Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:28

GM Uzbekistan раҳбари Тоҳиржон Жалилов қамоққа олинди


GM Uzbekistan собиқ бош директори Тоҳир Жалилов
GM Uzbekistan собиқ бош директори Тоҳир Жалилов

2010 йилдан бери ўзбек автоконцернини бошқараëтган ва айни пайтда "Ўзавтосаноат" ҳиссадорлик ширкати бошқарув раиси ўринбосари бўлган Тоҳиржон Жалилов товламачилик йўли билан ширкат пулларини ўзлаштирганликда гумонланиб ўтган ҳафта ҳибсга олингани маълум бўлди. Озодлик манбаларига кўра, Жалилов GM Uzbekistan корхонаси ишлаб чиқарган машиналарни Россияга эскпорт қилишда ноқонуний схемалар ёрдамида катта миқдордаги маблағларни ўзлаштирганликдан гумонланмоқда.

46 яшар Тоҳиржон Жалиловнинг қамоққа олинганлигини "Ўзавтосаноат" ҳиссадорлик ширкатидаги Озодлик манбаси тасдиқлади.

Ушбу мақола эълон қилинган пайтда, Тоҳир Жалиловнинг исми "Ўзавтосаноат" расмий сайтида ширкат бошқарув раисининг ўринбосари сифатида кўрсатилган эди.
Ушбу мақола эълон қилинган пайтда, Тоҳир Жалиловнинг исми "Ўзавтосаноат" расмий сайтида ширкат бошқарув раисининг ўринбосари сифатида кўрсатилган эди.

Манбанинг айтишича¸ GM Uzbekistan Бош директори ўтган жума куни МХХнинг махсус гуруҳи тарафидан қўлга олиниб, тергов қилина бошланган.

Бундан олдин Ўзбекистон ҳаëтини ëритувчи Интернет нашрларида GM Uzbekistan Бош директори қамалгани ҳақида шов-шувли маълумотлар эълон қилинган эди.

Бу маълумотларда иддао қилинишича¸ Жалилов “Россияга жўнатилган автомобилларни криминал схема асосида сотган ҳамда пулларни оффшор банкларга ўтказган”.

Озодлик мухбири Ўзбекистон Бош прокуратурасидан GM Uzbekistan Бош директори ҳибсга олингани ҳақида аниқ маълумотни ола олмади.

Ушбу мақола эълон қилинган пайтда, Тоҳир Жалиловнинг исми "Ўзавтосаноат" расмий сайтида ширкат бошқарув раисининг ўринбосари сифатида кўрсатилган эди.

"Экспорт-реэкспорт" ëки "Ravon" қаерга равона бўлди?

"Ўзавтосаноат" ҳиссадорлик ширкатидаги Озодлик манбасининг таъкидлашича GM Uzbekistan Бош директори Жалилов “Россияга экспорт қилиниши лозим бўлган Ravon русумли машиналар билан боғлиқ криминал схема яратиб катта пул ишлаган”

- Бу машиналар олдин қоғозда Россияга “экспорт” қилинган¸ аслида эса Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридаги отстойникка (машиналарни вақтинча сақлаш учун ташкил этилган майдон-таҳр.) вақтинча олиб бориб қўйилган. Кейин эса ими-жимида бу машиналар “реэкспорт” бўлиб (мамлакатга қайта олиб кирилиб-таҳр.), Ўзбекистонда қайта сотилган,- дейди Озодлик манбаси.

Озодлик манбаларига кўра, GM Uzbekistan собиқ раҳбари "Ravon" машиналари экспорти билан боғлиқ ноқонуний схемани ташкил этганликда айбланмоқда
Озодлик манбаларига кўра, GM Uzbekistan собиқ раҳбари "Ravon" машиналари экспорти билан боғлиқ ноқонуний схемани ташкил этганликда айбланмоқда

Манба Жалилов билан биргаликда бошқа мулозимлар устидан ҳам назорат тартибида тергов бошланганлигини айтди.

Интернетдаги Eltuz.com мухбири ўз манбасига таяниб, “Жалилов дохил яна бир нечта киши ҳибсга олинганлигини” ëзди.

Айни нашр иддаосига кўра: “Чимкентдаги машиналар сақланаëтган "отстойник"да ўн мингдан зиëд GM Uzbekistan автомобиллари турибди".

"Ўзавтосаноат" ҳиссадорлик ширкатидаги Озодлик манбаси бу иддаоларни тасдиқлади ва терговчилар ихтиëрида Чимкентдаги машиналар сақланаëтган "отстойник" тасвирлари борлигини айтди.

Можарога президент ҳам аралашдими?

Манбанинг ишонишича¸ GM Uzbekistan раҳбари Тоҳиржон Жалилов Ўзбекистон президентининг билвосита аралашувидан кейин қамоққа олинган:

- Президент “Ravon” русумли автомобиллар экспортининг валюта тушумлари билан қизиққанида тайинли жавоб ола олмаган. Кейин бу ҳолат устидан текширув бошланиб кетди¸- дейди манба.

Бу текширув асосида Ўзбекистон Молия вазири Рустам Азимов ҳамда Бош вазир ўринбосари, айни пайтда "Ўзавтосаноат" АК бошқарув раиси, машинасозлик, электротехника ва авиация саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари мажмуаси раҳбари Улуғбек Рўзиқуловга ҳам жиддий саволлар пайдо бўлгани айтилади.

Озодликка маълум бўлишича шу кунларда "Ўзавтосаноат" тизимларида жиддий тафтишлар бормоқда.

Ўзбекистон автомобил саноатининг бир йиллик савдо айланмаси 2015 йилда 4 миллиард долларни ташкил этган эди.

“Ўзавтосаноат” ҳиссадорлик жамияти таркибиди бугунги кунда 70дан ортиқ корхона фаолият юритаётир. Улар орасида GM Uzbekistan, Самарқанд автомобил заводи, JV MAN Auto — Uzbekistan автомобил заводи бор.

“Асака” банки раисининг қамалиши машина можароси билан боғлиқми?

Жорий йил февраль ойида мамлакатдаги энг йирик банклардан бири ҳисобланган “Асака” банки бошқарув раиси Қаҳрамон Орипов молиявий қаллобликда айбланиб, ҳибсга олинган эди. Март ойига келиб Ўзбекистон Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Мустафоев ишдан бўшатилди.

Улуғбек Мустафоев 2013 йилнинг 3 март куни молиявий жиноятларда айбланиб, ҳибсга олинган Ўзбекистон Марказий банкининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ҳайдаров ўрнига тайинланган эди.

Ўз вақтида Ўзбекистон Бош прокуратураси мамлакатдаги энг йирик банклардан бири ҳисобланган “Асака” банки бошқарув раиси Қаҳрамон Ориповнинг валюта жиноятлари ва ноқонуний даромадлар легализацияси билан боғлиқ жиноятларда айбланиб, ҳибсга олинганини матбуотга билдирган эди.

Озодлик манбасига кўра, “Асака” банкдаги жиноятлар билан GM Uzbekistan автомобил ширкати Бош директори Тоҳиржон Жалиловнинг “товламачилик йўли пул ўзлаштиргани” айби бир занжирдаги ҳалқалардир:

- Йил бошида “Асака” банки бошқарув раиси Қаҳрамон Орипов қамоққа олинганидан кейин тафтишлар давом этди. Суриштирувлар натижасида GM Uzbekistan автомобил ширкати Бош директори Тоҳиржон Жалилов ўзининг валюта схемаларини айнан “Асака” банк орқали амалга оширгани юзага чиқди¸- деб иддао қилди Озодлик манбаси.

XS
SM
MD
LG