Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:23

Қирғизистонда ҳибсда қолаётган ўзбекистонлик милиционерга жиноят иши очилди


2012 йилда Кососнсой сув омбори ҳудудида аксилтеррор ўқув машғулотлари ўтказилган эди. суратда қирғиз ҳарбийлари машғулот пайтида, 2012 йил, 31 октябрь.
2012 йилда Кососнсой сув омбори ҳудудида аксилтеррор ўқув машғулотлари ўтказилган эди. суратда қирғиз ҳарбийлари машғулот пайтида, 2012 йил, 31 октябрь.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Жениш Раззаков ўзбекистонлик милиционер Қирғизистонда 13 августдан бери ҳибсда сақланаётгани тўғрисидаги хабарни расман тасдиқлади. 18 август куни Озодлик радиоси ўз манбасига таянган ҳолда Косонсой туман Ички ишлар бўлими ходими Косонсой сув омбори ҳудудида қўлга олингани тўғрисида хабар берган, бироқ қирғиз расмийлари бу хабарни расман тасдиқлашга шошилмаётган эди.

Пайшанба куни кечқурун Озодлик радиоси қирғиз хизмати саволларига жавоб берган Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Жениш Раззаков беш кун аввал Косонсой сув омбори ҳудудидаўзбекистонлик милиция ходими қўлга олингани тўғрисидаги хабарни расман тасдиқлади:

-Ўша ерда қирғиз милиционерлари ўзбек милиционерини қуроли билан қўлга туширган.Бу воқеа юзасидан бугунги кунда жиноят иши очилиб, тергов амалиёти олиб борилмоқда, - деди Жениш Раззаков.

Озодлик радиосининг Қирғизистон Ички ишлар вазирлигидаги манбаси пайшанба куни қўлга олинган ўзбекистонлик Олабуқа туман тергов изоляторида сақланаётгани ва уни Ўзбекистонга қайтариш бўйича музокаралар олиб борилаётганини айтган эди.

Бироқ Жениш Раззаков ўз интервьюсида бу масалага тўхталмади ва тергов якунланганидан сўнг аниқ хулосалар қилинишини таъкидлади.

17 август куни Ўзбекистон матбуоти “ўз ишончли манбаларига таянган ҳолда” қирғиз спецназчилари 13 август куни Косонсой сув омбори ҳудудига бостириб кирмоқчи бўлгани, уни қўриқлаётган ўзбек милиционерларига қурол билан таҳдид қилгани ва провакация уюштириб, бир косонсойлик милиционерни ўзлари билан олиб кетгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари ўзбек матбуотида тарқатилган хабарларни “ёлғон”, деб атади.

-Ўзбекистон томоннинг айтганлари тўғри эмас. Ўзбек милиционери Қирғизистон ҳудудига қурол билан ўтганидан сўнг қўлга тушган. Шундан сўнг Ўзбекистон томони мана шундай нотўғри маълумотни тарқатди, деб ҳисоблайман, -деди Жениш Раззаков.

Озодлик мухбири бўлиб ўтган воқеага муносабатни билиш учун учун Наманган вилоят Ички ишлар бошқармаси ва Косонсой туман Ички ишлар бошқармасига ҳам мурожаат қилди. Бироқ мазкур икки идора расмийлари бу борада ҳеч қандай маълумот берилмаслигини айтдилар.

Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистонда Косонсой, Қирғизистонда Ўртатўқай сув омбори деб аталадиган объектдан Шўролар давридан бери Ўзбекистон фойдаланиб келади. Қирғизистон сув омбори ва унинг атрофидаги ҳудуд ўзига тегишли эканини билдирган. Косонсой сув омбори атрофидаги жойлар қирғиз ҳарбийлари томонидан назорат қилинса-да, сув омборини қўрқилаш ўзбек милицияси зиммасидадир.

Қирғизистон томони ўзбек милиционери Косонсой сув омборини қўриқлаш учун ўзбек милиционерларига ажратилган ҳудуддан чиқиб, қирғиз чегарасини ноқонуний босиб ўтганликда айбланиб қўлга олинганини билдирмоқда.

Айни пайтда Тошкент Косонсой сув омбори Ўзбекистонга тегишли эканини, бу объект тўлиғича Тошкент ихтиёрига ўтказилиши шартлигини талаб қилиб келади.

XS
SM
MD
LG