Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:25

Ўзбекистон “Глобал қуллик индекси”да 47-ўриндан 5-ўринга кўтарилди


Ўзбекистонлик талабалар пахтазорларда пахта термоқда.
Ўзбекистонлик талабалар пахтазорларда пахта термоқда.

Бош қароргоҳи Австралияда жойлашган Walk Free Foundation халқаро ташкилотининг “Глобал қуллик индекси” " (Global Slavery Index) деб номланган ҳисоботида Ўзбекистон 167 давлат орасида бешинчи ўринни эгаллади. Мазкур ташкилотнинг 2013 йилда эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон 47-ўринда эди.

“Глобал қуллик индекси”(Global Slavery Index) ҳисоботида Ўзбекистон замонавий қулликка мажбурланган одамлар сони бўйича 167 давлат орасидан 5-ўринга муносиб топилди. Аҳоли жон бошига бўлиштирилганида эса Ўзбекистон замонавий қуллар сони бўйича Шимолий Кореядан кейинги иккинчи ўринни эгаллаган.

Walk Free Foundation халқаро ташкилотининг 31 май куни эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистондаги вазиятга мана шундай баҳо берилган. Ҳисоботда айтилишича, бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 4 фоизи, яъни 1 миллион 230 минг фуқаро қуллик шароитида яшашга мажбур бўлмоқда.

Тадқиқот муаллифларига кўра, “замонавий қуллик”, дейилганида мажбурий меҳнатга жалб қилиш, одам садоси, жинсий хизмат кўрсатишга мажбурлаш, мажбурий никоҳ назарда тутилади.

Walk Free Foundation раиси Эндрю Форрест Озод Европа-Озодлик радиосига берган суҳбатида Ўзбекистон ҳукумати пахтазорларда мажбурий меҳнатдан фойдаланиш тизимини жорий этгани учун ҳам индекснинг шармандали бешлигига киритилганини айтди:

- Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ҳукумат томонидан рағбатлантирилади, бу айниқса пахта саноатида яққол сезилади. Ҳукумат касалхоналарда, мактабларда ва бошқа соҳаларда ишловчи одамларни пахта етиштиришга ёки пахта теришга сафарбар қилади. Бунинг учун у одамларга компенсация тўламайди, пахтага чиқишдан бош тортганлар эса жазоланади. Бу замонавий қуллик сифатида тавсифланади, -деди Эндрю Форрест.

Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнат расмий сиёсат эканини инкор қилиб келади. Тошкент расмийларининг билдиришича, фуқароллар ихтиёрий равишда хашар йўли билан пахта етиштириш ва теришга чиқади. Бу билан улар гўёки ўз фуқаролик масъулиятларини бажаришга ҳаракат қиладилар.

“Глобал қуллик индекси” ҳисоботида Ўзбекистон ҳукумати халқаро ташкилотлар босими остида “вазиятни яхшилашга ҳаракат қилаётгани” ҳам эсга олинган. “Бироқ шунга қарамай 2015 йилда пахта теримига 1 миллиондан ортиқ одам мажбуран жалб қилинган”, дейилади ҳисоботда.

- Ўзбекистон марказий ҳукумати пахта саноатидан тушган фойдани ўзи истаганидай бўлиштиради. Бу фойдани келтирган одамлар, яъни пахта етиштирганлар ва уни терганлар бу фойдани бўлиштиришда ҳеч қандай ҳуқуқларга эга эмаслар, - деди Эндрю Форрест.

2013 йилдаги “Глобал қуллик индекси”да Ўзбекистон глобал миқëсда қуллик кучайган давлат деб топилган ва 47- поғонага қўйилган эди. Ўтган уч йил давомида Ўзбекистон бу индексда 42 поғона юқорига кўтарилган.

Ҳисоботда Ўзбекистондан олдинги тўрт ўрин Ҳиндистон, Хитой, Покистон ва Бангладешга берилган. Қиёслаш учун айтадиган бўлсак, индексда Россия 16-, Тожикистон 19-, Қозоғистон ва Қирғизистон 25-, Туркманистон 37-ўринларга қўйилган.

Халқаро ташкилот бугунги кунда бутун дунёда 45 миллион одам қуллик шароитида яшаётганини эълон қилган. Эндрю Форрестнинг маълум қилишича, 2014 йилдан бери дунёда “замонавий қуллар” сони 10 миллион одамга кўпайган.

XS
SM
MD
LG