Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:34

Ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновнинг жазо муддати яна узайтирилди


Қамоқдан 2014 йилда чиқарилиши кутилган ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновнинг жазо муддати яна узайтирилди. Маҳбуснинг яқинларига ҳозирча суд ҳукми тақдим этилмагани боис, жазо муддати қанчага узайтирилгани маълум эмас. Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси расмийси эса Озодлик радиосига Ғанихон Маматхоновнинг қамоқ муддати яна уч йилга узайтирилганини маълум қилди.

Ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновнинг ўғли Жамолхон 28 июнь куни Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда отасига нисбатан ҳукм Навоий вилоят Қизилтепа туман суди томонидан 31 май куни чиқарилганини айтди.

- Кеча Жазони ижро этиш бош бошқармасига кирган эдим. Улар:”Неча йил берилганини ўзинглар бориб, гаплашиб билиб келасизлар”, деб жавоб беришди. Неча йил берилгани аниқ эмас. Навоий судидан менга хат келди. Ўша хатни ўқиб берай. “Ушбу орқали жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди қариндошларингиз Ғанихон Маматхоновга нисбатан 2016 йилнинг 31 май кунида ажримга асосан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилганини маълум қилади. Навоий шаҳар жиноят ишлари бўйича суди судьяси”, деб ёзилган,- деди Жамолхон Маматхонов.

“Озодлик”нинг Ғанихон Маматхонов тақдири борасидаги саволига изоҳ берган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси навбатчилик қисми ходими ҳуқуқ фаолига нисбатан жазо муддати 3 йилга узайтирилганини маълум қилди.

“Ўзбекистон жиноят процессуал кодекси талабларига мувофиқ, сиз Маматхонов сақланаётган муассаса ёки судга мурожаат қилишингиз мумкин. Ўша ерда сизга маҳкумнинг жиноят иши тафсилотлари, нимада айблангани ва эпизодлар ҳақида маълумот беришади”, деди Ўзбекистон ИИВнинг ЖИЭББ навбатчиси.

Қамоқхонада 63 ёшини қаршилаган Ғанихон Маматхонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168- моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора бериш) билан 2009 йилнинг 12 октябрида ҳибсга олинган ва ўша йилнинг 25 ноябрида жиноят ишлари бўйича Охунбобоев тумани суди ҳукми билан 5 йил 2 ойга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Зарафшондаги 48-колонияда сақланган Ғанихон Маматхоновнинг мазкур ҳукм бўйича жазо муддати 2014 йил 10 март куни якунланиши лозим эди. Бироқ 2014 йилнинг 17 мартида жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди ҳукми билан Ғанихон Маматхоновнинг жазо муддати 2,5 йилга узайтирилган ва маҳбус Навоийдаги Қизилтепа қамоқхонасига кўчирилган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармасидан олинган маълумотга кўра, бугунги кунда Ғанихон Маматхонов Самарқанд вилоят Каттақўрғон шаҳридаги 7-сонли тергов изоляторида сақланмоқда.

Тошкентдаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти фаоли Абдураҳмон Ташанов Ғанихон Маматхоновнинг жазо муддати яна узайтирилганига муносабат билдирар экан, қуйидагиларни айтди:

- Кейинги пайтларда фуқаролик жамияти фаоллари халқаро муносабатларнинг гаровларидан бирига айланиб қолди. Тошкентга Ғарбдан бирорта мулозим келадиган бўлса, унинг шарафига бирор бир маҳбус озод қилинади ва бу гўёки бир прогрессив қадам сифатида кўрилади. Лекин Ўзбекистонда фуқаролик жамияти вакилларига нисбатан ўзгача муносабат сақланиб қолинмоқда. Масалан, Ғанихон Маматхонов Ўзбекистон қонунларига биноан аллақачон қамоқдан озод қилиниши лозим эди. Ўзбекистон ҳукумати ўтган йилда кексаларни эъзозлаш давлат дастурини эълон қилди. Дастурга мувофиқ қонунларга киритилган ўзгартишлар асосида олтмиш ёшдан ошган маҳбуслар қамоқдан озод қилиниши керак эди. Лекин Ғанихон Маматхоновга нисбатан бу қонунлар ишламаяпти, - деди Абдураҳмон Ташанов.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновнинг номи бир неча йилдан буён маҳаллий ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳисоботларида Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар қаторида зикр этиб келинади. Ғанихон Маматхоновнинг ҳимояси учун жаҳон бўйича 178 та ташкилот аъзо бўлган ва қароргоҳи Парижда жойлашган Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси (FIDH) курашиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG