4 август куни Ўзбекистонда "Milliy" (MTV) телеканали синов тариқасида ишга туширилди. Мусиқий-кўнгилочар йўналишдаги янги телеканал кунига 17 соат давомида (соат эрталабки 7дан кечқуринги 11гача) ишлаши айтилаяпти.
Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси маълумотига кўра, янги телеканалда ўзбек ва хориж юлдузларининг оммабоп клиплари, кўнгилочар дастурлар, ток-шоулар, хит-парадлар, концертлар, бадиий фильмлар ҳамда миллий ва чет эл сериаллари намойиш этилади.
Шунингдек, янги каналда илмий-оммабоп кўрсатувлар намойиши ҳам режаланган.
Жорий йил бошида “Зўр ТВ” номи билан бошқа бир телеканал ҳам ишга туширилиши айтилган эди.
Бироқ кейинчалик “Зўр ТВ” ҳақида ҳеч қандай хабар берилмади. МTV канали “Зўр ТВ”нинг ўрнига очилдими ёки бу бошқа телеканалми, ҳозирча бу борада бирор расмий маълумот берилганича йўқ.
Шу йил март ойида "Водий Садоси ЁТРК" раҳбарияти "Зўр ТВ" номли ёшларга мўлжалланган янги телеканал очишга қарор қилганди.
Бутун Ўзбекистонни қамраб олишга қаратилган янги телевидение "Водий Садоси ЁТРК" ўрнини эгаллаши айтилди.
Асосан ёшларга мўлжалланган ва мусиқий йўналишда бўлган "Водий Садоси" ёшлар телеканали 2015 йил январида ўз эфирини ўша пайт иш бошлаган MY5 ("Менинг юртим 5") телеканалига бўшатиб берди.
Кейинчалик иккинчи тўлқиндаги "Водий Садоси" ўрнини Uzreport канали эгаллади.
MY5 телеканали собиқ НТТ ва ТВ-Марказ базасида очилгани иддао қилинади.
Бу ўзгаришлар ортидан йигирмадан ортиқ маҳаллий журналист ва техник ходим ишсиз қолди.