Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:14

Екатеринбург прокуратураси полицияга мигрантларни қўлга олишни тақиқлади. Аммо...


Екатеринбург прокуратураси маҳаллий полицияга шаҳарда меҳнат қилаётган муҳожирларни оммавий тартибда полиция бўлимларига олиб келишни тақиқлади. Шаҳар прокуратураси ҳуқуқ ҳимоячиларининг 1041 мигрантнинг полицияга келтирилиши ортидан қилган арзи асосида текширув ўтказилганини билдирди.

Екатеринбург прокуратураси “Нолегал мигрант” махсус амалиёти давомида меҳнат муҳожирларининг оммавий қўлга олиниб, полиция бўлимларига келтирилишини ноқонуний эканига эътибор қаратди.

Прокуратура полиция ходимларидан хорижликларни асоссиз тўхтатиб, “ҳужжат текшируви” баҳонасида полицияга олиб келтиришни бас қилиш кераклиги тўғрисида махсус қарор ҳам чиқарди.

Свердловск вилоят полиция бўлимида бу текширувлар маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббуси билан ўтказилганини тасдиқлашди.

“Екатеринбург прокуратураси томонидан жаноб Башков В.А.нинг Екатеринбург шаҳри ИИБси ходимларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари устидан қилган мурожаати асосида текширув ўтказилди. Ноқонуний миграциянинг олдини олиш мақсадида олиб борилган амалиётлар давомида полиция бўлимларига 1041 хорижлик

А.Швидченко хати. "Новый день" нашри фотоси.
А.Швидченко хати. "Новый день" нашри фотоси.

келтирилган, жумладан 210 киши маъмурий қонунбузарликлар, 19 киши Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 322.3, 327, 158, 162 моддалари асосида, 812 шахс полицияга қонунда белгиланган асосларсиз келтирилгани маълум бўлди”, дейилади Екатеринбург прокуратураси хулосасида.

Текширувчиларнинг бу қарорига биноан, Свердловск вилоят полиция бошқармаси бошлиғи муовини А.Ю.Швидченко имзоси остида шахсий таркиб ходимлари орасида махсус тушунтириш ишлари кучайтирилиши лозимлиги ва полиция бўлимларига одамларни асоссиз олиб келиш амалиётлари тўхтатилиши талаб қилинган ҳужжат оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлди. Полициячиларга, шунингдек, “Полиция тўғрисида”ги Федерал Қонунни яхшилаб ўрганиб чиқиш тавсияси берилди.

Свердловск вилоят полиция бошқармасида Озодлик сўровига прокуратура тавсияси маҳаллий журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан нотўғри талқин этилганини билдиришди.

- Бу маълумот прокуратура хабарининг янглиш тарзда талқинидир. Аслида ҳеч ким ҳибс этилмаган – одамлар полиция бўлимларига шахсини аниқлаш мақсадида келтирилган. Бўлимларга асосан ҳужжати йўқлар олиб келинган. Шахслари аниқлангандан кейин мигрантлар қўйиб юборилди – уларни ҳеч ким чертгани ҳам йўқ! Шунчаки, маҳаллий жамоатчилик комиссиясига навбатдаги маротаба сайланишни истаган баъзи бир ҳуқуқ ҳимоячилари бу мавзуни кўтариб, масалани кўпиртирди. У прокуратурага мурожаат қилибди, прокуратура эса нимадир жавоб қайтариши керакку! Улар бизни “бечора муҳожирларни ушлаётган ирқчи полициячилар” сифатида намоён қилаётир, деди Свердловск вилоят полицияси бошқармаси вакиласи подполковник Нина Пелевина.

Айни пайтда, полициянинг нолегал меҳнат қилаётган муҳожирларга қарши қаратилган оммавий текширувлари устидан Екатеринбург прокуратурасига Свердловск вилоят Жамоатчилик кузатувчи комиссияси аъзолари шикоят қилгани маълум бўлди.

Екатеринбургдаги полиция “зачистка”лари асосан масжидлар, бозорлар, омборлар ва озиқ-овқат базаларида олиб борилиши аниқланган. Ҳуқуқ ҳимоячилари шу йилнинг 20 май куни Екатеринбургнинг Репин кўчасидаги шундай амалиёт вақтида жума намозига йиғилган юзлаб муҳожир ҳужжати текширилишига қарамасдан, уларнинг аксари бўлимларга келтирилганини хабар қилди.

Олиб борилган текширув давомида бўлимларга келтирилган атиги 10 фоиз муҳожиргина Россияда юриш-туриш қоидаларини бузгани учун жавобгарликка тортилаётгани маълум бўлди.

Екатеринбург прокуратураси расмий вакиласи Марина Канатова Озодлик билан суҳбатда идора маҳаллий полиция ҳатти-ҳаракатлари устидан ҳайфсан эълон қилганини тасдиқлаб, аммо бу “бундан буён полиция текширувлари батамом тўхтатилди” дегани эмаслигини тушунтиришга уринди:

- Прокуратура полицияга мигрантларга нисбатан бирор амал қилмасликни тақиқлагани йўқ. Гап шундаки, сиз гапираётган тавсиянома ўтказилган айнан бир амалиётга тегишли эди. Шаҳар прокуратураси полиция бўлимларига 1 мингдан зиёд муҳожирни келтирилиши юзасидан текширув ўтказди. Уларга “Полиция тўғрисида”ги қонун бузилгани кўрсатилди. Аммо прокуратура полицияга мигрантларни текширишни ман этгани йўқ, дея таъкидлади прокурор Марина Канатова.

2016 йилнинг июнь ойига берган ҳисоботида Свердловск полицияси “Нолегал мигрант” амалиётлари давомида 7 мингдан ортиқ одамнинг ҳужжатлари текширилиб, Россия миграция қонунларини бузган 700 киши аниқлагани ва улардан 134 нафари депортация қилинганини эълон қилди.

Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам меҳнат муҳожирлари ва хориж фуқароларини “қора рўйхатдан” текшириш учун оммавий тартибда полиция бўлимларига олиб келиш одат тусига киргани тўғрисида Озодлик кўп маротаба хабар берган.

XS
SM
MD
LG