Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:47

Бухорода 20 хонадонлик Кари қишлоғи 2 кунда бузиб ташланди


Когон туманидаги "Сараён" қишлоқ фуқаролар йиғинида тўлиқ бузиб ташланган Кари қишлоқчасидаги 20га яқин оила қуруқ ер участкасига чиқарилганидан арз қилмоқда. Қишлоқ аҳли номидан Озодликка йўлланган шикоятда аҳолига уй қуриб олишлари учун маблағ берилмаётгани айтилган. Когон туман ҳокимлиги эса қишлоқ аҳли аввалдан огоҳлантирилгани, аммо уларга уй қуриш учун ҳозирча маблағ берилмаслигини билдирди.

"Сараён" қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Кари қишлоқчаси аҳолиси номидан Озодликка йўлланган шикоятда айтилишича, қишлоқдаги уйлар апрель ойининг охирида бузиб ташланган ва ҳозир 20 дан ортиқ оила қариндош-уруғининг уйида яшаб турибди:

"Аввалдан аҳоли огоҳлантирилган эди, лекин тайёр уй ўрнига 4-6 сотихдан қуруқ ер беришгани одамларга ёқмади. Апрелнинг 27-чиси билан 30-инчиси орасида бульдозерлар билан келиб, уйларни бузиб ташлашди. Ҳозир 20дан ортиқ оила қариндош-уруғининг уйида яшаб юрибди", деди исмини ошкор этмаслик шарти Озодликка шикоятни етказган манба ва иккита суратни ҳам йўллади.

Унинг айтишича, Кари қишлоғи аҳолисини кўчириш талаби "Бухоро наслли парранда"​ очиқ акциядорлик жамияти томонидан 2011 йилда киритилган ва маҳаллий ҳокимият бу талабни қондирган.

"2011 йилнинг февралида Бухоро вилоятининг эски ҳокими Самойдин Ҳусейновнинг шахсан ўзи борган қишлоққа. Одамларнинг уйига бир-бир кириб: "Кўчасизлар, сизга уй-жой берамиз. Бу жой "Бухоропарранда"ни жойи, деган. Орадан икки-уч кун ўтиб, булдозерлар билан уйни бузишга келишган. Одамлар ҳали уй берилмай туриб, бузишга келганларни норозилик қилиб, қайтарворган. Ҳозир эса уйларни бузиб ташлашди", дейди манба.

Озодлик бу шикоят ортидан Когон туман ҳокимлигига боғланди. Ҳокимликнинг исмини окшор қилмаётганимиз мутасаддиси Кари қишлоғидаги уйлар бузиб ташланганини тасдиқлади.

Ҳокимликдан олинган маълумотга кўра, 2011 йилда "Бухоро наслли парранда"​ очиқ акциядорлик жамияти талаби судда кўрилган ва қондирилган. Жамият даъвосига кўра, 20га яқин оила истиқомат қилиб келган ер майдони аслида шу жамиятга қарашли ва аҳоли уйлари ноқонуний равишда қурилган.

"Одамлар ўзбошимчалик билан уй қуриб олишган. Уларни 2011 йилдан бери огоҳлантиришган, ер участкаси беришган, лекин чиқиб кетишмади. Ҳозир суд қарори билан аҳоли "Сараён" маҳалла фуқаролар йиғинидаги қўшни қишлоқдан ер билан таъминланди. Уйларни бузиб, ундан чиққан қурилиш материаллари текинга участкага ташиб берилаяпти. Қурби етмаганларга фундамент учун шағал, бетон берамиз, деган ҳоким. Қўлдан келганча, ёрдам берилаяпти-ку?!" деди исмини ошкор қилмаётганимиз мутасадди.

Ундан олинган маълумотга кўра, Кари қишлоғи аҳолиси ноқонуний равишда қуриб олган уйлар тегишли тартибда расмийлаштирилмаган ва шу боис, ҳозир уларга давлат ғазнасидан товон пули беришнинг имкони йўқ:

"Кадастр ҳужжати йўқ, бу уйларда. Уларнинг кўпчилиги шу парранда фабрикасининг ишчилари ўзи. Уларга бюджетдан пул беришнинг имкони йўқ. Мана ҳозир районда яна бир неча уйлар бузиладиган бўлди, уларга бюджетдан 80-90 миллион сўмдан пул ажратиляпти, чунки кадастри бор", дея аниқлик киритди Когон туман ҳокимлиги расмийси.

Кари қишлоғи аҳли номидан боғланган манбага кўра, қишлоқ парранда фабрикаси қурилмасидан аввал ҳам бўлган ва аҳоли ўз уйларининг расмийлаштирилмай қолганида маҳаллий ҳокимият идораларини айбламоқда.

"Уларга ҳеч ким айтмаган, қишлоқ аҳолисида! Лекин, ҳокимият келиб айтиши керакмасми, ахир?! Ҳозир энди қуруқ ер бериб, уйларини бузиб ташлади. Тўғри, тумандан ўқитувчи (? - Таҳр.) ва солдатлар келиб, уйидан чиққан ғиштини текинга ташиб бераяпти. Лекин, шу билан уй қуриш мумкинми?! Бунинг устига боғлар, иссиқхоналари бор эди қишлоқдагиларнинг, ҳовлилари кенг-кенг эди", дея ҳокимият жавобига муносабат билдирди когонлик манба.

Расмий маълумотга кўра, Кари қишлоғидаги 15 тадан ортиқ уйда 20 дан ортиқ оила истиқомат қилган ва аҳоли сони 100 га яқин бўлган. 2011 йилдаги воқеадан сўнг ўндан ошиқ хонадонга ер участкаси берилган ва айрим оилалар уйларини қуриб бўлишган. Аммо, Кари қишлоғи аҳли кўчишни истамай келган, чунки, ҳозир яшаб турган участкаларида камида 15-20 сотихдан ер майдони, бунёд қилинган боғ ва айрим хонадонларнинг иссиқхоналари ҳам бор.

Озодлик манбаси ва туман ҳокимлигидан олинган жавоблар мазмунидан, қишлоқ аҳлининг бу ҳудудда яшаши ва уйлар қуришига собиқ совет даврида - 1970 йилларда парранда фабрикаси раҳбарияти томонидан рухсат берилган. Собиқ совет иттифоқи қулагач, фабрика ва заводлар ишчилари учун ажратилган уйлар, аксарият ҳолларда, ишчиларга хатлаб берилди. Аммо, афтидан Кари қишлоғи аҳолиси мустақиллик йилларида эътибордан четда қолиб кетган кўринади.

2011 йилга келиб, бирдан қишлоқ ерига эҳтиёж сезилган ва натижада, оилаларни бу ҳудуддан чиқариб юборишга эришган "Бухоро наслли парранда"​ очиқ акциядорлик жамиятидан ҳозирча маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Бу ташкилот Бухоро вилоятидаги йирик парранда фабрикаларидан бири ҳисобланади ва кунига 50 минг донага қадар тухумни сотувга чиқаради.

XS
SM
MD
LG