Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:49

Қирғизистонда Аҳмадийларни кофир деб атаган собиқ муфтий айбланмоқда


Қирғизистоннинг собиқ муфтийси Чубақ ҳожи Жалилов.
Қирғизистоннинг собиқ муфтийси Чубақ ҳожи Жалилов.

Қирғизистоннинг собиқ муфтийси Чубақ ҳожи Жалилов мамлакатдаги Аҳмадий жамоасининг ҳуқуқ тузилмаларига ёзган аризаси асосида “Диний низо қўзиганлик”да айбланмоқда. Аҳмадийларнинг иддао қилишича, собиқ муфтий уларни кофир деб атаганидан сўнг Ўшнинг Қашқарқишлоқ қишлоғида жамоанинг бир аъзоси отиб ўлдирилган.

Аҳмадий жамоаси вакилларининг Ички ишлар вазирлигига Чубақ ҳожи Жалилов юзасидан ёзган шикояти Ўшдаги ҳудудий бошқарма томонидан текширилмоқда. Сўнгги хабарларда айтилишича, собиқ муфтий мазкур иш юзасидан Бишкекдан Ўшга терговга чақиртирилган.

-Уни Ўшга терговга чақиришаётгани ҳақида 5 август куни қоғоз келган. Энди бу гаплар уламонинг ҳар куни айтиб юрган гаплари. Дин ишлари бўйича Давлат комиссияси эса ҳожининг сўларини экстремистик гаплар, деб хулоса чиқариб берибди, -деди Чубақ ҳожининг адвокати Ақин Тўқталиев.

Мазкур масала юзасидан Чубақ ҳожининг ўзидан муносабат олиш имконияти бўлмади. Бироқ Чубақ ҳожи Жалиловнинг Аҳмадийлар тўғрисидаги маърузасини Интернетдан топдик:

- Бизда демократия бўлганидан кейин ҳар ким кела бошлади. Бир томондан шиалар, Оға Хонлар, иккинчи томондан Аҳмадийлар деб аталувчи кофирлар жамоаси кириб келиб, бечора қирғизларни анча қийнаб қўйди. Улар бизни бузишга ҳаракат қилаяпти. Уларнинг ҳаракатлари мусулмончиликка тўғри келмайди, Худога ҳам ёқмайди, -деган эди Чубақ ҳожи Жалилов.

Собиқ муфтийнинг ушбу маърузасидан сўнг Аҳмадийлар жамоаси ҳуқуқ тузилмаларига шикоят қилган. Уларнинг айтишича, Чубақ ҳожининг “Аҳмадийлар кофирлар жамоаси”, деган гапи диний низоларга сабаб бўлмоқда. Аҳмадийлар Чубақ ҳожи Жалиловни қашқарқишлоқлик аҳмадий Юнусжон Абдужалиловнинг ўлимга сабаб бўлганликда ҳам айбламоқда.

Аҳмадийларнинг Ички ишлар вазирлигига ёзишича: “Абдужалилов ўлдирилишидан олдин Чубақ ҳожи Жалилов “Қашқарқишлоқда жиҳод қилинглар”, деган чақириқларни айтган.

37 ёшли Юнусжон Абдужалиловнинг ўлдирилиши юзасидан тергов олиб борган милиция ходимлари ҳам қотиллик диний низолашув ортидан содир этилгани аниқланганини билдирган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Бақит Сейитовнинг айтишича, дин ишлари бўйича давлат комиссияси уч ой мобайнида Чубақ ҳожи Жалиловнинг Аҳмадийлар оқими тўғрисидаги маърузаларини теологик экспертизадан ўткизган ва бу маърузалар “ҳақиқатан ҳам диний низоларга чақириқ бўлган”, деган хулосага келган.

-Чубақ ҳожи Жалилов мана шу экспертиза хулосаси билан танишиш учун чақиртирилган. Агар у бу хулосага рози бўлмаса, унда махсус экспертлар комиссияси тузилиб, маъруза яна қайта экспертиза қилинади. Ҳозир у экспертиза хулосаси билан танишиб, унга ўз муносабатини билдириши лозим, бошқа ҳеч қандай масала йўқ, -деди Бақит Сейитов.

Расмий маълумотларга қараганда, Қирғизистонда Аҳмадийлар жамоасининг мингга яқин аъзоси бор.

Аҳмадия оқимига XIX аср охирларида Мирза Ғулом Аҳмад томонидан Ҳиндистонда асос солинган. Аҳмадийлар суний мазҳабидаги барча фарз ва суннатларга амал қиладилар, лекин бошқа мусулмонлардан фарқли ўлароқ Исо пайғамбарнинг ўлганига аниқ ишонадилар ҳамда оқим асосчиси Мирза Ғулом Аҳмадни Имом Маҳди, яъни Исо пайғамбарнинг ўрнига келган қутқарувчи сифатида тан оладилар. Бунинг ортидан Аҳмадия жамоаси бир қатор мусулмон давлатларда, жумладан, Покистонда қонунан мусулмон бўлмаган жамоа, сифатида кўрилади. Саудия Арабистонидаги махсус қонун билан Ахмадийларнинг ҳаж қилиши ва Макка-Мадинага киритилиши тақиқланган.

Маълумотларда, бугунги кунда дунёда ўзларини мусулмон, деб ҳисобловчи Аҳмадийлар жамоаси аъзолари сони 10 миллиондан 20 миллионгача деб айтилади. Аҳмадийлар жамоаси Халифа ва маҳаллий амирлар, марказлашган диний ва маъмурий кенгашлар томонидан бошқарилади.

Мирза Масрур Аҳмад Аҳмадийларнинг бешинчи Халифаси бўлиб, унинг идораси Лондонда жойлашган.

XS
SM
MD
LG