Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:43

Қирғизистондан Сурияга кетаётганлар сони кескин озайди


Суриядаги марказий осиёлик жанггарилар.
Суриядаги марказий осиёлик жанггарилар.

Бу ҳақда Қирғизистон ҳуқуқ - тартибот идоралари маълум қилди. Расмий маълумотда айтилишича, жорий йилнинг олти ойи мобайнида Суриядаги жанггарилар сафида жанг қилаётган 20 қирғизистонлик ўз ихтиёри билан ватанига қайтиб келган. Уларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари очилган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг маълум қилишича, шу кунларда Суриядаги жанггарилар сафида 600 қирғизистонлик борлиги аниқланган. Улардан 70 нафари жангларда ҳалок бўлган. Террорчилар сафига қўшилиш учун Сурияга кетганларнинг 100 нафардан кўпроғи аëллардир.

-2016 йилнинг биринчи ярмидаёқ Суриядан Қирғизистонга 20 одам қайтиб келди. Уларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодекси асосида жиноят иши очилди,- деди Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийси Рахат Сулайманов.

4 август куни Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев мамлакат Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик кодексларига ўзгартиш киритишни кўзда тутувчи янги қонунни имзолаган эди.

Қонунчиликка киритилган янги ўзгартишга мувофиқ¸ маҳкама томонидан террорчиликда айбланган қирғизистонлик бундан буëн Қирғизистон ватандошлиги ва паспортидан маҳрум этилади.

Ҳозирча бу модда ўз ихтиёри билан Қирғизистонга қайтиб келган 20 одамга нисбатан қўлланилиши ёки қўлланилмаслиги номаълум бўлиб қолмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари сўнгги йилда Қирғизистондан Сурияга кетаётганлар сони ҳам кескин камайиб кетганини маълум қилди. Қирғизистон ички ишлар вазирлиги расмийси Раим Салимовнинг иддао қилишича, бу ҳолат аҳоли орасида ўтказилган тушунтириш ишлари самара бераётганидан даракдир.

- Қирғизистонликларнинг Сурияга кўплаб кетиши 2013 йилга тўғри келди. 2015 йилда биз оператив профилактик тадбирларни жуда кўп ўтказдик. Бунинг оқибатида сўнгги йилда Сурияга кетаётганлар сони кескин озайди, -деди Раим Салимов.

Дин масалалари бўйича эксперт, адлия фанлари номзоди Нурлан Исмаилов эса Сурияга кетаётганлар сони озайганини уч омил билан изоҳлайди.

- Буни уч сабаб билан тушунтирса бўлади. Биринчидан, аҳоли орасида олиб борилган тушунтириш ишлари самара бера бошлади. Иккинчидан, Сурияга кетиш учун Туркия транзит давлат вазифасини бажарган. Кейинги пайтда Туркия Сурияга кетаётганларнинг йўлини тўсиш учун жиддий чоралар кўрди. Учинчидан, Суриядаги вазият. Сурияда АҚШ ва Россия ҳужумлари ортидан жанггариларнинг позициялари жуда заифлашди, -деди эксперт.

Қирғизистон кучишлатар тузилмалари Сурия билан боғлиқ маълумотни эълон қилаётган бир пайтда Ўш аэропортида Сурияга кетаётган 20 ёшли йигит қўлга олингани тўғрисида хабар берилди.

Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармасининг хабар беришича, йигит тергов пайтида акаси, опаси ва яна бир қариндоши Сурияда жиҳодчилар сафида эканини тан олган. Қўлга олинган шахснинг Интернетдаги саҳифаларидан Суриядаги жиҳодга ундалган 47та аудио ва видео чақириқ топилган.

Ўш аэропортида қўлга олинган йигит Боткен вилояти Лайлак туманида яшаган. Хавфсизлик хизматлари унинг дастлаб Россияга, кейин Туркия орқали Сурияга кетаётгани тўғрисида маълумотларни қўлга киритганидан сўнг йигитни қўлга олган.

XS
SM
MD
LG