Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:38

Ўзбекистонликлар ўзларининг пластик карточкадан мамнунлигига ишонмаяпти


Ўзбекистон республикаси миллий банки пластик карточкаси
Ўзбекистон республикаси миллий банки пластик карточкаси

Тошкентдаги “Ижтимоий фикр” сўров маркази тадқиқотига кўра, ўзбекистонликларнинг 98,9 фоизи пластик карточкадан фойдаланишга ижобий муносабат билдирган. Марказ раҳбари Марат Ҳожимуҳаммедовнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистоннинг барча вилоятларида аҳоли ўртасида ўтказилган сўровдан сўнг шундай хулосага келинган. Айни пайтда¸ Озодлик сўраган ватандошларнинг айтишларича, аслида бу тадқиқот натижаси реал ҳаётда акс натижани кўрсатади.

Ўзбекистонликлар фикрини ўрганиш борасида етакчи расмий гуруҳ саналган “Ижтимоий фикр” сўров марказининг сўнгги тадқиқоти хулосасига кўра¸ қарийб 99 фоиз сўралганлар¸ “пластик карточка тўловларнинг жуда қулай¸ бехавотир ва ишончли воситаси” эканини айтган.

Марказнинг етакчи тадқиқотчиси Марат Ҳожимуҳаммедов Озодлик билан суҳбатда аҳолининг пластик карточкага бўлган муносабатини тадқиқ қилишда, унинг ўз функцияларини қанчалик бажараётгани ҳар томонлама ўрганилганини айтади:

- Пластик карточка ҳозир оммавий равишда тадбиқ қилинган ва имконияти жуда кенг ривожланган. Терминаллар ҳамма жойда бор, одамлар барча маҳсулотлар ва товарларни сотиб олишлари мумкин. Биз Ўзбекистоннинг барча вилоятларида сўров ўтказганимизда аҳолининг қарийб 99 фоизи пластик карточкадан мамнунлигини изҳор қилди, деди марказ раҳбари.

Айни пайтда¸ Озодлик суҳбатлашган аҳоли вакиллари, “Ижтимоий сўров” келган хулосанинг воқеликдан узоқ эканини айтадилар.

Тошкентлик Абдуқаҳҳор Мусаев, ҳозирги Ўзбекистон шароитида пластик карточкаларнинг одамлар ҳаëтига келтирган қулайликдан ноқулайлиги кўпроқдир:

- Улар одамлардан пластик карта ҳақида сўрашганда, жавобларни нотўғри тушунишган бўлса керак. Чунки, одамларнинг 99 фоизи пластик карталардан норози эканликларини айтган бўлишига мен аминман. Буни ахир ҳамма кўриб турибдику, кўзлари кўр эмаску. Бу пластик эмас, бир бало бўлди. Уни нақдлаштириш иложи бўлмаса, банклар пул бермаса, бозорга тушиб икки кило картошка ололмасангиз, магазинлардан қиммат нархда маҳсулот олишга мажбур бўлсангиз, шуми қулайлик? Уялмай-нетмай, кўзингга қараб ёлғон гапиришганига ҳайрон қолaяпман, дейди Абдуқаҳҳор Мусаев.

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида яшайдиган пенсионер Малик ота ҳам пластик карточкадаги пулини нақдлаштиролмагани боис, невараларига ҳайитлик беролмаганидан хижолатда қолганини айтaди:

- Рўза ҳайитида невараларим келишди. Қўлларига бир-икки сўм ҳайитлик беролмаганимдан уялиб кетдим. Чунки пластик картадаги пулни нақдлаштиришнинг иложи йўқ. Терминали бор магазинлардан 20 фоиз ҳисобига нақд қилиб оласиз. Агар банкдан олмоқчи бўлсангиз, кўпи билан 50 минг сўм беради. Лекин буни олиш учун эрталаб тонг қоронғусида бориб навбат олишингиз ва 7-8 соатлаб кутиб туришингиз керак. Пенсионерларни шу аҳволга солиб қўйган давлатимиздан хафа бўлиб кетaяпман, деди Мурод ота.

"Ижтимоий сўров” маркази тадқиқотчиси ва сўров муаллифларидан бири Марат Ҳожимуҳаммедов Озодликка ҳар куни келаëтган бундай шикоятларни "бўрттириш" дея рад этишга уринди:

- Бир-иккита бундай ахборот келса, бу дегани бутун Ўзбекистонда шундай экан деб тасаввур қилиш керак эмас. Бу фан талабларига мос келмайдиган нарса. Энди айрим одамлар қандайдир муаммоларга дуч келган бўлиши мумкин, лекин бу оммавий равишда эмас. Карточка дегани уни банкомат орқали нақдлаштириш дегани эмас. Аввало карточка одамларга ўз эҳтиёжларини ҳал қилиш имконият яратиб бераяпти. Ҳамма жойда терминал бўлса, нақд пулнинг нима кераги бор? Нима одамлар уни уйига олиб келиб томоша қиладими? деди оддий ўзбекистонликлар шикоятига жавобан Марат Ҳожимуҳаммедов.

Бу социологнинг айтишича, одамлар ўз ҳуқуқларини яхши билишлари, пластик карточка билан боғлиқ муаммолар юзага чиққанда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлимлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишлари керак.

Бугунга келиб ўзбекистонликлар маош¸пенсия ва нафақаларини мажбурий тарзда тўлиғича пластик карточкаларга ўтказиш жараëни қарийб ниҳоялаб қолди.

Айни пайтда¸ президентнинг "Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" қарорида пластик карточкага мажбурий ўтказишга йўл қўйилмаслиги айтилган.

XS
SM
MD
LG