Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:03

БЛОГ: “Хорижга чиқиш визангга ўйнаб қўяй”


Қўқондаги хорижга чиқиш учун виза кутаётганлар. Ана шу деразадан кириляпти ичкарига.
Қўқондаги хорижга чиқиш учун виза кутаётганлар. Ана шу деразадан кириляпти ичкарига.

Фарғоналик блогер Каримжон Тешаев навбатдаги мақоласида хорижга чиқиш учун виза олиш азобини ўз бошидан кечирганини баён қилди. У виза олиш учун ҳужжат тўплаш жараёнида қоғозбозлик ва порахўрликка ўзи гувоҳ бўлганини,Қўқон шаҳар ИИБнинг хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходимлари эса фуқаролардан тамагирлик қилиб ўз чўнтакларига пул ишлаётгани ҳақида ёзади.

Тоғай Мурод деган ажойиб ёзувчимиз бўларди. У ўз асарларида қаҳрамонининг аччиғи чиққанини, “ҳе фалонингга ўйнаб қўяй” деб ифодаларди. Мен ҳам хорижга чиқиш рухсатини олиш учун бир дўстим билан борганимда “ҳе ОВИИРингга ўйнаб қўяй”, девордим.

Шунчаки ўйнаб эмас, ўйнаааб-ўйнаб қўяй.

Мана нега бундай деяётганимнинг сабаби.

Аввало, Қўқон шаҳар ИИБнинг хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида қарийб қирқтача одам навбатини кўрдим.

Асосий эшик қолиб, одамларни деразадан киритаётгани мени ажаблантирди. Ҳамма деразанинг олдида навбат кутиб ўтирибди. У ерда 6 киши ишлар экан. Расмхонаси ҳам ичида, 4 та расм 3,5-4,5 хажмдагиси 16 000 сум. Агар шуни кўчада чиқарсангиз саккиз баравар арзонга, 2000 сўмга тушади. Паспортни 3 та кўпия килиш 4000 сўм. Бошқа жойдан эса шуни 1000 сўмга қиласиз.

Иккита ёш бола тошбақадай ивирсиб, маълумотларни компютерга киритяпти. Печатга бериб 5000 сўм булади, деди. Бир ёшгина аёл тайёр бўлган анкеталарни йиғиб-тикиб бергани учун 15 000 сўм берасизлар деса бўладими! Жон-поним чиқиб кетди.

- Нега бунча қиммат?, дедим.

- Ука хизматчилик. Бу ҳужжат билан Фарғонага борсангиз сизни қайтаришмайди. Ман кафил", деди.

Ҳе, кафилингга ўйнаб қўяй, дедим.

Буниси ҳам майли, ўҳўўўўўўў, талаб қилинадиган ҳужжатлару, спарапкаларни кўриб эсим оғиб қолай деди. Буни қаранг:

1. Ариза

2. Паспорт асли ва нусхаси.

3. 45 ёшгача ҳарбий гувоҳнома. (Ҳа майли буларни талаб қилса одам унча ажабланмайди. Аммо кейинги талаблар куракда турмайдиган бўлди)

4. Маҳалладан диний экстремистик оқимларга аъзо эмас деган маьлумот. (Фалсафани қаранг, агар мен аъзо бўлсам шу пайтгача юрармидим. Бу кандай бемаънилик?)

5. Асоснома. Нима мақсадда четга чиқаётганингизни асослашингиз керак. (Масалан касал булсангиз хориж клиникаларидан ташриф қоғози бўлиши керак. Турист бўлсангиз, бирор туристик фирмадан маълумот олишингиз шарт экан.)

Энди мен ўзимча сайёҳ бўлиб кетолмас эканманда, ҳе ўйнаб қўяй.

6. Аёл булса ўз эридан. Эри бўлмаса ота-онасидан расмий розилик хати олиши керак.(ота-она розилигисиз эрга тегиб кетмасин дейишса керакда, ғамхўрликни қаранг)

Ҳа йўқ, ҳали бу ҳаммаси эмас экан. Банкка давлат божи учун 65 000 сўм ҳам тўлар экансиз. Бундан сўнг сизни МХХ икки ҳафта обдон текшириб кўради экан. Ўшанда ҳам унинг хос суҳбатидан ўтолсангиз, оласиз экан ўша "дунё давлатларига чиқишга рухсат" деган тамғани.

Бу талабларни эшитиб бошим айланиб кетти. Ҳужжатларингга ҳам, рухсатларингга ҳам ўйнаб, ўйнаб қўяй дедимда, чиқиб кетдим. Бормадиме, ўша хорижга дедим.

Мустақил бўлганмишмиз. Қўл-оёғимизни чилвир билан боғлаб ташлашибдию, ўзимиз билмай, бу ёқда мустақилликка шарафлар деб юраверибмиз.

Суриштириб кўрсам, хорижга чиқиш визаси керак деган аҳмоқона талаб, собиқ СССР давлатларидан фақат Ўзбекистонда қопти. Қўшниларимизда бундай гап йўқ, эркин қуш. Фақат бизнинг қанотларимиз қайрилган, қайчиланган. Учиб кетмасин дейишса, керакда.

Ҳе, ўйнаб қўяй ўша визангга!

Каримжон Тешаев. Фарғона вилояти, Қўқон шаҳри.

XS
SM
MD
LG