель куни кучга кирган қонун бу соҳадаги вазиятнинг янада абгорлашганидан далолатдир.

XS
SM
MD
LG