Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:25

Ўқитувчилар "Навбаҳор" клуби учун нақд пул ўтказишга зўрланмоқда


Иллюстратив фото
Иллюстратив фото

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги ўқитувчилардан "Навбаҳор" футбол жамоаси учун яна пул йиғишга мажбурланганига оид шикоят келди. Тумандаги икки мактаб ўқитувчисининг тасдиқлашича, ҳокимият умумий ўрта таълим мактаблари зиммасига ўлпон солган ва бу сумма ўқитувчилардан 10-15 минг сўмдан йиғилмоқда. Бу футбол жамоаси ва унинг учун махсус қурилган стадион учун мажбурий йиғимлар аввал ҳам кузатилган.

Тумандаги умумий ўрта таълим мактабларидан бирининг Озодликка боғланган ўқитувчиси исми ва мактаб рақамини ошкор қилмасликни сўради.

Унинг даъво қилишича, тугаётган ҳафта ичида Намангандаги "Навбаҳор" футбол жамоаси учун", деган сабаб билан солинган 10 минг сўмлик ўлпон нақд пул кўринишида талаб қилинган:

"Мен Наманганлик ўқитувчиман. Ҳамма вилоят бўйича мактаб ўқитувчиларига "Навбаҳор" футбол командасини ривожлантириш учун, деб пластик ҳам эмас нақд пулда 10 минг сўмдан тўлов қиласанлар деган буйруғи бўлди. Бу буйрук вилоят ҳокимининг буйруғи эмиш, худо билади, бу нақд пул қаерга кетар экан. Яқинда мажбурий равишда команда ўйинларига бир йил кириш ҳуқуқини берувчи абономент билетини сотиб олдик мактабга, у ҳам 500 минга тушди. Ундан олдин ҳам пул ўтказган эдик, Навбаҳорга, деб. Бу 3-марта. Бир йилда уч марта ривожлантирмаймиз-ку ахир?!" деб ёзди ўқитувчи.

Мактуби ортидан мухбир билан микрофонсиз суҳбатлашган ўқитувчи нақд пул йиғишга мажбурланаётган бошқа ҳамкасблари телефон рақамларини ҳам берди ва улар ҳам шундай буйруқ бўлгани, келгуси ҳафта ичида ўқитувчилардан пулни бериш сўралганини тасдиқладилар.

Ҳозирча Озодлик рақами ошкор қилинмаётган мактаблар ва Тўрақўрғон ҳокимиятидан бу борада бирор маълумот ололгани йўқ.

Аммо, Наманган вилоятида "Навбаҳор" футбол клуби ва унинг учун махсус қурилган стадионга, деган сабаб билан вилоятдаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларидан пул йиғилгани бир неча бор кузатилган.

Хусусан, Чортоқ туманидаги 33-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари вилоят марказидаги "Навбаҳор" стадиони учун 16 минг 500 сўмдан пул йиғишга мажбурланганидан шикоят қилган. Ўшанда ўқитувчилар пулни бермаса, ишдан бўшатилишидан огоҳлантирилганини айтган эди. Туман халқ таълими бўлими ва 33-сонли мактаб директори Асила Раҳмонова бу сумма туман ҳокимининг фармойишига кўра, барча мактаб ўқитувчиларидан йиғилаётганини тасдиқлаган, аммо бунинг ихтиёрий йиғим эканини иддао қилган.

2013 йили “Навбаҳор” клубига аталган замонавий талаблар даражасидаги стадион қурилиши учун ҳам вилоят ҳокимининг оғзаки буйруғи билан ўқитувчилардан тортиб, “Дамас” ҳайдовчиларигача “солиқ” солинган ва бу ҳам норозиликка сабаб бўлган эди.

Эски стадион ўрнида қайта тикланган янги стадионни Ўзбекистон мустақиллигининг 22 йиллигига тақдим қилиш учун 40 миллиард сўмдан ортиқроқ маблағ сарфланган ва бу сумманинг асосий қисми давлат идоралари ҳамда маҳаллий тадбиркорлардан йиғиб олингани ҳақида шикоятлар кўп бўлган.

Озодлик "Навбаҳор" футбол клуби маъмуриятидан бу борада изоҳ олишга уринган. Йиғимларга мажбурий тус берилганига оид хабарларни изоҳламаган клуб расмийлари улар учун пул ўтказиш борасида вилоят ҳокими 2015 йил бошида қарор чиқаргани, қарор бажарилмай қолгани учун ўша йили декабр ойида ҳоким ташкилот ва идораларга қайта топшириқ берганини тасдиқлаган эди.

1974 йилда ташкил топган “Навбаҳор” клуби 1992 йилдан бери Ўзбекистон олий лигасида мунтазам иштирок этиб келаяпти. "Навбаҳор" ўтган давр мобайнида биргина 1996 йилда Ўзбекистон чемпиони бўлган. Қолган чемпионат баҳсларида кўпроқ бронза медалини қўлга киритган.

“Навбаҳор” жамоаси 1999-2000 йилларда ўтказилган Осиё кубок эгалари кубогининг финал босқичида иштирок этиб, қитъада тўртинчи ўринни қўлга киритган.

XS
SM
MD
LG