Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:46

“Қамоқдагиларни бориб кўришга ҳиссангизни қўшинг!”


"Ўтюраклар клуби" раҳбари Мўътабар Тожибоева
"Ўтюраклар клуби" раҳбари Мўътабар Тожибоева

Сарлавҳага чиқарилган хитоб қароргоҳи Франция пойтахтида жойлашган Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш “Ўтюраклар Клуби” Халқаро ташкилоти ҳамда “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгаши бошлаган бир ташаббус мазмунидир.

Ташаббусни кўтариб чиққанлар Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган сиёсий маҳбуслардан 10 нафарини бориб кўриш, уларнинг аҳволларидан хабар олиш ва моддий ёрдам беришни ташкиллаштириш учун маблағ йиғмоқчи.

“Ўтюраклар Клуби” ва “Муқобил Ўзбекистон” номидан тарқатилган “Ўзбекистондаги ва хориждаги барча ватандош ҳамда миллатдошларимизга мурожаатнома”да айтилишича,

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти шу йилнинг 23-24 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари олдидан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматини қамоқда қолаётган фуқаролик жамияти вакилларини озодликка чиқариш, қонун талаби асосида улар билан учрашишга рухсат бериш, монъеликсиз уларнинг соғлиқ ва аҳволидан хабар олишни ташкиллаштиришга чақириб, мамлакатдаги бир қатор хориж давлатлари элчихоналарига, халқаро ташкилотларга ҳамда Ўзбекистон ҳукумати идораларига мурожаат қилган эди.

Айтилишича, “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги “Жазони ижро этиш бош муассасаси”дан ушбу Мурожаатига расмий жавоб олган. Унга кўра, жамият томонидан аввалдан тақдим этилган 10 нафар сиёсий маҳкумлар рўйхатига биноан, уларнинг соғлиги ва аҳволидан хабар олиш учун “Эзгулик”ка учрашувга ЖИЭМ расман рухсат берган.

Мурожаатномадан маълум бўлишича, учрашувга рухсат фақат шу йилнинг 25 июлигача, деб белгиланган. Яна 15 кундан кейин учрашув учун берилган муддат тугайди. Энг асосийси, ҳуқуқ фаоллари келаси ҳафтанинг охирларида, яъни, 16-17 июль кунлари сафарга отланишлари лозим. Акс ҳолда, муддат тугагунга қадар улгурмайдилар.

“Маҳкумларнинг соғлиги ўта аянчли ҳолда. Кўплари кекса ёшда бўлишларига қарамай, йиллар давомида уларга нисбатан амнистия актиқўлланилмайди. Маҳкумларнинг яқинлари, оила аъзолари ҳам жамиятда қийин аҳволда, ўта ночор ҳолда яшашга маҳкум этилганлар. Уларнинг моддий имкониятлари ҳам абгор ҳолда эканлигини бугун барча ўзбеклар яхши биладилар. Улар маҳкум яқинлари ҳолидан хабар олиш бир ёқда турсин, кўплари, ҳатто, кундалик тирикчиликларини ҳам амаллаб ўтказмоқдалар”, дейилади мурожаатномада.

Мана шундай вазиятда, “Ўтюраклар Клуби” ва “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш кенгаши “Ўзбекистондаги ва хориждаги барча ватандош ҳамда миллатдошлар”га мурожаат қилар экан, мана бундай деган:

“...хориждаги миллатдошларимизнинг, юртдошларимизнинг моддий имкониятлари ватандагилардан кўра, анча яхшироқдир.

Шу боисдан, бизлар кўпроқ, Сиз – чет эллардаги юртдошларимизнинг кўмакларидан умидвор эканлигимизни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардик”.

Мурожаатномада айтилишича, йиғиладиган маблағ қуйидагича сарфланади:

1. “Эзгулик” жамиятининг икки нафар вакили сиёсий маҳкумлар билан учрашишга бориш сафар ҳаражатларига сарф қилинади. (Маҳкумлар Тошкентдан жуда олисда бўлган Қорақалпоғистоннинг Жаслиқ қамоқхонасидан тортиб, Қашқадарё, Навоий ҳамда бошқа вилоятларда сақланадилар).

2. Ҳар бир маҳкумга дори-дармон, озиқ-овқат, кийим-кечак каби энг долзарб нарсаларни сотиб олишга сарфланади.

“Тўпланган маблағларнинг сарф-ҳаражатлари бўйича молиявий ҳисобот матбуотда нашр қилинади”, дейилган мурожаатномада.

Ташаббусчи ташкилот раҳбари Мўътабар Тожибоева Озодликка мана бундай деди:

Мўътабар Тожибоева ташаббус тўғрисида:
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:01 0:00
Бевосита линк

Мурожаатномада учрашув учун рухсат берилган маҳкумлар рўйхати ҳам келтирилган:

1. Муҳаммад Бекжон, журналист – 1999 йил 15 мартдан буён қамоқда

2. Ғайрат Михлибоев, журналист – 2002 йил 25 июлдан буён қамоқда

3. Азам Фармонов, ҳуқуқ фаоли – 2006 йил 29 апрелдан буён қамоқда

4. Исроилжон Холдоров, ҳуқуқ фаоли – 2006 йил 10 июндан буён қамоқда

5. Йўлдош Расулов, ҳуқуқ фаоли – 2007 йил апрель ойидан буён қамоқда

6. Солижон Абдураҳмонов, журналист – 2008 йил 7 июндан буён қамоқда

7. Аъзам Турғунов, ҳуқуқ фаоли – 2008 йил 11 июлдан буён қамоқда

8. Дилмурод Саййид, журналист – 2009 йил 22 февралдан буён қамоқда

9. Ғанихон Маматхонов, ҳуқуқ фаоли – 2009 йил 9 октябрдан буён қамоқда

10. Чўян Маматқулов, ҳуқуқ фаоли – 2012 йил декабрь ойидан буён қамоқда

Мурожаатнома муаллифлари бошлаган ишга ўз ҳиссасини қўшмоқчилар мана бу ишора орқали “Ўтюраклар клуби” расмий сайтига кириб, банк реквизитларини олишлари мумкин.

XS
SM
MD
LG