Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:40

Ўзбекистон Мустақиллик Декларацияси қабул қилинганига 30 йил тўлди


20 июнь – Ўзбекистон Мустақиллик Декларацияси қабул қилинган кун. Бундан 30 йил олдин қабул қилинган бу тарихий ҳужжат тўғрисида Ўзбекистонда одатда гапирилмайди, у умумхалқ байрами сифатида нишонланмайди.

Каримов мустақиллик декларациясига қарши бўлган

Ўзбекистон Халқ ҳаракати раҳбари¸ Ўзбекистон Эрк демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ Озодлик билан суҳбатда ўша пайтда ҳам иқтидорда бўлган Ислом Каримов ва унинг сафдошлари декларация қабул қилинишига жиддий қаршилик қилганини эслайди.

Жуда катта қаршилик бўлди. Хусусан, Ислом Каримовнинг ўнг қўли ҳисобланган Ўзбекистон Марказқўмининг рус секретари Ефимов жуда катта қаршилик кўрсатди. Тақдим қилингандан кейин овозга қўйилишидан олдин матн таҳрири устида ишлаш учун Мирсаидов бошлиқ Эркин Воҳидов, Нурали Қобил ва бошқалар ичкарига кириб кетди. Улар бироз ҳаяллади. Улар тезда олиб чиқиши керак эди. Матн устида деярли ҳаммамиз келишиб олган эдик. Мен булар нимага кечикяпти, деб кирсам матн олдида Мирсаидов ўтирибди. Сал нарироқда Эркин Воҳидов ва Нурали Қобил гаплашиб турибди. Юзларида хавотир бор эди.

Мен Мирсаидовдан нима бўлаётганини сўрасам, у секин Ефимовга ишора қилиб, ўша қаршилик қилаётганини айтди. Ефимов Москвага қўнғироқ қиляпти. “Булар хоинлик қиляпти. Бу ерни националистлар эгаллаб олган. Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилмоқчи”, деб очиқ текстда айтяпти. Кейин у телефонни қўйиб бизнинг яқинимизга келди.

Мен унга: “Ўзбекистон сизнинг конституциянгизда ҳам суверен мустақил жумҳурият. Сизнинг бизнинг ишимизга аралашишга нима ҳаққингиз бор?”, деб очиқдан-очиқ гапирдим. “Унда билганларингизни қилинглар”, деб қизариб ўрнидан туриб кета бошлади. Ўша пайтда Каримов кириб келди. У: “Нима бўлди? Яна жанжал қиляпсизларми?” деди”¸ деб эслайди “Эрк” партияси етакчиси, Мустақиллик декларацияси матни устида чиққан мунозаранинг бевосита иштирокчиси Муҳаммад Солиҳ.

Мустақил Ўзбекистон президентининг расмий таржимаи ҳолида: “Ислом Каримов 1991 йилнинг 31 августида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини эълон қилди”, деб ëзилган.

Ўзбек халқи учун олий неъмат бўлмиш мустақиллик учун халқ унга, яъни Ислом Каримовга миннатдорлик айтиши, бу ютуқ бевосита унинг номи билан боғлиқлиги расмий матбуотнинг севимли ва асосий мавзусига айланган.

— Президент, мен очиқ айтишим мумкин, том маънода у ердан қочиб кетди. Президент декларация овозга қўйилаëтганда ҳам кулис орқасида юрди ва у ерда доим провокация қилиб турди. У парламент буни қабул қилмаслигини очиқ истади”, дейди Муҳаммад Солиҳ.

Демократик парламент меваси

Муҳаммад Солиҳ 27 йил давомида давлат матбуоти «ўзбек халқига мустақиллик ҳадя қилган президент» дея тақдим этилган Ислом Каримовнинг 1990 йил 20 июнда қилган саъй-ҳаракатларини эслар экан¸ ўшандаги халқ вакиллари орасидаги руҳ Москвадан қўрқувдан кўра кучлироқ бўлганини эслайди.

Лекин парламентнинг 100 дан 95 фоизи биз тарафда эди. Ҳатто руслар ҳам қўл кўтариб овоз берди. Овозга қўйилиб қабул қилингандан кейин ўша куниëқ Каримов соат 6 ларга яқин Тошкентдан Андижонга кетди. У Москвадан қўрққанидан қочиб кетди. Москва буни эшитиб, мени Компартия секретарлигидан олади, деб қўрққан. Бошқа бир сабаби йўқ¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.

1990 йили Марказий телевидение мухбири билан суҳбатда Ислом Каримов “Бизга мустақиллик керак эмас¸ биз иккита қоп ичидаги республикамиз¸ ҳолимиз танг бўлади» деган эди.

Марказий телевидение мухбири айни кўрсатув доирасида Муҳаммад Солиҳдан ҳам фикр сўраб¸ «Ўзбек халқи мустақилликка тайëрми?» деган саволни қўяди.

“Қамоқдаги одам озодликка қанча ташна бўлса¸ биз ҳам шунчалик мустақилликка ташнамиз”¸ деб жавоб қайтарган эди Муҳаммад Солиҳ.

1990 йилги Олий Кенгашда мустақил депутат бўлган Абдувоҳид Паттаев 20 июн кунги декларация ҳақида эслаб: “Бу мустақилликка қараб босилган илк қадам эди. СССР республикалари ичида биринчи бўлиб кўтарилган масала эди. Ўзбекистоннинг кейинги Мустақиллик декларацияси асосини биз қабул қилган 20 июндаги декларация ташкил қилди”, деган эди.

Миллат байрами

Муҳаммад Солиҳ 1990 йил 20 июнни ўзбек халқининг ҳақиқий мустақилликка эришган куни, деб билади.

1991 йил 31 августда эълон қилиниб¸ 1 сентябрь куни нишонланадиган кундан фарқли ўлароқ, уни бир киши халқ миннатдор бўлиши учун ҳадя қилгани йўқ. Бу мустақилликка халқнинг ўзи эришган»¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.

Ҳеч шубҳасиз, 20 июнда қабул қилинган Мустақиллик декларацияси халқнинг қабул қилинган ҳақиқий декларацияси эди. Чунки 31 августда қабул қилинган декларация бу ўша хунта йиқилгандан кейин, Совет Иттифоқи тарқаб бўлгандан кейин мажбуран, зўраки қабул қилинган декларация эди. Бу 20 июнда қабул қилинган декларацияни рад этиш, дегани эди. Биз зотан мустақил эдик.

Иккинчи марта мустақилликни қабул қилиш 20 июнда биз мустақил бўлмадик, деган гапни тан олиш эди. Мен буни тарихий жиноят ҳисоблайман. Чунки халқ қабул қилган мустақилликни рад этиб, 1991 йил март ойида референдумда қатнашиш, кейин 31 августда иккинчи марта Мустақиллик декларациясини қабул қилиш, албатта, сиëсий шармандаликдан бошқа нарса эмас. Бу режим кетгандан кейин халқ ўз байрамини қутлайдиган кунлар келади. 20 июн миллатимизнинг миллий байрамидир”, дейди Муҳаммад Солиҳ.

1990 йил 20 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Мустақиллик декларацияси ўша пайтда бош муҳаррири Ҳалима Худойбердиева Олий кенгаш депутати бўлган «Саодат» журналида эълон қилинган эди.

Каримов ўлимидан кейинги ўтган даврдаги ўзбек матбуоти ва расмийлари ҳам бу кунга беписандлик билан қарашда давом этаëтгани кўзга ташланади.

"Вақти келиб айнан 20 июнь куни Мустақиллик байрами сифатида нишонланишига ишонаман"¸ дейди бу декларация учун 30 йил олдин овоз берган собиқ депутат Дадахон Ëқубов.

Таниқли журналист Дадахон Ëқубов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:34 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG