Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:38

Атамбаев “Ўш қирғинини хорижлик генераллар уюштирган”ини айтди


Ўш, 2010 йил. Ҳарбийлар шаҳар кўчаларини назорат қилмоқда.
Ўш, 2010 йил. Ҳарбийлар шаҳар кўчаларини назорат қилмоқда.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Бишкекда Оналар кунини нишонлаш тадбирларида сўзлаган нутқида 1916 йилги қўзғолонни бостириш баҳонасида қирғизларни қирганлар ва 2010 йилги Ўш қирғинини уюштирганлар хориж махсус хизматларининг генераллари бўлгани ҳақида баёнот берди.

"Хориж генераллари ҳеч қачон халқимизга яхшилик қилган эмас"

Президент Алмазбек Атамбаев Қирғизистонда 15 май куни Оналар кунини нишонлаш тадбирида сўзлаган нутқида бир неча кун олдин давлат тўнтаришини амалга оширишга ҳаракат қилганлик айблови билан қўлга олинган мухолифат лидерларини танқид қилар экан, уларни “Ватан хоинлари”, деб атади.

“Халқ парламенти” лидерлари қўлга олинишига Интернет тармоқларида тарқатилган аудиоёзув сабаб бўлган эди. “Халқ парламенти” лидерларининг телефон суҳбатлари экани иддао қилинган мазкур ёзувда мухолифат етакчилари гўёки уларни Россия қўллаб-қувватлаши, гўёки 17 май куни ҳокимият ўзларининг қўлига ўтиши, давлат тўнтаришини амалга ошириш учун юзлаб жанггарилар ва қурол етиб келгани ҳақида гаплашган.

Атамбаев бу вазиятни шарҳлар экан, 2010 йилги Ўш қирғинини уюштирганлар хориж махсус хизматларининг генераллари бўлгани ҳақида баёнот берди:

- Хориж генераллари бизнинг халқимизга ҳеч қачон ҳеч қандай яхшилик қилган эмас. Буни биз 1916 йилда Чор Россияси генераллари амалга оширган ишлардан биламиз. Ўшанда Қирғизистон шимолидаги аҳолининг деярли ярми қириб ташланган эди. Биз 2010 йил июнида ҳам хориж махфий хизматлари генералларининг қилган ишларини кўрдик. Бу воқеаларда 400дан ортиқ фуқароларимиз ҳалок бўлди, - деди Алмазбек Атамбаев.

Хориж генераллари деганда кимлар назарда тутилмоқда?

Президент ўз баёнотида тилга олинган генераллар қайси давлатга мансуб эканини очиқламади. Аммо қўлга олингунига қадар “Халқ парламенти” лидерларидан бири Бекболот Талгарбеков мухолифатни Москвадаги келиб чиқиши қирғизистонлик бўлган генераллар, жумладан, Россия Федерал хавфсизлик хизмати раисининг собиқ ўринбосари Вячеслав Ушаков ҳамда Федерал хавфсизлик хизматининг собиқ маслаҳатчиси Бахтиёр Алиев қўллаб-қувватлаётгани ҳақида гапирган эди.

Бахтиёр Алиев қирғиз милициясининг асосчиси, генерал Эргаш Алиевнинг набираси. Вячеслав Ушаков эса Ўш вилоятининг Ўзган туманидан бўлиб, Қирғизистон хавфсизлик хизматларида ишлаган. Кейинроқ эса Россия Федерал хавфсизлик хизматига ишга ўтган. Ушаков 2010 йил кузида ўз лавозимидан бўшатилган.

"Атамбаев нега бу маълумотни 6 йил сарёғ сақлагандай сақлади?"

Мухолифатдаги “Бутун Қирғизистон” партияси раиси Адахан Мадумаров президент Атамбаев ҳеч қандай исбот – далилларсиз бу каби жиддий баёнот билан чиққанини танқид қилди.

- Оддий одамлар оғзига келган гапни қайтармай айта бериши мумкин, бироқ давлат раҳбари ўйлаб гапириши керак. Президент бу иддаоларини исботлаб бериши керак, акс ҳолда икки давлат ўртасига совуқчилик тушади. Президент 2010 йилги Ўш воқеасини ким уюштирганини билар экан, нега олти йилдан бери бу маълумотни сарёғни сақлагандай сақлаб келди? Энди бу воқеаларда ким айбдор эканини, уларнинг исмларини очиқ айтиши лозим, -деди Адахан Мадумаров.

Ўш фожеаси тарихидан

2010 йилнинг июнида Ўшда юз берган миллатлараро низода, расмий маълумотларга кўра, 442 киши ҳалок бўлган. Қурбон бўлганлардан 295 нафарини, яъни 70 фоизини ўзбеклар, 123 нафарини ёки 29 фоиздан ортиқроғини қирғизлар ташкил қилган. Шунингдек, июнь воқеалари пайтида бир рус, бир покистонлик ва бир уйғур ҳам нобуд бўлган.

2010 йил июнь воқеалари бўйича ҳозирга қадар 545 киши жиноий жавобгарликка тортилди. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз ва саккиз нафари бошқа миллат вакилларидир.

Қирғизистон ҳукумати Ўш воқеаларининг юз беришида Қодиржон Ботиров ва бошқа қатори ўзбек сиёсатчиларини айблаган.

Бу воқеани ўрганган халқаро комиссия эса Қирғизистонда "миллатчиликнинг сиёсатга сингиб кетгани"ни таъкидлаган ҳолда, Ўш воқеларига давлат миқёсидаги “этномиллатчиликка асосланган сиёсий фанатизм” сабаб бўлганини эълон қилган.

Шундан сўнг қирғиз парламенти халқаро комиссия раиси Киммо Килюненни Қирғизистонда исталмаган шахс деб эълон қилган эди.

XS
SM
MD
LG