Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2 сентябрь тонгида тарқатган хабарга кўра, президент Ислом Каримовнинг "соғлиги бирданига ёмонлашди".
Вазирлар маҳкамаси шикофорларга таяниб президент вазиятини "ўта оғир" дея баҳолади.
"Азиз ватандошлар, чуқур қайғу билан шуни маълум қиламизки, ўтган суткада Президентимизнинг соғлиги бирданига ёмонлашди ва шифокорлар вазиятни ўта оғир деб баҳоламоқда", - дейилади хабарда.
Ўзбекистондаги барча марказий газеталар президент соғлигига оид Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси мазкур хабарини нашр қилди.
Тошкентдаги Озодлик мобил мухбирининг хабар беришича, пойтахт кўчаларидан барча байроқлар олиб ташланди.
Озодлик манбаларига кўра, 2 сентябрь куни эрталабдан ҳар бир вилоятдан "махсус қўриқчилар" етакчилигида автобусларда 12-15 киидан иборат оқсоқоллар гуруҳи Самарқандга йўл олган.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 28 август куни эълон қилган баëнотда президент Ислом Каримовнинг бетоблиги боис "стационар даволанишда" эканини билдирган эди.
Вазирлар Маҳкамаси президентнинг қандай беморликдан даволанаётганига тўхталмаганди.
Бироқ мазкур хабардан бир кун ўтиб Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева Instagram ва Facebook саҳифаси орқали отасининг мияга қон қуйилиш ташхиси билан реанимацияга ётқизилганини билдирди.
Вазирлар Маҳкамаси бу галги ахборотида "ўтган шанба куни инсульт касаллиги билан даволанишга ётқизилган"и ҳақида аввал хабар қилганини урғулаган.
Вазирлар маҳкамаси ахбороти Ислом Каримовнинг вафот этгани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалган бир пайтга тўғри келмоқда.
Озодлик 1 сентябрь тушликдан кейин Каримовнинг она шаҳри Самарқандда марказий кўчалар беркитилгани ва тарихий Шоҳи Зинда мақбараси атрофида қурилиш ишлари олиб борилаётгани ҳақирда хабар тарқатганди.
Шунингдек, Самарқанднинг "Чордара" масжидида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани кузатилди.
Озодликнинг мобиль мухбирлари Самарқанд шаҳрида 1 сентябрь куни тушдан кейин кучли милиция нарядлари пайдо бўлгани ҳақида маълум қилди.