Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:52

Унвонидан маҳрум қилинган Абдулазиз Каримнинг қўшиқлари Ўзбекистонда тақиқланди


Абдулазиз Карим
Абдулазиз Карим

Ўзбекистондаги FM радио ва телеканал раҳбарлари ўзларини назорат қиладиган МХХ кураторларидан Абдулазиз Каримнинг қўшиқларини эфирга бермаслик бўйича кўрсатма олишди. Бу ҳақда Озодликнинг Ҳамроҳ FM радиосидаги манбаси билдирди.

Манбанинг айтишича¸ бундан буëн Абдулазиз Каримнинг эски ва янги қўшиқларини эфирга узатиш ҳамда бу қўшиқчининг исмини эфирда зикр қилиш тақиқланган.

Озодлик Ўзбекистондаги Орият FM, Гранд ва Ëшлар канали раҳбарларига ҳам айни мазмундаги тақиқ келганлигини аниқлади.

Бундан олдин Бош вазир Шавкат Мирзиëев хонанда Абдулазиз Каримни унвонларидан маҳрум қилган эди.

Абдулазиз Каримнинг қўшиқларини интернет браузерларида сақлаган давлат мулозимларини ҳам текшириш бошлангани ҳақида маълумот бор.

Озодликнинг Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтидаги манбасига кўра¸ 6 май куни мазкур илм даргоҳидаги ҳодимларнинг компютерлари МХХ зобитлари тарафидан текширилган.

Тафтиш чоғида диний¸ сиëсий адабиëтлардан ташқари Абдулазиз Каримнинг қўшиқлари ҳам қидирилган.

- Уларни қўлида махсус рўйхат бор эди. Рўйхатда тақиқланган адабиëтлар қаторида Абдулазиз Каримнинг қўшиқлари ва Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Бу кунлар” сиёсий романи¸ бор эди дейди манба.

Манбанинг айтишича¸ бу каби текширув гуруҳлари бошқа таълим идораларига юборилиши кутилмоқда.

Текширув мобайнида прокси ўрнатилган компютер эгаларини жаримага тортиш учун баëннома тузилгани ҳам айтилди.

Бош вазир хонандага қарши

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасидаги йиғилишда сўзга чиққан Бош вазир Шавкат Мирзиëев Туркия ватандошлигини олган хонанда Абдулазиз Каримни “ватан хоини” деб атаб¸ уни барча унвонлардан мосуво қилинганлигини айтган.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси¸ Ўзбекистон маданият ва спорт вазирлиги ходимлари ва санъаткорлар иштирок этган бу мажлисда қатнашган тошкентлик мулозим исми айтилмаслиги шарти билан Озодликка айрим тафсилотларни айтиб берди:

- Икки ҳафтача олдин Вазирлар Маҳкамасида мажлис бўлди. Мажлисда шахсан Шавкат Миромонович қатнашди. Мажлис бошида ҳар хил мавзуларга тегиб ўтилди. Охирида асосий мавзу Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулазиз Карим ҳақида бўлди. Абдулазиз Карим Туркия фуқаролигини олгани бўйича жуда катта норозиликлар билдиришди. Уни ҳаттоки "ватан хоини" даражасига чиқариб қўйишди. “Туркиянинг Бош вазирига эътироз билдирамиз. Нега бизнинг унвони бор санъаткоримизни фуқароликка қабул қилади”, деган ҳар хил гаплар ҳам бўлиб ўтди. Абдулазиз Карим 2000 йилда олган Ниҳол мукофоти ва 2003 йилда олган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонлари шахсан Мирзиëев томонидан олиб ташланди¸- дейди Ўзбекистон маданият ва спорт вазирлиги мулозими.

Исталмаган артистлар

Маданият ва спорт вазирлиги эълон қилган Ўзбекистон халқ артистлари рўйхатидан ҳукумат артистларни исталган ва исталмаганларга ажратганини сезиш мумкин.

Ушбу рўйхатдан Шерали Жўраев, Фарруҳ Зокиров, Юлдуз Усмонова, Ортиқ Отажонов ва Бобомурод Ҳамдамов каби халқ артистлари ҳам тушириб қолдирилган.

Вазирлик сайтидаги рўйхатнинг xалқ артистлари бўлимида фақат 10 нафар артистнинг номини кўрамиз. Гулсанам Мамазоитова билан бошланадиган бу рўйхатга Зулайхо Бойхонова, Маҳмуд Намозов, Муножот Йўлчиева, Насиба Абдуллаева, Озодбек Назарбеков, Ўктам Ахмедов исмлари тиркалган.

Фахрли рўйхат сўнгида Ғуломжон Ëқубов исми турибди. Сўз усталари бўлимида қизиқчи Мирза Ҳолмадов бору лекин Обид Асомов йўқ.

Рўйхатнинг хонандалар бўлимида Феруза Жуманиëзовани ҳам Лола Йўлдошевани ҳам кўрмаймиз, Шерали Жўраевнинг икки ашулачи ўғли исми ҳам кўринмайди.

Рўйхатда Ортиқ Отажоновнинг ўғли Улуғбек Отажонов ҳам йўқ. Лекин Юлдуз Усмонованинг қизи Нилуфар Усмонованинг исми бу рўйхатга санъаткор билан вазирлик ўртасидаги муроса тимсоли ўлароқ қўйилгандек туюлади.

Бу рўйхатнинг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар бўлимида Абдулазиз Каримнинг исми йўқ.

Ўзбек бош вазири ғазабига учраган ҳофизни турк бош вазир сийлади

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулазиз Карим жорий йилнинг 29 март куни шахсан Туркия бош вазири Аҳмад Довудўғлидан мактуб олган эди.

Мактубда Абдулазиз Каримга "истисно тариқасида" Туркия ватандошлиги (бу мамлакатда "фуқаро" сўзи ўрнига "ватандош" сўзи қўлланилади) берилгани маълум қилинган эди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулазиз Карим қўшиқлари Ўзбекистонда тақиқлаб қўйилиши ортидан 2015 йил май ойида Туркияга чиқиб кетганди.

Озодлик билан илгари қилган суҳбатида Абдулазиз Карим Ўзбекистонда Давлат телевидениеси, "Ўзбекнаво", Маданият вазирлигидаги баъзи мулозимлар қўшиқчилар олдига тўсиқлар қўйиш билан шуғулланишини айтган эди.

​Абдулазиз Карим 90-йилларда "Қурбон бўламан" қўшиғи билан Ўзбекистонда энг таниқли хонандалардан бирига айланди.

Кейинчалик Абдулазиз Каримнинг Яссавий ғазалларига басталаган куйлари халқ орасида шуҳрат топди.

У барча қўшиқларини ўзи басталаган саноқли ҳофизлардан ҳисобланади.

Ўтган йил охирида бастакор-ижрочи таниқли ўзбек шоири ва мухолифат арбоби Муҳаммад Солиҳниннг "Ғариб дарахт"¸ "Ойдинга" каби олтита шеърини қўшиқ қилиб куйлаган эди.

XS
SM
MD
LG