Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:38

Қирғизистон Олий Суди Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқади


Азимжон Асқаров қамоқхонадаги камерасида.
Азимжон Асқаров қамоқхонадаги камерасида.

Қирғизистон Олий Суди шу йилнинг 11 июлидан бошлаб Ўш воқеаларида айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган этник ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқишни бошлайди. Апрель ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Асқаровни қамоқдан бўшатиш ва унга нисбатан суд ҳукмини бекор қилиш талаби билан чиққан эди.

Қирғизистон Олий Суди Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:59 0:00

Қирғизистони Олий Суди матбуот котиби Айнура Тўктўшева Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш юзасидан унинг адвокатлари мурожаат қилгани ва Олий Суд бу илтимосни қаноатлантирганини айтди:

-Олий Судга ишга боғлиқ янги тафсилотлар пайдо бўлгани туфайли жиноят ишини қайта кўриб чиқиш юзасидан адвокатлар ва Асқаровдан ариза келиб тушди. Олий Суднинг жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича коллегияси Асқаров ишини 11 июлда қайта кўриб чиқишни бошлайди. Суд жараёни очиқ ўтказилади, - деди Айнура Тўктўшева.

21 апрель куни Асқаров ишини кўриб чиққан БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси "Азимжон Асқаров озод қилиниши лозим" деган қарорга келган эди.

Қўмита матбуот хизмати вакили Лиз Троссел Асқаровнинг озодликка чиқиши учун қуйидагича асослар борлигини айтган эди.

- БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитаси Қирғизистонда қамоқда сақланаётган сиёсий фаол ва журналист Азимжон Асқаровни озод қилишга чақирди. Чунки у ноқонуний қўлга олиниб, ҳибсхонада чидаб бўлмас шароитда тутилгани, қийноқ ва аёвсиз муомалага дучор бўлгани учун маҳкамада ўзини ҳимоя қилишга унда етарли ҳозирлик кўра олиш имкони бўлмаган, - деди Лиз Троссел.

Бишкеклик ҳуқуқ фаоли Тўлайкан Исмаилова Қирғизистон ҳукумати халқаро мажбуриятларидан келиб чиққан ҳолда БМТ қарорини бажаришга мажбур эканини айтди:

- Бу инсонга қарши ҳукумат қувғин ва босимнинг барча воситаларини қўллаган. Ноқонуний қамоққа олган, қийноқларга солган. Олти йилдан бери унга нисбатан ўтказилган бирорта суд жараёни адолатли ўтган эмас. БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси айтганидай, уни сўзсиз равишда қамоқдан озод қилиш керак. Биз Олий Суд қарорини сабрсизлик билан кутамиз. Бу суд бугунги ҳукумат ҳақиқатни тан олишга қодир ёки қодир эмаслигини кўрсатувчи имтиҳон бўлади, - деди ҳуқуқ фаоли.

Айни пайтда Асқаровни айбдор деб ҳисобловчилар ҳуқуқ фаоли қамоқдан бўшатиладиган бўлса норозилик митингларига чиқишларини айтмоқдалар. Уларнинг фикрича, Азимжон Асқаров Ўш воқеалари пайтида тартибсизликларни уюштиргани ва бир милиция ходимини ўлдиришда иштирок этгани аниқ исботланган.

Азимжон Асқаров иши тергов қилинаётган пайтда Қирғизистон Бош прокурори бўлган Кубатбек Байболов ҳам Азимжон Асқаров қамоқдан чиқарилиши керак, деган фикрга қарши эканини айтди. Бироқ собиқ Бош прокурор Асқаров иши қайта кўрилиб, унга нисбатан енгилроқ жазо чораси қўлланилиши лозим, деб ҳисоблайди.

- Азимжон Асқаровни озод қилиш керак деган фикрга қўшила олмайман. Бироқ иш қайта кўриб чиқилиши керак, деб ҳисоблайман. Албатта, Асқаровнинг ўша пайтдаги ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлган. Лекин бу ҳаракатларга умрбод қамоқ жазоси берилиши қонунда назарда тутилмаган. Мен Асқаровга умрбод қамоқ жазоси берилишига қарши бўлганман, унга 20-25 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси берилиши керак эди, -деди Кубатбек Байболов.

Ўн йил давомида ҳуқуқ-тартибот идораларидаги коррупция, қийноқ ва ноқонуний ҳаракатларга қарши курашиб келган Азимжон Асқаров 2010 йилдаги Ўш воқеаларидан сўнг тартибсизликларни уюштириш ва одам ўлдиришда айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Халқаро ташкилотлар, БМТ, Европа Иттифоқи ва АҚШ Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонилишини билдириб, олти йилдан бери Қирғизистон ҳукуматини Азимжон Асқаровни қамоқдан озод қилишга чақириб келади.

2015 йил ёзида АҚШ Давлат департаментининг “Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси” мукофоти Азимжон Асқаровга топширилиши ортидан Қирғизистон ҳукумати норозилик тариқасида Вашингтон билан имзоланган ҳамкорлик шартномасини бекор қилган эди.

XS
SM
MD
LG