Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:30

Улуғбек Ҳайдаров: Авакян иши очилиб қолгани учун уни адвокатини жазолашди


Ўзбекистонда ИШИДга алоқадорликда айбланган жиззахлик армани фермер Арамаис Авакяннинг адвокати етти йилга қамалган. 33 ёшли Олим Қобиловга порахўрлик ва товламачилик айби қўйилган. Қобилов март ойининг биринчи ярмида ҳибсга олинган ва қисқа вақт ичида суд қилиниб, етти йилга маҳкум этилган. Канадада яшовчи ўзбек журналисти Улуғбек Ҳайдаров адвокатнинг қамоққа ташланишини ИШИДга алоқадорликда айбланган жиззахлик армани фермер Арамаис Авакянга адвокатлик қилгани билан боғлади.

Улуғбек Ҳайдаровнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, Авакяннинг ишига оид маълумотларни адвокат Олим Қобиловдан олиб турган.

- Мен у билан доим алоқада эдим. У билан сўнгги бор гаплашганимда адвокатлик лицензиясини олиб қўйишгани, судда қатнаштиришмаётгани, устидан иш очишганини айтганди. Кейин суриштирсам унга пора олиш ва товламачилик айбларини қўйишибди, етти йилга қамашибди. Мен буни Арамаиснинг иши билан боғлайман. Сабаби у бизга маълумотларни сиздириб турди. Вилоят амалдорлари учун жуда нозик иш эди бу. Арамаиснинг иши бўйича кўп маълумот ташқарига чиқиб кетаётганди. Адвокатни олиб ташламаса бошқа маълумотлар очилиб қолишидан қўрқиб шунақа қилишди, қамашди, - дейди Улуғбек Ҳайдаров.

Жиззахлик фермер Арамаис Авакян, Фурқат Жўраев, уларнинг шериклари февраль ойида Ўзбекистон Жиноят кодексининг қўпорувчилик, ўғрилик, диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш каби моддалари билан айбландилар.

Улар экстремистик гуруҳ аъзолигини бўйнига олиши учун тергов изоляторида қийноқларга солингани айтилди.

- Ҳозир уларни ҳимоя қиладиган адвокат йўқ. Адвокатни қамаб ишни силлиққина ёпишади энди. Мен бир нарсани айтаман, Авакян иши катта шов-шувга сабаб бўлиши ва халқаро жамоатчилик эътиборини бу ишга қаратилишига уни адвокатини роли катта бўлди, - дейди Улуғбек Ҳайдаров.

Канадада яшовчи ўзбек журналисти Улуғбек Ҳайдаров жиззахлик фермер Авакян адвокатининг қамалиши ҳақида.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:26 0:00
Бевосита линк

Миллати арман бўлган Авакяннинг насроний бўлишига қарамасдан ИШИДга алоқадорликда айбланаётгани Арманистон ҳукуматини ҳам бу масалага эътиборсиз қолдирмаган.

Арманистон Омбудсмани ўзбекистонлик ҳамкасбига Авакяннинг тақдири борасида ташвиш билдириб, хат йўллаган эди.

2015 йил сентябрида Жиззахда ҳибсга олинган ва "Исломий давлат" экстремистик гуруҳи аъзолигида айбланган жиззахлик балиқчи фермер Арамаис Авакянни озод қилиш чақириғи билан онлайн-петиция ҳам ташкил этилганди.

Арамаис Авакяннинг хотини ва онаси ҳамда Авакян билан судланган яна бир фуқаро Фурқат Жўраевнинг яқинлари ўтган ҳафта охирида АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида қабул қилинган эди.

Арамаиснинг онаси Флора Авакян элчихонада бўлиб ўтган учрашув чоғида уни, келини Ширинни ҳамда Фурқат Жўраевнинг онасини АҚШ элчиси Памела Спратлен ҳамда ўтган ҳафтада Ўзбекистонга сафар қилган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Даниел Розенблюмлар қабул қилганини Озодликка айтганди.

XS
SM
MD
LG