Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:45

Ўзбекистонга Қирғизистондан 110 метрли ерости йўли қазиган шахс қўлга олинди


Ўзбек-қирғиз чегарасини тиконли сим билан тўсаётган чегарачилар.
Ўзбек-қирғиз чегарасини тиконли сим билан тўсаётган чегарачилар.

Жорий йил март ойида Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараларининг ёпилишига сабаб бўлган ерости туннелини қазиган одам топилиб, ҳибсга олинди. Қирғизистондан Ўзбекистонга қазилган чуқурлиги 7 метр, узунлиги 110 метрли мазкур туннелни дастлаб 17 март куни Ўзбекистон чегарачилари топган ва бу ҳақда Қирғизистон томонини огоҳлантирган эди.

Ўзбекистонга ер ости йўли қазиган Қирғизистоннинг Боткен вилоятида яшовчи фуқаро ҳибсга олинди. Боткен вилоят суди томонидан тарқатилган хабарда айтилишча, ҳибсга олинган 25 ёшли йигитга бир қатор айбловлар билдирилган.

Қўлга олинган шахснинг исми тергов манфаатларидан келиб чиқиб сир тутилмоқда.

"Мазкур шахс чегара олди ҳудудида жойлашган ўз уйи ҳовлисидан Қирғизистон ва Ўзбекистон чегараси ўтган ер остидан туннель қазаганликда, туннель орқали қўшни давлат ҳудудига контрабанда маҳсулотларини ўтказиб келганликда айбланмоқда”, -дейилади хабарда.

Бундан ташқари қўлга олинган шахсга нисбатан миграция қонунчилигини бузиш ҳамда бож тўловларини тўлашдан бўйин товлаш каби айбловлар ҳам билдирилган.

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани Қирғизқишлоқдаги бир уйдан Олтиариқ тумани Бўрбалиқ қишлоғидаги уйга олиб ўтувчи ер ости йўли 17 март куни ўзбекистонлик чегарачилар томонидан ошкор қилингани ҳақидаги хабарлар 25 март куни тарқатилган эди.

Озодлик радиосига Олтиариқ туманидан олинган бу хабарни Фарғона вилояти ҳокимиятидаги манба ҳам тасдиқлаган. Манбанинг айтишича, чуқурлиги 7-8 метр келадиган ер ости туннелининг узунлиги 110 метр бўлган. Бу туннель чегаранинг икки томонида жойлашган аҳоли уйларини бир-бири билан боғлаган.

25 март куни Ўзбекистон Чегара хизматининг раиси Рустам Иминжонов қирғизистонлик ҳамкасби Раимберди Дуйшенбиевга бу туннелнинг Ўзбекистон томонидаги чиқиш жойини кўрсатгани ҳам айтилган.

Ўзбек чегарачилари раҳбарлари қирғиз ҳамкасбларига бу туннель орқали диний-экстремистик адабиётлар, контрабанда моллари ва қурол-яроғ ҳам олиб ўтилган бўлиши мумкинлигини билдирган.

Шундан сўнг Қирғизистон чегарачилари ва ҳуқуқ-тартибот тузилмалари қирғиз томонидан мазкур туннелни қидириш ишларини бошлаган.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг билдиришича, туннель тез орада топилганига қарамай, уни қазиган одам қўлга олинмаган, балки унинг ортидан кузатув ишлари олиб борилган. Чунки Ўзбекистон томони мазкур туннель орқали Фарғона томонларга экстремистлар ўтган бўлиши мумкинлигини ҳам иддао қилган эди.

Кузатувлар давомида бу иддао ўз тасдиғини топмаганидан сўнг, туннель эгасини қўлга олишга қарор қилинган. Мазкур иш бугунги кунда Қирғизистон миллий хавфсизлик хизмати томонидан тергов қилинмоқда.

Жорий йилнинг 18 март куни Ўзбекистон Қирғизистон билан чегараларини бир томонлама ёпган эди. Чегараларнинг ёпилишига мана шу туннелнинг топилгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Ўзбекистоннинг 18 март куни чегараларни ёпгани ҳамда икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига 2 БТР ва ҳарбийларини киритгани Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида кескинликни келтириб чиқарган.

XS
SM
MD
LG