Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:26

Чор Россияси ўзбек, қирғиз ва тожикларни қирғин қилганига юз йил тўлди


Подшо Николай Иккинчининг мардикор олиш тўғрисидаги Фармони.
Подшо Николай Иккинчининг мардикор олиш тўғрисидаги Фармони.

Самарқанд, Хўжанд, Сирдарё ва Фарғона водийсида 1916 йилнинг 4 июлида кўтарилган халқ қўзғолонлари ва бу исёнларнинг Чор Россияси томонидан аёвсиз бостирилганига 100 йил тўлди. Тарихчиларга таянилса, қўзғолонларни бостириш чоғида камида 500 минг киши қириб ташланган.

Чор Россиясига қарши 1916 йилда қўзғолон кўтаргани учун дорга осилган туркистонликлар. Қирғизистон давлат тарих музейидан олинган фотосурат.
Чор Россиясига қарши 1916 йилда қўзғолон кўтаргани учун дорга осилган туркистонликлар. Қирғизистон давлат тарих музейидан олинган фотосурат.

1916 йилда Марказий Осиёдаги халқлар Чор Россиясининг мардикор олиш сиёсатига қарши исён кўтарган эди. 1916 йил 25 июнда подшо Николай Иккинчи имзолаган Туркистоннинг рус бўлмаган миллатларидан мардикор олиш тўғрисидаги Фармонга қарши исён ўша йилнинг 4 июлида ўша пайтда Самарқанд вилоятига қарашли бўлган Хўжандда бошланган. Унда ўзбеклар, тожиклар, қирғизлар иштирок этган эди.

Тарихий ҳужжатларга таянадиган бўлсак, 1916 йилнинг июлида Самарқандда 25 та, Сирдарёда 20 та, Фарғона водийсида 86 та қўзғолон кўтарилган. Барча исёнлар Россия қўшинлари томонидан аёвсиз бостирилган. Чор ҳукумати исёнларни бостириш учун 1916 йилнинг 17 июлидан бошлаб Туркистон ўлкасида фақулодда ҳарбий ҳолат жорий этишга мажбур бўлган.

Исёнчиларга қарши 30 минг рус ҳарбийси пулемёт ва замбараклардан ўқ отган. Ёз охирларига бориб Самарқанд, Сирдарё вилоятлари ҳамда Фарғона водийсидаги исёнлар бостирилган.

Қирғиндан қочиб Хитойга кетаётган қирғиз оиласи.
Қирғиндан қочиб Хитойга кетаётган қирғиз оиласи.

Ўзбекистонда бу мавзу на тарихчилар, на фуқаровий жамият ва на ҳукумат томонидан эсланмаётир.

Ўзбекистонлик тарихчи олим¸ профессор Гога Ҳидоятов вафотидан бир оз олдин Озодлик радиосига берган суҳбатида 1916 йил воқеаларини бугунги кунда ўзбек тарихчилари ўрганишга қизқиш билдирмаётганидан афсусланишини айтган эди.

Гога Ҳидоятов билан суҳбатни тингланг.

Тарихчи олим Гога Ҳидоятов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:32 0:00
Бевосита линк

Қирғизистонлик тарихчи Қияс Молдокасимов узоқ йиллардан бери 1916 йилги қўзғолон тарихини ўрганиб келади. У мана буларни ёзади:

“Оқпошшонинг мардикор олиш тўғрсидаги Фармони 28 июнда Тошкентга етиб келди. Туркистон ҳудуди генерал-губернатори лавозимини вақтинча бажараётган генерал Ерофеев уни ўша куниёқ вилоятларга жўнатади. Туркистон халқига Фармон 29 июнь куни эълон қилинса-да, маҳаллий аҳоли унинг моҳиятини тушуниб етган эмас. Шунинг учун улар қўшни яшаган руслардан буйруқнинг моҳияти ҳақида сўрашган, русларнинг айримлари “сизлар немислар билан руслар уришаётган даланинг ўртасига бориб окоп қазасизлар”, айримлари “ у ерда сизларга чўчқа гўшти ейишни ўргатишади” каби тушунтиришларни берган. Бу гаплар ортидан маҳаллий аҳоли орасида вазият қалтислашган.

Иккинчидан, бошқа ерлардан кўчиб келган руслар маҳаллий аҳолининг ерларига кўз тиккан. Славян аҳолисининг вакиллари қўзғолон кўтарилишидан манфаатдор бўлган. Архив материаллари тасдиқлаб турганидай, қўзғолон кўтарган қирғизлар жазоланиб, уларнинг ерлари келгиндиларга бўлиб берилган”, деб ёзади тарихчи.

Тарихчи 1916 йилга бағишланган илмий мақолаларида Туркистонда исён кўтарилишини сезган Чор Россияси ҳукумати минтақанинг йирик шаҳарларидаги қўшинлари сонини кўпайтиргани ва кўчиб келган славян аҳолисига қурол тарқатилгани тўғрисида ҳам маълумотлар борлигини айтган.

Қияс Молдокасимовнинг ёзишича, Николай ИккинчиФармонини бажариш учун Сирдарё вилоятидан 87 минг, Еттисув вилоятидан 60 минг, Фарғона вилоятидан 50 минг, Самарқанд вилоятидан 38 минг мардикор олиш режалаштирилган.

Зиёевнинг “ Ўзбекистон мустақиллиги учун курашларнинг тарихи” асарида қайд этилишича, зўрлик билан уйларидан олиб чиқиб кетилган мардикорлардан 101 600 киши Россиянинг Европа қисмига, 4000 киши Сибирга, 7405 киши Кавказга жойлаштирилган.10 мингдан ортиқ киши Туркистон ўлкасида ишлатилган.

1916 йилда Россиядан Туркистонга кўчиб келган руслар маҳаллий аҳоли билан суратга тушмоқда.
1916 йилда Россиядан Туркистонга кўчиб келган руслар маҳаллий аҳоли билан суратга тушмоқда.

Мардикорлар очликдан, хўрликдан, машаққатли меҳнатдан мислсиз азиат чекдилар. Кўплари қаттиқ совуқдан, турли касалликлардан ўлиб кетдилар, ёки бир умрга ногирон бўлиб қолдилар.

1916 йилги халқ қўзғолонини бостириш ортидан Чор Россияси ҳарбийлари қанча одамни қириб ташлагани шу кунгача аниқ маълум эмас.

Қирғиз ва қозоқ тарихчилари замонавий Қирғизистон ва Қозоғистон ҳудудидагина 500 мингдан ортиқ одам ўлдирилгани ҳақида гапириб келадилар.

Қирғиз киночилари 1916 йил қўзғолони тўғрисидаги фильмни суратга олмоқда.
Қирғиз киночилари 1916 йил қўзғолони тўғрисидаги фильмни суратга олмоқда.

Қирғизистон президенти 2015 йилнинг 27 май куни Россия томонидан 1916 йилда қирғизларнинг оммавий қатлиом қилинганининг 100 йиллигини хотирлаш ва нишонлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган.

Қирғиз тарихчиларининг бир қисми ва фуқаролик жамиятининг айрим вакиллари 1916 йил воқеаларини геноцид деб тан олишини ва Россия бу қирғин учун товон пули тўлашини талаб қилиб келади.

XS
SM
MD
LG