Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:33

Атамбаев Меркель билан учрашув чоғида Европа ва Россияни муросага чақирди


Ангела Меркелни Бишкек аэропортида Алмазбек Атамбаев кутиб олди.
Ангела Меркелни Бишкек аэропортида Алмазбек Атамбаев кутиб олди.

Германия канцлери Ангела Меркель расмий ташриф билан Қирғизистонга келди. Бу Меркелнинг Бишкекка илк сафаридир. Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, 13 июль куни маҳаллий вақт билан соат 23.30 да учиб келган Меркель хонимни “Манас” халқаро аэропортида президент Алмазбек Атамбаевнинг ўзи кутиб олган.

Атамбаев Меркель билан учрашув чоғида Европа ва Россияни муросага чақирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:47 0:00
Бевосита линк

Германия канцлери ташрифининг расмий қисми 14 июль куни бўлиб ўтди.. Меркель бугун эрталаб сафарининг расмий қисмини диндорлар, этник озчиликлар ва фуқаровий жамият фаоллари билан учрашувдан бошлади. Шундан сўнг Меркель хоним президент Алмазбек Атамбаев билан ёпиқ эшиклар ортида учрашув ўтказди.

Ташриф чоғида икки томонлама ҳужжатлар имзоланмаса-да, томонлар Германия ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилиши айтилмоқда.

Расмий учрашув олдидан Алмазбек Атамбаев Меркельнинг Қирғизистонга келганини “тарихий сафар”, деб баҳолади. Ўз навбатида Меркель Германия Қирғизистонга маориф, демократияни ривожлантириш каби соҳаларда кўмак кўрсатаётганини ва бу йўналишдаги ҳамкорлик давом эттирилишини айтди.

Ангела Меркель Қирғизистонга расмий сафар билан келди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:38 0:00

“Қирғизистон демократик тараққиёт йўлини танлаган ажойиб мамлакат. У минтақадаги кичкина давлат, лекин бу ерда жуда ақлли ва зиёли одамлар яшайди. Германия одамлар фаровонлигини таъминлаш йўналишида Қирғизистонга кўмак кўрсатишга тайёр”, деди Меркель хоним.

Ўз ўрнида президент Алмазбек Атамбаев Украинадаги вазият ортидан Россия ва Европа Иттифоқи ўртасида юзага келган сиёсий зиддиятларни бартараф этишга чақирди:

-Мен учрашув чоғида Евросиё мамлакати сифатида Украинадаги конфликт оқибатларини, Европа ва Россия ўртасидаги муносабатларда юзага келган инқироз оқибатларини ҳис қилаётганимизни айтдим ва биз томонлар эртароқ муросага келишини истар эдик. Биз Европани ҳам, Россияни ҳам компромисга чақирамиз, -деди Атамбаев.

Германия канцлери Қирғизистон президенти билан учрашув чоғида қамоқдаги ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров тақдирига оид масалани кўтарадими-йўқми, ҳозирча номаълум.

Меркелнинг Бишкек сафари 12 июль куни Қирғизистон Олий суди халқаро ҳамжамият қамоқдан озод этилишини талаб қилаётган этник ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш учун Чуй вилоят судига жўнатиш тўғрисда қарор чиқарганидан сўнг амалга оширилмоқда. Асқаров 2010 йилда Ўш қирғинида айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Халқаро ҳамжамият Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонилишини айтиб келади.

Меркель қирғиз президенти Атамбаевнинг бир неча йил олдин Германияга қилган сафари чоғида Асқаров масаласини кўтарган эди.

Қирғиз расмийлари Асқаров ишини қайта кўриб чиқишга жўнатилиши Меркелнинг Қирғизистонга сафари билан боғлиқ эмаслигини маълум қилганлар.

Бироқ Атамбаев Меркель билан ўтган учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Асқаров масаласини ҳам тилга олиб ўтди:

-Асқаровнинг иши батафсил, диққат билан, ипидан игнасигача бошқатдан кўриб чиқилади. Ҳар бир деталь диққат билдан ўрганилади.Бу жараён ярим йилга, бир йилга, икки йилга чўзилиб кетса ҳам, диққат билан кўриб чиқилади. Биз БМТ Бош котиби Бан Ки Мунга ҳам расман мактуб жўнатиб, БМТ экспертларини Асқаров иши билан боғлиқ жараёнларни кузатиш учун Қирғизистонга таклиф қилдик. Лозим бўлса уларнинг бу ерда бўлишини молиявий жиҳатдан ҳам таминлаймиз, -деди Атамбаев.

Германия Қирғизистоннинг йирик донорларидан бири ҳисобланади. 1992 йилдан то шу кунгача Германия Қирғизистонга молиявий ва техник жиҳатдан 250 миллион евродан кўпроқ ёрдам кўрсатган.

Қирғизистонда яшаган этник немисларнинг ҳам мамлакат тараққиётига қўшган ҳиссаси катта бўлган. Жумладан, миллати немис бўлган Иордан Қирғизистон Бош вазири лавозимида ишлаган, Герцен Қирғизистоннинг буюк рассомларидан бири ҳисобланади, Фере биринчи қирғиз миллий операси муаллифи бўлган, профессор Радлов эса энг биринчилардан бўлиб “Манас” эпосини қоғозга кўчирган.

XS
SM
MD
LG