Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:40

Олимпиада якунланди. Ўзбекистон 21-ўринда


Ҳасанбой Дўстматов Олимпиадада ғолиб деб эълон қилинаётган пайт.
Ҳасанбой Дўстматов Олимпиадада ғолиб деб эълон қилинаётган пайт.

Ўзбекистон терма жамоаси Бразилия Олимпиадасида жами 13та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида Олимпиадада медалларга сазовор бўлган 87 давлат орасида 21-ўринни эгаллади. 5 августдан 21 августгача давом этган Рио-де-Жанейродаги XXXI Ёзги Олимпиада ўйинларида Ўзбекистонга энг кўп медални совға қилганлар ўзбек боксчилари бўлди. Аввалги Олимпиадаларда Ўзбекистон спортчилари бунчалик кўп миқдорда медаль олишга муваффақ бўлмаган эди.

Ўзбекистон жамоасига энг кўп медални боксчилар олиб келди

Ўзбекистон терма жамоаси сазовор бўлган 13 медалдан 4таси олтин, 2 таси кумуш ва 7таси бронзадир.

Олимпиадада олтин медалларни боксчилар Ҳасанбой Дўстматов, Фазлиддин Ғоибназаров, Шаҳобиддин Зоиров ҳамда105 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги оғир атлетикачилар мусобақасида ўзбекистонлик штангачи Руслан Нуриддинов қўлга киритди.

2та кумуш медаль боксчилар Бектемир Мелиқўзиев ва Шаҳром Ғиёсовга насиб қилди.

7та бронза медалга курашчилар Ихтиёр Наврўзов, Магомед Ибрагимов, Елмурат Тасмурадов, дзюдочилар Ришод Собиров, Диёрбек Ўрозбоев ҳамда боксчилар Рустам Тўлаганов ва Муроджон Ахмадалиев сазовор бўлди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон терма жамоасини энг кўп медаллар билан бойитганлар боксчилар бўлди. Боксчилар ҳисобида 3 олтин, 2 кумуш ва 2та бронза, жами 7та медаль бор.

Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон Олимпиадада медал олган 87 давлат рўйхатида 21 – ўринни эгаллади.Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон Қозоғистон, Швейцария, Дания, Швеция, Украина, Бельгия, Польша каби давлатларни ҳам ортда қолдирди.

Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон 17 медальни қўлга киритган, улардан 3таси олтин. Бу билан Қозоғистон умумжамоа ҳисобида Ўзбекистондан кейинги 22- ўринни эгаллади. Ҳисобида 1та олтин медаль бўлган Тожикистон умумжамоа ҳисобида 58-ўринда қайд этилди.

Қирғизистон ҳисобида оғир атлетикачси Иззат Артиков эга бўлган 1та кумуш медаль бор эди. Бироқ унинг қонидан допинг топилгани ортидан Қирғизистон мазкур медалдан ҳам маҳрум бўлди.

Умумжамоа ҳисобидаги биринчи бешликни 46 олтин, 37 кумуш, 38 бронза, жами 121 медаль билан АҚШ эгаллади. Ундан кеинги тўрт ўрин Британия, Хитой,Россия ва Германияга насиб қилди.

Ўзбекистон жамоаси2012 йилдаги Лондон Олимпиадасида битта олтин, учта бронза медал билан 47-ўринни эгаллаганди.

Ўзбекистон жамоаси 2008 йилги Бейжин Олимпиадасидан битта олтин, иккита кумуш ва учта бронза, жами 6 медали билан қайтган эди.

Олимпиаданинг сўнгги кунида ўзбек курашчиси ғалабаси монголияликларнинг норозилигига сабаб бўлди

Олимпиаданинг сўнгги кунида ўзбекистонлик эркин курашчилар Ихтиёр Наврўзов ва Магомед Ибрагимов бронза медалларга сазовор бўлди.

65 кило вазн тоифасида учинчи ўрин учун мусобақада Ихтиёр Наврўзов монголиялик курашчи Махдангаран Ганзориг билан беллашди. Монгол спортчиси мусобақанинг деярли охиригача ғолибликни қўлдан бермади ва 7:6 ҳисобидаолдинда бораётган эди. Бироқ курашнинг сўнгги сонияларида монголиялик спортчи белгиланган чизиқдан чиқиб кетгани оқибатида ҳақамлар бронза медални Ихтиёр Наврўзовга беришга қарор қилди.

Ҳакамларнинг бундай қароридан норози бўлган монгол тренерлари норозиликларини ифодалаш мақсадида кийимларини ечиб, яланғоч ҳолда кураш гилами олдида турдилар. Олимпиада хавфсизлик хизмати монгол тренерларини майдондан олиб чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Магомед Ибрагимов эса 95 кило вазн тоифасида Лондон Олимпиадасида кумуш медални қўлга киртиган украиналик Валерий Андрейцевни енгиб, Ўзбекистон учун еттинчи бронза медални қўлга киритди.

Бразилиядаги Олимпиадада Ўзбекистонга биринчи олтин медални олиб келган 23 ёшли боксчи Ҳасанбой Дўстматов профессионал боксга ўтмоқда.

Ўзбекистонга биринчи олтин медални олиб келган Ҳасанбой Дўстматов профессионал боксга ўтди

Ўзбекистон маҳаллий матбуотининг хабар беришича, Ҳасанбой Дўстматов Жанубий Африканинг Golden Gloves промоутер ширкати билан шартнома имзолади.

Ширкат раҳбари Родни Берман Дўстматовни “кенг қамровли боксчи”, деб атаб, у жаҳон бокс юлдузлари даражасига кўтарила олишига ишонч билдирди.

Берманнинг айтишича, Дўстматов профессионал рингдаги биринчи жанггини Жанубий Африкада ўткизади. 2017 йилда у яна уч марта рингга чиқади.

Ҳасанбой Дўстматов Ўзбекистон тарихида 2000 йилда Сидней Олимпиадасида чемпион бўлган Муҳаммадқодир Абдуллаевдан кейин иккинчи бўлиб олтин медални қўлга киритган боксчи бўлди.

XS
SM
MD
LG