Линклар

Шошилинч хабар
03 январ 2025, Тошкент вақти: 11:55

Қуёшмобил ясаган Ойбек ўзи ишлайдиган институтга ўқишга киролмаяпти


Андижон машинасозлик институти лаборанти Ойбек Умаров Озодликка мурожаат қилиб, ўзи ишлаётган олий ўқув юртига бир неча йилдан буён ўқишга киролмаётганидан шикоят қилди.

Бу йил ҳам ўқишга киролмай қолиши мумкинлигидан ташвишланаётган 27 яшар Ойбекнинг бошқа ўн минглаб абитуриентлардан катта фарқи бор.

У жорий йил баҳорида Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар залида бўлиб ўтган IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар Республика ярмаркасида иштирок этган ва ташкилотчилар мукофоти билан тақдирланган.

Лекин Машинасозлик институти раҳбариятининг Озодликка айтишича, институт обрўсини кўтарган Ойбекнинг ихтиролари, унинг ярмаркадаги иштироки олий ўқув юртига тест синовларисиз қабул қилиш учун етарли эмас.

Ойбекнинг фикрича, унинг ихтиролари ва улар билан Республика ярмаркасида иштирок этгани ўзи лаборант бўлиб ишлаётган Андижон Машиносозлик институтига тест синовларисиз қабул қилиниши учун асос бўлиши лозим. Бундай имтиёз берилишини сўраб у яқинда Тошкентга ҳам бориб келди.

- Олий таълим вазирлигига бориб келдим. “Тест топширишингиз шарт”, дейишди. Имтиёз ҳақида гап йўқ, деди Ойбек.

Тилга тушган кашшоф

Ойбек бу йилги ярмаркадан сўнг Ўзбекистонда анча танилиб қолган ихтирочи йигит. У ҳақда Озодлик 20 май куни билвосита – матбуот шарҳи орқали хабар қилган,

“Даракчи” газетасининг мана бу маълумотларини келтирган эди:

"Ойбек Умаров 2014 йили электр ёрдамида ҳаракатланадиган автомобиль ихтиро қилган. “Қалдирғоч” деб номланган электромобиль узлуксиз 4 соат қувватлантирилгач, 100 км масофани босиб ўтади".

XXI аср машинаси

Озодлик мухбири Ойбекдан у ясаган электромобилнинг мавжуд электромобиллардан принципиал фарқини сўради.

- Шу пайтгача мавжуд бўлган электромобиллардан фарқи бор. У XXI аср машинаси. Ғилдиракларини бошқарадиган компьютер процессори ўрнатилган. Аккумуляторнинг кучини тежаб сарфлайди. Тепаликдан тушаётганда аккумулятор қувват беришга эмас, аксинча қувват йиғишга ўтиб олади, деди Ойбек.

Шахсий маблағ ҳисобидан қилинган ихтиролар

Андижонлик ихтирочи йигит ўз ишининг фанати: бор пулини ўзи ясаган электромобил ва қуёшмобилга сарфлаб келмоқда. Ҳар ҳолда, Ойбек қалампир.уз нашрига берган суҳбатида электромобил ясаш учун 6 миллион сўм сарфлаганини айтган. “Қуёш нурида ҳаракатланадиган автомобиль прототипини ясашимга эса 11 миллион сўм сарфладим”, деган.

Ўқиш учун...

Бор пулини ихтироларига сарфлайдиган Ойбекнинг олий ўқув юртида таҳсил олиш учун тўлашга пули йўқ:

2008 йили Тошкент давлат техника университетига ҳужжат топширган, лекин тўлашга пули йўқлиги учун ўқий олмаган.

2013 йили эса, Москва технологик институтига ўқишга кирган, лекин пули йўқлиги учун ўқиёлмаган.

...ҳамда патентни расмийлаштириш учун пул йўқ

Қилган ихтиролари учун муаллифлик ҳуқуқи – патент олиш учун ҳам Ойбекнинг пули йўқ.

- 2015 йили патент сўраб тегишли идорага ҳужжатларимни топширдим. 24 мартда қабул қилишган. Ҳаммаси бўлиб 1,5 млн. сўм пул кетар экан патент олиш учун. Энг кам иш ҳақининг 4 ёки 5 баравари миқдорида пул тўлаш керак экан. Яна озгина чиқимлари бор экан, деди Ойбек. “Озгина чиқимлари” деганда нимани назарда тутганини суҳбатдошимиз очиқлашни истамади.

Проректор нима деди?

Озодлик мухбири Ойбек Умаров лаборант бўлиб ишлайдиган ва талабаси бўлишни орзу қилаётган Андижон Машинасозлик институтининг Илмий ишлар бўйича проректори Баҳодир Мамажонов билан боғланди.

- Ойбек бизда 3 йилдан бери ишлаяпти. 3 йилдан бери институтимиз шаънини ҳимоя қилади. 3 йилдан бери имтиҳон топширади бизнинг институтга кириш учун. Лекин Ойбекни ўқишга қабул қилиш менинг компетенциямда эмас. Бу масалани ё ректор ёки Тест маркази ҳал қилиши керак. Ҳозирча, қоидадан истисно қилиш йўлини топа олмадик, деди проректор.

Ҳарфхўрлик

У киши айтаётган “қоида” Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги 226- қарорига илова қилинган “Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисидаги Низом”дир.

Мазкур ҳужжатда қандай абитуриентлар олий ўқув юртига тест синовисиз қабул қилиниши белгилаб қўйилган. Масалан, шашка (!) бўйича республика турнирида 1 ўринни ёки халқаро турнирда 1 – 5 ўринни эгаллаганлар ҳам тест синовидан озод қилинган.

Лекин Низомда “Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар Республика ярмаркаси иштирокчиси” деган гап йўқ ва шунинг учун ихтирочи Ойбек Умаровга институт эшиги ёпиқ!

Ана сизга ҳарфхўрлик!

Проректорга таклиф

Озодлик мухбири Андижон Машинасозлик институтининг Илмий ишлар бўйича проректори Баҳодир Мамажоновга бундай деди:

- Институтингизнинг Илмий кенгаши шу масалани кўриб чиқиб, қарор қабул қилса бўлмайдими?

- Илмий кенгашнинг қарори ўтармикан... Майли, буниям ўйлаб кўрармиз. Тест марказига чиқиб кўрармиз..., деди ўйланиб проректор.

Ҳа, айтганча...

Интернетни кавласангиз, “Андижон машинасозлик институти талабалари электромобиль яратишди”, “Андижонлик талабалар электромобил яратди”, каби сарлавҳаларга кўзингиз тушади.

Бу сарлавҳалар остида гап, албатта, талабаларнинг эмас, Ойбекнинг ихтироси устида боради.

XS
SM
MD
LG