Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:39

Россияда ўзбекистонлик талабалар сони кўпаймоқда


Россия расмийларига кўра, мамлакатга билим олиш мақсадида келаётган ўзбекистонликлар сони кўпаймоқда. Биргина Татаристоннинг Қозон Федерал Университетида ўзбекистонлик талабалар сони жорий йилда қарийб 500 нафарга етган.

Ҳозирда ўрта мактабни битираётган Ўзбекистон ёшлари Россияга нафақат мардикорлик, балки билим олиш учун ҳам отланмоқда.

Россия расмийларига кўра, мамлакатга билим олиш мақсадида келаётган ўзбекистонликлар сони кўпаймоқда.

Биргина Татаристоннинг Қозон Федерал Университетида ўзбекистонлик студентлар сони жорий йилда қарийб 500 нафарга етган.

Бундан бир неча йил олдин ушбу билимгоҳда ҳаммаси бўлиб 20га яқин ўзбекистонлик талаба таҳсил олгани айтилади.

Ўзбек ёшлари Россия ўқув юртларини танламоқда

Россия Фан ва таълим вазирлигига кўра, чет эллик талабаларнинг 70 фоизи МДҲ ватандошларидан иборат.

Ўтган йилги кўрсаткич бўйича Россия олийгоҳларида 17 минг Ўзбекистон ватандоши таҳсил олмоқда.

Сон жиҳатдан ўзбекистонликлар қозоғистонликлардан (27,5 минг) кейин иккинчи ўринда туради.

Татаристон Федерал Университети қабул комиссиясининг масъул секретари Сергей Ионенконинг “Озодлик”ка айтишича, талаба бўлиш умидида ҳужжат топширган чет элликлар орасида ўзбекистонликлар рекорд ўрнатган.

- Ҳозирга келиб 1400 нафар ўзбекистонлик Университетимизга ҳужжат топширган. Бу бизни Университет бўйича рекорд ҳисобланади. Уларнинг аксарияти шартнома асосида билим олмоқчи. Ўқиш нархи, танланган касбига қараб, 80 мингдан то 170 минг рублга тенг, деб айтди Сергей Ионенко.

Татаристон Федерал Университети расмийларига кўра, ўзбекистонликлар асосан нефт ишлаб чиқариш, гелогия ва тиббиёт соҳаларини танлашади.

Россия ўқув юртларида талабалар асосан шартнома асосида, пул тўлаб ўқишади. Бироқ, квота бўйича давлат ҳисобида таҳсил олиш имконияти ҳам мавжуд.

Ҳар йили Россия олий ўқув юртларида бепул ўқиш учун танлов эълон этилади. Квота танловига 200 га яқин турли мамлакат ватандошлари қатнашишлари мумкин.

Ҳар йили танлов натижалари Россия ҳукматига тегишли “Россотрудничество” интернет сайтида эълон қилинади.

Жорий йилда Россия олийгоҳларида бепул ўқиш учун 15 минг хорижликка квота белгиланган.

Улар учун энг куп квота МИФИ (Москва муҳандислик- физика институти), МИСиС (Москва пўлат ва қотишма институти), РУДН (Россия халқлар дўстлиги университети), МФТИ (Москва физика-технология институти) Қозон Федерал университети, шунингдек Санкт-Петербург, Томск , Новосибирск университетларига ажратилган.

Нима учун Россия?

Яқинда Москвадаги РУДН (Россия халқлар дўстлиги университети)ни битирган ўзбекистонлик Гулноза Зияутдинова ушбу билимгоҳда ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

У ўзбекистонликларни Россия ўқув юртларини танлаш сабабларини шундай тушунтиради :

- Биринчидан Россияни бизга яқин бўлгани. Лекин аввал келганимда ўзимиздаги ва бу ердаги олий ўқув юртлари орасида катта фарқни сезмагандим. Рус тилини яхши билсангиз ўқиш енлилроқ. Мисол учун РУДЕН Университети берган дипломни 159 малакатда қабул қилинади. Яна имтиҳон топшириб, дипломни инглиз тилида ҳам олиш мумкин, деди Гулноза.

Ўз навбатида кузатувчилар хорижий студентлар йўлиқаёткан муаммолар ҳам кам эмаслигига ишора этишади.

Энг асосий муаммолардан бири, улар фикрларича, бу регистрация ва миграция қайдидан ўтиш талаби саналади.

Ҳар бир хорижий талаба Россияни вақтинча тарк этганидан сўнг, мамлакатга қайта кириши биланоқ яна миграция қайдидан ўтиши лозим бўлади.

Бундан ташқари, Россия жамиятида миллатчилик кайфиятларининг жиддий муаммо бўлиб қолаётгани эътиборга молик.

Гулноза Зияутдинова ушбу фикрларга қўшилмаслиги ва чет элликлар хусусан Ўзбекистон талабалари учун Россияда катта муаммо йўқлигини тилга олади.

- Мени фикримча, асосий қийинчилик бу ердаги муҳитга адаптация бўлишда. Яъни хорижийларни Россиядаги қонун- қоидалар, рафтор ва урф одатни инобатга олишлари, деб ўйлайман. Скинхедлар бундан олдин бўлган. Лекин охирги 4-5 давомида скинхед тўғрисида бирор хабарни эшитганим йўқ. Албатта, ҳар миллатда бўлгани каби, русларни яхшиси ҳам, ёмони ҳам бор. Ҳамма нарса инсонни ўзига боғлиқ, унинг рафторига, юриш туришига. Лекин россияда тил топиб кетса бўлади, деб айтди Гулноза Зияутдинова.

Ўз номини ошкор этмаслик шарти билган сўзлаган тошкентлик талабанинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон олий ўқув юртларида чуқур билим бермаслик ва порахурлик кўламининг ўта юқорилиги, ёшларнинг Россия билимгоҳларини танлашларига сабаб бўлаётир.

Ўзбекистон учун малакали мутахасис керак эмас, президент Ислом Каримов ҳозирда Россия ва Қозоғистон каби давлатларга олий маълумотли фаррошларни етказиб бериш билан ҳам машҳур”, деди ўзбекистонлик талаба.

Москва расмийлари малакат билимгоҳларига бўлган қизиқишни охирги йилларда умумжаҳон сифат рейтингларида Россия олийгоҳлари даражаси бирмунча юқори кўтарилгани ва хорижийларнинг билим олишлари йўлида қатор имтиёзлар яратилганини урғулашади.

Россия университетлари нуфузи юқори

Британиянинг Quacquarelli Symonds (QS) тадқиқот компанияси халқаро миқёсида ўтказган энг яхши университетлар рўйхатида собиқ Шўро малакатлари орасида Россия юқори ўринларнинг бирида туради.

Ушбу тадқиқотларига кўра турли соҳалар бўйича биринчи юзлик рейтингида Россия университетлари 20 та ўринни эгаллаган. Quacquarelli Symonds (QS) рўйхатида 12 та ўқув соҳаси бўйича биринчи юзликка киритилган Ломоносов номидаги Москва давлат университети, жумладан “Лингвистика” бўйича 17 ўринга кўтарилган.

Рейтингдан ўрин олган билимгоҳларда ўқиш нархи ҳам анча юқори. Мисол учун Москвада нуфузли саналганДавлат Халқаро муносабатлар институти (МГИМО) “Халқаро менеджмент” бўлимида таълим олиш нархи бир йилда 520 минг ёки тақрибан 8125 доллар туради.

Москва давлат университети гуманитар факультетлари – менежмент ва иқтисод бўлимлари учун йилига 380 мингдан то 390 минг рублгача (5900 – 6100 АҚШ доллари) тўлашга тўғри келади.

Россия вилоят ва ўлкаларида ўқиш нархи, Москва ва Санкт -Петербургга қараганда, арзонроқ туради. Новосибирск давлат технология университетида билим олиш учун йилига 90 мингдан то 150 минг рублни ташкил этади.

Тошкентда ҳам Россия Олий Ўқув юртларининг учта филиали мавжуд: Ломоносов номидаги Москва Давлат Университети, Плеханов номидаги Россия Иқтисодиёт Университети ҳамда Губкин номидаги Россия нефт ва газ университети филиаллари булар жумласидан.

XS
SM
MD
LG