Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:50

Москвада 5 ўзбек ошпази полиция ва суд томонидан таҳқирланганини иддао қилди


Муҳожирларнинг полиция бўлимига асоссиз келтирилиши одатий ҳолга айланди
Муҳожирларнинг полиция бўлимига асоссиз келтирилиши одатий ҳолга айланди

Беш нафар Ўзбекистон ватандошининг даъво қилишича, улар шу кунларда Москванинг Митино туманида беш полиция ва суд ходимлари зўравонлигига учради. Москвадаги “Тонг Жаҳони” нодавлат нотижорат ташкилоти пора беришни истамаган муҳожирларни ўз ҳимоясига олди.

Айбсиз айбдор қилинган муҳожирлар

Москванинг Митино туманида жойлашган кафеларнинг бирида асосан ўзбек таомлари пиширилади, кафе хизматчиларининг деярли 90 фоизи Ўзбекистон ватандошларидан иборат.

Бир неча кун олдин улар ўз исмларини ошкор этмаслик ва овозларини ёзиб олмаслик шарти билан Москва полиция ва суд ходимлари зўравонликларига йўлиққани гапириб беришди. (Митино полиция бўлимига келтирилган ўзбекистонлик ишчилар исми-шарифлари таҳририятга маълум.-таҳр.)

Ўзбекистонлик йигитлардан бирининг Озодликка айтишича, ўтган шанба куни ўзбекистонликлар ишлаётган ошхонага ўзини таништирмаган полиция участка нозири бостириб кириб, барча муҳожирларнинг ҳужжатларини бирма-бир текширувдан ўтказган.

Унинг илова қилишича, ҳеч қандай камчилик топмаган полициячи гапнинг индаллосига ўтади – у муҳожирлардан очиқчасига пора талаб қилади.

Рад жавоб олгандан сўнг, полиция ходими беш нафар ўзбекистонликни Митино ички ишлар бўлимига олиб кетади.

Полиция қайдига олинмаган ўзбек ишчилари Митино ички ишлар бўлимидаги 309 кабинетда бир кеча кундуздан кўпроқ ушлаб турилади.

Навбатчи полиция ходими муҳожирлар бўлимга келтирилгани ва асоссиз ушлаб турилгани ҳақида огоҳ этилмаган.

Муҳожирнинг сўзларига кўра, ҳибс давомида уларга бирор егулик берилмаган, ҳатто ҳожатхонага бир ярим суткада атиги икки маротаба чиқиб келишга изн берилган.

Муҳожирларнинг даъво қилишларича, уларга фақат ҳожатхонада сув ичишга рухсат берилган.

Душанба куни эрталаб бешовлон муҳожир Тушино туман судига олиб борилди.

Ўзбек муҳожирларининг қарийб 2 кун давомида таҳқирлангани суд ходимлари томонидан мутлақо инобатга олинмади.

Муҳожирлар озодликка чиқарилди

Кафе эгаларидан бири 5 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирини полиция ва суд чангалидан қутқазиш учун Москвадаги “Тонг Жаҳони” нодавлат нотижорат ташкилотига мурожаат қилди.

Судга зудлик билан етиб келган “Тонг Жаҳони” раҳбари Валентина Чупик полициячиларнинг муҳожирларга нисбатан "ноқонуний ҳатти-ҳаракати" юзасидан суд раисини огоҳлантиради.

- Муҳожирларни полиция бўлимида қарийб икки кеча кундуз аянчли шароитда ушлаб туришган. Уларга бирор кишига мурожаат қилиш икони ҳам берилмаган. Бунинг устига, уларни депортация қилиш учун Тушино туман судига келтиришган. Бу ҳодисада мени ларзага келтирган нарса - бу ҳакамнинг муҳожирларга бўлган муносабати бўлди! Ҳакам муҳожирларга куракка турмайдиган сўзларни айтиб, уларни депортация қилишга оид қарор чиқаришини айтган. Муҳожирлар ҳимоясига айтган гапларим ҳакамга таъсир қилмаганидан сўнг, мен президент идораси қошидаги Инсон ҳуқуқлари Кенгаши аъзоси Андрей Бабушкинга мурожаат қилдим. Фақат у киши аралашувидан сўнг ўзбекистонликлар қўйиб юборилди, деди Валентина Чупик.

Полиция ва суд ходимлари зўравонлигидан қутилган беш ўзбекистонликдан 3 нафари полиция ходимларининг кейинги босимидан қўрқиб, кафедаги ишдан воз кечишганини билдирди.

Валентина Чупик озодликка чиқарилган ўзбек мигрантларининг ҳозирда қаерга кетганини билмаслигини айтди.

Кузатувчилар охирги ой давомида Россиянинг марказий минтақаларида айниқса хориж мигрантлари “зачисткалари” ва “рейдлари” авж олганидан ҳам хавотир билдирмоқда.

Куни кеча Москвада йўл полициясига қилинган чечен миллатига мансуб шахсларнинг ҳужумидан кейин юзлаб меҳнат муҳожири пойтахт полиция бўлимларига “ҳужжат текшириш” важи билан келтирилгани маълум.

XS
SM
MD
LG