Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:58

Уйининг шиферини янгиламаганнинг томорқаси тортиб олинади


Ҳокимлик босими остида қолган камбағал оилаларнинг ўз уйи томини безатиш учун ерини сотишга мажбур қолаëтгани айтилмоқда.
Ҳокимлик босими остида қолган камбағал оилаларнинг ўз уйи томини безатиш учун ерини сотишга мажбур қолаëтгани айтилмоқда.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Каттаминг қишлоғидаги иккита марказий кўчада яшовчи аҳоли уйларининг шиферларини янгилаш, деворларини оқлаш ва уй олдига 1,5 метрлик девор қуришга мажбурланмоқда. Ҳокимлик масъулларига кўра, бу "ободонлаштириш" Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига "25 та кўча" тадбири доирасида амалга оширилмоқда.

Каттаминг қишлоғида яшовчилардан бири Озодликка мурожаат қилиб, уйларининг шиферини янгилаш мажбурияти остида қолганликларидан шикоят қилди:

“Бизга ҳокимиятдан буйруқ тушган. Эски шиферлар олиниб, ўрнига профнастил шиферларидан қўйиш керак ва 1,5 метр баландликда шлакоблокдан забор қилиниши ҳам керак эмиш. Бу фақатгина йўлнинг устида яшовчиларга тааллуқли экан. Биз йўлнинг устида турамиз. Ҳозир одамлар саросимага тушиб қолган. Нима қиларини билмаяпти. Ҳамманинг боши қотган”, дея ёзди каттаминглик йигит.

Унинг айтишича, ҳокимлик топшириғини бажармаганларга томорқасини тортиб олиш билан таҳдид қилинмоқда.

“Ҳокимиятдан одамлар келиб, шиферни алмаштирасан деб буйруқ берди ва дўқ-пўписа ҳам қилди. Ҳокимлик топшириғини рад этганларни “Агар алмаштирмасанг, томорқангдан фойдаланмайсан, биз уни сотамиз” деб қўрқитишди. Шиферни алмаштишга пули етмаганларнинг томорқасини мажбурлаб сотиб, пулига шифер қилиб бераяпти. Бу халққа жабр эмасми? Одамлар кўп изтироб чекаяпти”, дейди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда каттаминглик йигит.

Каттақўрғондаги Озодлик манбасига кўра, Каттаминг қишлоғидаги 100дан зиёд хонадон ўз уйини таъмирлаш ва уй атрофини ободонлаштиришга мажбурланмоқда.

“Бу топшириқни 100 фоиз ҳамма бажариши шарт экан. Ҳар бир уй учун алоҳида-алоҳида лойиҳа қилинган. Ҳозир шиферлар бузилаяпти. Лекин ҳали бўяш ишлари бошланмади”, дейди каттақўрғонлик.

Айни манбага кўра, Каттаминг қишлоғида бу тадбирлар 20 кун аввал бошланган, Мўминхўжа қишлоғида эса бу жараён якунига етган.

““Каттаминг қишлоғига қўшни Мўминхўжа қишлоғидаги 35та хонадонда таъмирлаш ишлари якунланди. Қишлоқнинг марказий кўчасидаги бу уйларнинг ҳаммасининг шиферлари олиб ташланиб, ўрнига черепицадан қизил ва яшил рангли шиферлар қилинди. Уйлар оқланиб, унинг атрофида ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Кўчадаги йўл асфальт ҳам қилинди. Лекин одамлар анча қийналди”, деди вазиятни ўрганган Озодлик манбаси.

Каттақўрғон туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, Каттаминг қишлоқ фуқаролар йиғинида жойлашган Каттаминг ва Минорхўжа қишлоғидаги иккита марказий кўчада олиб борилаётган таъмирлаш ишлари махсус лойиҳа асосида амалга оширилмоқда.

“Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишланган тадбир бу. Ҳеч ким мажбурланмади. Ҳамма ўз хоҳиши билан қилаяпти. Ўзи яшайдику бу уйда. Мана Мўминхўжада 1 август куни очилиши маросими бўлади. Таъмир ишлари ўтган кўчада барча маиший хизмат шохобчалари ҳам ишга туширилади. Чойхона, дорихона бор. Сиз бир бориб кўринг, қишлоқнинг қандай ўзгарганини кўрасиз”, дейди ҳокимлик масъулларидан бири.

Маълум бўлишича, Каттаминг ва Мўминхўжа қишлоқларидаги иккита кўчада бўлаётган таъмирлаш ишлари мамлакатнинг бошқа жойларида ҳам амалга оширилаяпти.

Ушбу тадбирлар Ўзбекистон Мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан ҳар бир шаҳар ва туманда 25 тадан намунали кўча ташкил қилиш лойиҳаси асосида амалга оширилаяпти.

Ушбу лойиҳа кўра, уйлар таъмирланиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилади.

Жорий ой бошидан Тошкент шаҳрида ушбу лойиҳани амалга ошириш учун "50 ободлик куни" номли акция эълон қилинди. Акция муносабати билан ҳокимлик сайтида эълон қилинган мурожаатда пойтахтликлардан ҳар тумандан байрамга қадар 25 та кўча ва болалар ўйингоҳини тозалаш ва таъмирлаш сўралди. Мурожаат мазмунига кўра, таъмирлаш ишлари халқнинг хайр-эҳсони ҳисобидан қилиниши лозим.

XS
SM
MD
LG